10 йил қўлга тушмаган жиноятчи: АҚШ тарихидаги энг машҳур сохта пул ясовчи нега фақат 1 долларлик пуллар ясаганди?
1948 йилда АҚШ махфий хизмат ходимлари 10 йилдан буён тутқич бермай келаётган сохта пул ясовчи шахснинг уйини топиб боришади. Ичкарига киришганда уларни кекса ёшдаги киши кутиб олади. Маълум бўлишича фақат 1 долларлик банкнотлардан иборат бўлган сохта пулларни ёши 72 да бўлган шу чол тайёрлаб келаётган экан.
Бугун АҚШ доллари дунёда сохталари энг кўп ишлаб чиқариладиган бешта валютадан бири ҳисобланади. АҚШ долларини унинг қоғоз кўринишидаги нусхаси пайдо бўлгандан буён сохталарини чиқариб келишади. Ҳатто аслидан унча фарқ қилмайдиган ясама долларлар ҳам бор.
Ҳисоботларга кўра долларнинг сохталарини Американинг ўзидан кўра дунёнинг бошқа давлатларида кўпроқ ясашади. Айниқса долларнинг қиймати анча юқори бўлган, 100 долларлик пулга жуда кўп нарса сотиб олса бўладиган давлатларда доллар кўпроқ сохталаштирилади.
2021 йилда Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида миллион долларга яқин сохта пуллар ёқиб юборилди. Маълум қилинишича, 2020 йилда ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари Алматида 293 минг сохта долларни муомалага киритаётган шахсни ушлашади.
Унинг уйи кўздан кечирилганда доллар чоп этиш учун махсус қоғоз, ускуналар ва ярим миллион доллардан ошиқроқ сохта пуллар топилади. Ҳисоблаб кўрилганда ундаги сохта пул қўлга тушганда олинганларини ҳам қўшганда жами 975 минг чиқади. Суд унга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.
АҚШда қўлга тушган сохта пул ясовчилар орасида энг машҳури Эмерих Юттнер ҳисобланади.
Бу инсон унча кўп миқдорда сохта пул ясамаган, ўз эҳтиёжларига ишлатиш учун фақат 1 долларлик банкнот ясаган. ФҚБ ходимлари уни 10 йил қидиришган. Юттнер қўлга тушгандан сўнг машҳур бўлиб кетган ва у ҳақда филм ишлашган.
Австриялик муҳожир
Эмерих Юттнер 1876 йилда Австрияда туғилади. 1890 йилда 14 ёшида у Америкага боради ва Нью-Йорк шаҳрида яшай бошлайди. Юттнер ёшлигида тирикчилик учун кўп ишларни қилиб кўради.
Аввалига у фотографликка қизиқади ва эскироқ фотоаппарат ҳам сотиб олади. Бироз ўтиб дераза пардаларини ясаб ҳам кўради, аммо ўхшамайди.
1902 йилда Юттнер уйланади ва тез орада ўғли туғилади. ХХ аср бошларида АҚШ ҳали дунёнинг энг ривожланган ва бой давлати эмасди. Бу давлатда яшовчи камбағал ёки ўртаҳол муҳожирларнинг яхши маошли иш топиши ёки ижарага уй олиши қийин эди. Шахсий уй ҳақида эса гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Шу сабабли Юттнер ҳам оиласини амаллаб боқади.
У аввалига Манхеттендаги кўп қаватли уйга хизмат кўрсатувчи фирмада ишлайди ва корхона унга ўша уйнинг ертўласида яшаш имкониятини беради.
АҚШда 1918 йилда АҚШда миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган «Испан гриппи» вируси тарқалади. Ўша йили Юттнер қиз фарзандли бўлади ва бироз ўтиб хотини вирусдан вафот этади. Шундан сўнг Юттнер икки нафар фарзанди билан қолади ва чиқинди йиғувчи компанияда ишлай бошлайди.
1928-1933 йилларда АҚШда мисли кўрилмаган иқтисодий инқироз содир бўлади. Бу инқироз туфайли кўплаб компаниялар банкрот бўлади ва ишчиларини бўшатиб юборади. Оқибатда миллионлаб одамлар ўз ишидан айрилади.
Иқтисодий инқироз асоратлари 1930-йилларнинг иккинчи ярмигача таъсир қилади ва ўша йилларда Юттнер ҳам зўрға жон сақлайди.
1937 йилда 61 ёшли Юттнерни ишдан бўшатишади ва у қийин аҳволга тушиб қолади. Бу пайтга келиб у алоҳида яшарди.
Шундан сўнг Юттнер шаҳар четидаги чиқиндихоналардан ташландиқ буюмларни йиғиб қайта сота бошлайди. Аммо тез кунда бу иш 61 ёшли қария учун оғирлик қилиши аён бўлади. Шундан сўнг Юттнер сохта пул ясашга қарор қилади.
Сохта пул ясашнинг бошланиши
1938 йилда Юттнер 1 долларлик банкнотни расмга туширади ва пулнинг икки томонидаги тасвирларни кислота ёрдамида қолипларга ўтказади. Сўнг қолипларни ўйиб пулнинг нақшини туширади ва унинг сохталарини тайёрлай бошлайди. Юттнер пулларни оддий идора қоғозига босади.
У аввалига бир нечта 1 долларлик банкнотларни ясайди ва уларни сотувчиларга осонгина ўтказади. Юттнер биринчи ҳафтада 15 доллар сохта пулларга турли дўконлардан нарса харид қилади. Банкнотларнинг сохталигини ҳеч бир сотувчи сезмайди.
Юттнер қилаётган иши учун қамоққа тушишини биларди. Шу сабабли у нафсига эрк бермайди ва ҳар ҳафта рўзғор эҳтиёжи учун етадиган даражада 10-15 дона сохта 1 долларлик пул ясайди.
Юттнер қолипларни тайёрлаётганида нақшларни аниқ қилиб ўя олмайди. Шу сабабли у ясаётган сохта пуллар жуда сифатсиз чиқади. Юттнер ҳатто ёзувларни ҳам хато ёзади. Жумладан, Washington сўзини Wahsington деб ёзиб юборади. (1 долларликда АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтоннинг сурати бор)
1938 йилда Манҳеттендаги оддий дўконлардан бирининг кассири дўкон эгаси томонидан ўзига берилган иш ҳақини санаётиб ғалатироқ кўринишдаги 1 долларликни пайқаб қолади.
Шундан сўнг у АҚШ махфий хизматига мурожаат қилади ва пулни уларга топширади. Махфий хизмат ходимлари сохта 1 долларликни кўриб ҳайрон бўлишади.
Сохта пул оддий идора қоғозига босилган ва ундаги ёзувлар ҳақиқий пулдагидан фарқ қиладиган даражада қийшиқ эди. Пулда тасвирланган Вашингтон ҳақиқий Вашингтондан фарқ қилар, бунинг устига унинг фамилияси ҳам хато ёзилганди.
Полициячиларни яна бир ҳайрон қолдирган ҳолат сохта пул ясовчи нега йирик банкнотларни эмас, арзимаган 1 долларлик пулнинг сохтасини тайёрлаяпти?
Махфий хизмат бўлими томонидан сохта пул тайёрланиши бўйича 880-рақамли жиноят иши қўзғатилади. Аммо сохта пул ясовчи шахсни қидириб топиш мушкул иш эди.
Ўша пайтларда яқинда иқтисодий инқироздан чиққан АҚШ фуқароларида катта қийматдаги банкнотлар кам эди ва одамлар асосан майда пуллардан фойдаланишарди.
Айниқса 1 долларлик банкнот энг кўп тарқалган пул эди. Дўкондорлар одамлар бераётган ҳар бир долларни синчиклаб текшириб ўтирмасди. Шу сабабли Юттнер турли дўконларга кириб сохта пул берганда ҳеч ким ундан шубҳаланмасди.
Қолаверса, кекса ёшдаги одам сохта пул чиқариши мумкин деб деб ҳеч ким ўйламасди. Бунинг устига, гарчи Юттнер ясаган сохта пулларнинг сифати ёмон бўлса ҳам, улар эскириб кетган ҳақиқий банкнотлардан унча фарқ қилмасди.
Шунингдек, ўша пайтларда ҳали банкларда сохта пулларни аниқлайдиган ускуналар йўқ, банк ходимлари вақтини йўқотиб кўп миқдордаги пуллар орасидан сохталарини қидириб юрмасди.
Қизиқишлар ортидан ишга қаттиқ киришган махфий хизмат ходимларининг қўлига бир ойда 40 дона сохта 1 долларлик келиб тушади. Бир йилда эса 585 дона сохта 1 долларлик пуллар муомалада юргани аниқланади.
Шундан сўнг махфий хизмат ходимлари сохта пул ясашда гумон қилиб бир неча кишини ушлашади. Аммо сохта 1 долларликни уларнинг ҳеч бири ясамагани маълум бўлади.
1947 йилга келиб махфий хизмат ходимларининг қўлига келиб тушган сохта 1 долларликнинг сони 7 минг донадан ошиб кетади. Аммо уларни ясаётган одам ҳали ҳам топилмаганди.
Юттнернинг фош бўлиши
1948 йилда Юттнер яшаётган кўп қаватли уйда, қўшнисиникида ёнғин содир бўлади. Ёнғин Юттнер яшайдиган квартирага ҳам ўтади. Ёнғин ўчириш ходимлари Юттнернинг уйидаги зарур буюмларини ва кийимларини ёнғиндан асраш учун пастга улоқтиради.
Ана шунда ўт ўчирувчилар Юттнернинг буюмлари билан бирга у тайёрлаб қўйган сохта пуллар ва иккита қолипни ҳам пастга отишади.
Ёнғин ўчирилгач Юттнер буюмларини уйга олиб киради. Аммо сохта пуллар, қолиплар бироз аввал ёққан қор остида қолиб кетади.
Бир неча кундан сўнг қорлар эригач кўчада ўйнаб юрган болалар нам тортиб бўёқлари сувалиб қолган сохта пулларни ва қолипларни топиб олишади.
Болалардан бирининг отаси ўғли кўтариб келган пулни кўриб, уни полицияга олиб боради. Полициячилар махфий хизматга чиқишади.
Махфий хизмат ходимлари ёнғин бўлган уйдаги квартираларни текшира бошлашади. Охир-оқибат сохта пул ясалган квартирани топиб киришганда у ерда 72 ёшли чол уларга кулимсираб қараб турганди.
Юттнер қўлга олинади ва унга учта – сохта пул ясовчи ускуна ҳамда сохта пул ясаш ва уларни муомалага киритиш бўйича айблов эълон қилинади.
Судда Юттнер ҳеч кимга бир доллардан ошиқ пул бермаганини ва жабрланувчилар унинг ноқонуний иши ортидан фақат бир доллар зарар кўрганини айтади.
Суд Юттнерга бир йил бир ой қамоқ жазоси беради. Судья Юттнерни сохта пулларни бойиб кетиш учун эмас, балки ўз эҳтиёжлари учун кам миқдорда ишлаб чиқарганини, унинг ёши кексалигини (ўша пайтда Юттнер 72 ёшда эди) инобатга олади.
Юттнер қамоқхонада тўрт ой ўтиргач уни озод қилишади. У 1955 йилда 79 ёшида вафот этади. Юттнер АҚШ тарихида энг муваффақиятли ишлаган ва узоқ йиллар давомида қўлга тушмаган сохта пул ясовчи сифатида қайд этилади.
Юттнер ҳақида филм
1949 йилда Нью-Йоркда чоп этиладиган The New Yorker ҳафталигида криминал хабарлар чоп этиб келган журналистдан бири Сент-Клер Маккелвей Юттнернинг сохта пул ясагани ва жазоланганлари тафсилотини эшитиб қолади. Шундан сўнг у газетада бу ҳақда хабар чиқаради.
Газетадан ўзи ҳақидаги хабарни ўқиган Юттнер журналистни қидириб топиб боради ва унга бошидан ўтказган воқеалар сюжетини сотиб олишни таклиф қилади.
Сент-Клер Маккелвей Юттнердан сюжетни мўмай пулга сотади. Ўз навбатида журналист Юттнерга сарфлаган пулини чиқариб олиш учун унинг ҳаёти ҳақида асар ёзиб чоп эттиради. Annals of Crime (Жиноятчилик хроникаси) деб номланган асар комик услубида ёзилган эди.
1950 йилда Сент-Клер Маккелвейнинг асари асосида Ҳолливудда «Мистер 880» (880 – Юттнер қўлга тушганда унга нисбатан очилган жиноят ишининг рақами) номли филм суратга олинади. Филмда бош ролни британиялик таниқли актёр Эдмунд Гвенн ўйнайди.
Филм «Олтин глобус» мукофотини қўлга киритади ва кино оламидаги энг нуфузли соврин бўлган «Оскар» мукофотига номзод сифатида танлаб олинади. Мазкур филм гарчи «Оскар»ни қўлга кирита олмаган бўлса-да, у томошабинлар томонидан яхши қабул қилинади.
Филм 20th Century Fox кинокомпанияси томонидан суратга олинган бўлиб, ўша пайтда ўз ижодкорларига қарийб икки миллион доллар ишлаб беради.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
22:10 / 23.12.2024
АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
18:12 / 23.12.2024
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
17:17 / 23.12.2024