Спорт | 12:10 / 09.12.2022
28717
7 дақиқада ўқилади

Мундиал эртаги. Бизни кутаётган чиройли якунлар ҳақида

Бугун Қатардаги жаҳон чемпионатида чоракфинал баҳслари старт олади. Дастлаб Хорватия Бразилия билан, кейин Нидерландия Аргентина билан яримфинал йўлланмаси учун кураш олиб боради.

Фото: Спорт-Экспресс

Навбатдаги жаҳон чемпионати ҳам ҳал қилувчи паллага кириб келди. Бошқаларга билмадим-у, менда бу сафар илгари кузатилмаган ҳиссиёт бор – турнирда қолган ҳар қандай жамоанинг чемпионлиги хурсанд қиладигандек.

Сабаби ҳам маълум, қизиқ ҳам, деярли ҳар бир жамоанинг ўзига хос ҳикояси борки, балки аввалги мундиалларда кузатилмаган – ҳар қандай якун қандайдир ижобий ҳиссиёт тарқатади гўё.

Масалан, Португалия ва Аргентина. Шу маънода бу жамоалар ўхшашки, ҳар иккисининг таркибида уникал футболчи, балким футбол тарихида энг яхши ўйинчиси тўп суради.

Хўш, нима бўпти, биринчи марта эмас-ку? Бунинг устига ҳар иккиси ҳам энг юқори чўққидан пасайиб бўлишган.

Фото: Дмитрий Голубович, «ЧЕМПИОНАТ»

Ҳамма гап шунда-да, аслида. Катта эҳтимол билан Месси учун ҳам, Роналду учун ҳам бу мундиал охиргиси бўлади. Демак, бир катта бир ҳикоянинг охирида, энг муҳим саволнинг жавоби остонасида турибмиз: Роналду фаолиятида жаҳон чемпиони бўлган футболчи сифатида тарихга кирадими? Ёки Месси?

Биласизми, бу ҳатто Аргентина ёки Португалиянинг чемпионлиги масаласидан ҳам каттароқ. Қайсидир давр оралиғида бу жамоаларнинг чемпион бўлиш ёки бўлмасликлари умуман футбол учун муҳим аҳамиятга эга эмас, бунинг устига, бу давлатларда қандайдир олтин авлод етишдимики, биз бу авлоднинг чемпион бўлиши ёки бўлмаслиги қизиқтирса. Йўқ. Иккиси ҳам доимги Аргентина, одатий Португалия. Шунчаки каттароқ савол бор – футбол тарихида энг катта номга лойиқ кўриладиган бу футболчилар Пеле, Марадона каби қироллар каби дунё шоҳсупасини эгаллай олишадими?

Фото: Дмитрий Голубович, «ЧЕМПИОНАТ»

Албатта, бу соврин икки футболчининг буюклигига соя солмайди, қўшиламан, лекин ҳар қандай сюжет каби, бош қаҳрамоннинг фильм давомидаги жасорати қай тариқа якун топиши доимо энг қизиқ ва муҳим масалалардан бири бўлган, шундай эмасми?

Ҳа, катта ибтидони кутмоқдамиз, аммо не бахтки бу масала биз гувоҳи бўлаётган мундиалнинг ягона сюжети эмас. Юқорида айтганимдек, жуда кўп ўлчамли бир асар қаршисида турибмизки, ҳар бири алоҳида гўзал ҳикоя.

Англия миллий жамоасини олинг. Ўтган асрнинг 60-йилларидаги ғалабани соғинган инглизлар ўттиз йил ўтиб, ўз майдонига барчани чақириб Европа чемпионатини ўтказади ва пеналтилар сериясида немисларга ютқазиб қўяди. Ягона урилмаган пеналти ижрочиси, ўша кеча антиқаҳрамони – Гарет Саутгэйт. Узоқ йиллар омадсиз тамғасини ташиган мураббий неча йилки турли танқидлар остида шогирдларини жаҳон чемпионига айлантиради. Қалай? Бу ҳам гўзал, тўғрими?

Нафақат Саутгейт, умуман инглизлар жамоаси ўзини исботлаш керак бўлган омадсизларга тўлиб-тошгандек... Англия ва АПЛ рекордчиси бўлса-да, совринсиз бўлгани доим масхара қилинадиган Ҳарри Кейн, шунчаки исми Ҳарри Магуайр бўлганининг ўзи ҳам танқидлар учун етарли бўлган Магуайр... Қандай тўп сурмасин, жиддий қабул қилинмайдиган Стерлинг ва Стоунз. Ўтган йилги Евро финалида устозининг тақдирини такрорлаган ва турли ирқий ҳақоратлар остида қолган, ҳозир эса, мундиалда инглизлар сафида энг кўп гол муаллифи бўлиб турган футболчилар – Сака ва Рэшфорд. Уларнинг ғолиб ҳолда, севинч оғушида кўришни исташ учун ҳатто футбол мухлиси бўлиш ҳам шарт эмас, нима дедингиз?

Франциянинг ғалабаси том маънода ғолиблар ҳикояси бўларди, назаримда. Қаторасига икки марта чемпионлик. Бундай шарафга охирги марта ўша Пеле даврида Бразилия терма жамоаси эришган. Қиролнинг Мбаппе билан қиёсларини ҳам эсласак, яна бир ажойиб параллел. Дидье Дешам эса, 1998 йилда футболчи сифатида ҳам жаҳон чемпиони бўлганди. Бразилиялик бўлмаганлар ичида жаҳон кубогини боши узра уч марта кўтарган илк инсон бўлади.

Месси ва Роналду даврида тўп сурган энг иқтидорли, энг кучли футболчи ким деб ўйлайсиз? Менинг назаримда бу – Неймар. Кўп жабҳада юқоридаги икки ном билан баҳслаша оладиган ушбу футболчи характеридаги айрим камчиликлар туфайли ўша чўққига чиқа олмаган бўлиши мумкин. Аммо сўнгги мавсумларда том маънода энг яхшилардек тўп сураётган, фақат нотўғри даврда туғилгани учун ҳам «Олтин тўп» соҳиблари руйхатига туша олмаган Неймар шериклари билан мундиал қаҳрамонига айланиши жуда таъсирли сценарий бўларди, балким. Ахир шундай истеъдод футбол тарихида фақат хотираларда қолиши инсофдан эмас, қоғозларда ҳам унинг исми олтин ҳарфларда акс этиши шарт.

Фото: FRANCOIS NEL/GETTY IMAGES

Луи ван Гаал баҳорда Нидерландия телевидениесидаги шоуга келади ва бутун футбол оламини шокка туширадиган хабарни айтади – у анчадан бери простата раки билан курашиб келаётган экан. Қизиғи, бу ҳақида на жамоатчилик, на футболчилар билган. Ўзига яраша тентак фалсафаси билан ном чиқарган Луи балким ҳеч қачон айтмасди ҳам, агар бу маълумот жамоасини янада жисплаштириши, кучлироқ қилишига ишонмаса...

Бу ҳикоянинг фонида гоҳ «Манчестер»га, гоҳ «Барселона»га керак бўлмай қолган Мемфис Депай ёки бир неча йил олдин юрагига жиҳоз қўйдириб, футболдан ҳам кетишга яқин бўлган Дейли Блинднинг сюжетлари шунчаки ёрдамчи, иккинчи даражали образлардек. Хўш, Нидерландия миллий жамоасини учинчи марта қабул қилган, юрти футболининг оғир дамида ўз оғир дардини унутган мураббий фаолияти сўнггида ватандошларига шу пайтгача насиб қилмаган жаҳон кубогини топширса, нақадар чиройли бўларди. Шунча маълумотдан кейин совринни ушлаб турган Луининг тасвири туширилган газета муқовасидан азимроғи бўлармикин яна футболда?

Хўш?

Ҳатто шу ергача келиши сюрприз бўлган Марокаш-у Хорватиянинг ютуғи янада улкан воқеълик, барчага бир ҳақиқатни – доим даъвогарлар санаганингиздан кўпроқ эканини англатиб қўймасмиди?

Агар бирор жамоанинг мухлиси бўлмасангиз ёки жамоангиз ютқазиб, чиқиб кетиб улгурган бўлса, хафа бўлманг, мундиал ҳали тугамади – ўзингизга ёққан ҳикоянинг ҳақиқатга айланиши учун мухлислик қилишингиз мумкин.

Эҳ, агар орзуларга қўйиб берсаг-у, ҳеч ким мағлуб бўлмаса!..

Мана, сизга шунча сюжет, шу қадар ҳикоя. Гўёки барча чизиқлар мундиалнинг қадрини янада юқорига кўтариш учун айнан мана шу онга тўплаб олиб келингандек.

Ҳа, бу мундиал мисоли эртак. Бизни яна нималар кутаётгани номаълум бўлса-да, хушхабарим бор – охири яхшилик билан тугаши аниқ.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид