Жамият | 12:08 / 09.12.2022
13674
8 дақиқада ўқилади

 “Ўртоқлари яккалаб қўйди. Бу касаллик юқумли эмас!” — боласига далда бериб, ўзи далдага муҳтож оналар

Она ҳар қандай вазиятда ҳам боласига далда бўлишга ўзида куч топа олади. Гарчи ўзи далдага муҳтож бўлса-да. Қанчалик оғир бўлмасин, ичи йиғлаб, устида табассум қилади. Чунки кўз ёшлари билан боласининг дардига малҳам бўлолмаслигини билади.

Фарзандига шифо истаб бор-будини, уй-жойи-ю, мол-мулкини сотади. Ейишга нони қолмаса бировдан сўрашга уяладиган инсонлар ҳам фарзанди учун оғир дамда саховатпешалардан кўмак истайди. 

“Эрим мендан яшириб кўп йиғлайди”

Дилором опанинг катта ўғли айни шижоати ичига сиғмайдиган, мактабни тамомлаб, мустақил ҳаётга илк қадамларни босадиган ёшда оғир дардга чалинди.

Синфдош ўртоқлари билан жисмоний тарбия институтига ўқишга кириш учун тайёргарлик кўраётган Фозил дарсларга боришга ҳам ўзида куч тополмай қолди.

“Болам оққоннинг оғир варианти билан оғриган экан. Дадаси Россияда эдилар. Хавотир олмасинлар деб аввалига уларга айтмадик. Учинчи марта химия олаётганда жим бўлиб қолди. Аҳволи оғирлашди. Қўрқиб кетдим.

Ташқарида амакиси бор эди. Чиқиб айтдим. Гапирмаяпти, энди нима қиламиз, деб йиғлаб юбордим. Бормаган жойимиз, қилмаган ишимиз қолмади. Докторлар дадасини чақиринг, кўриб зора аҳволи яхшиланса, дейишди. Кейин дадасини чақириб олдик.

Илик кўчириш керак, дейишяпти. Докторлар жуда бемалолсизлар, болани тезроқ операция қилдириш керак, деб уришишади. Нима қилайлик, пулимиз бўлса қилдирмасмидик?! Дадаси кунлик ишларга чиқиб келадилар.

Олиб келган пулларини қай бирига етказишни билмаймиз. Квартирагами, еб-ичишгами, боламнинг дори-дармонларигами... Эрим мендан яшириб йиғлайди. Болам ичига ютади. Ҳаммасини биламан, лекин нима қилай, уларнинг кўнглидан ўтаётганини мен ҳам ҳис қилиб турибман” - дейди Дилором опа хўрсиниб.

Фозил Назаровга оид маълумотлар:

Ҳумо: 9860 3501 0955 4039 онаси Дилором Ашурова номида

Манзил: Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, “Манғит” МФЙ, 11-уй.

“Туни билан нафасига қулоқ тутиб чиқаман”

Тақдир сабаб Зироат опа уч фарзанди билан турмушидан ажралди. Кенжатойи оққон касалининг оғир формасига чалинганини билганидан сўнг дунё кўзларига қоронғи кўринди. Фарзандига қўшилиб тушкунликка тушди.

Она экан, ўзини қўлга олиши кераклигини тушуниб, кучли бўлишга тиришди. Ичи йиғлаб турса ҳам, фарзанди учун кулишни ўрганди. Чунки тушкунликка тушганида боласининг аҳволи оғирлашишини тушунди.

“Боламнинг аҳволи оғирлашиб қолди. Худди комага тушгандек, юрмади, турмади, хонасидан чиқмади. 24 соат фақат “осма укол” оларди. Кечқурунлари шу даражада қўрққанимдан нафас оляптими деб нафасига қулоқ тутиб чиқардим.

Боғчаси уйимизга яқин. Ҳар куни болаларнинг боғчага боришини деразадан кузатиб туради. Мен ҳам қачон яна ўртоқларим билан боғчага бораман, деганида юракларим ўртаниб кетади.

Ҳамма кетганидан сўнг қоровулдан илтимос қилиб, боламни боғчага олиб кириб айлантириб чиқаман. Дўконларга киргиси келади, ўртоқлари билан ўйнагиси келади, лекин ўзи ҳам қўрқиб қолгани учун ҳеч ким йўқ пайтларигина кўчага олиб чиқинг, дейди. Бошқа вақтда ўзи ҳам қўрқади.

Чет элда операция қилдиришимиз керак. Лекин ўзим алимент билан кун кўраман. Ота-онам ҳам пенсияларини менга тутишади. Боламнинг дорилари учун урвоқ ҳам бўлмаса-да, шу пулни олаётганимдан ич-ичимдан хафа бўлиб кетаман”, - дейди Зироат опа.

Абдулжамил Абдуқаюмовга оид маълумотлар:

Узсард: 8600 0610 6803 5517 онаси Зироат Абдумажидова номида

Манзил: Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Қорасарой 1-уй.

“Мен ҳам тузалишни истайман!”

Болаларда сут тишларининг тушиши одатий ҳол. Аммо тиш тушганидан сўнг қон тўхтамаслиги табиий ҳолат эмас. Бундан хавотирланган Сабоҳат опа ўғлини докторга олиб борди. Лекин бу стоматологик касаллик эмас эди...

Тушган тиши ўрнидан оқаётган қонни тўхтатишганидан сўнг, Жавлоннинг бурни қонай бошлади. Икки кун давомида қон тўхтамади. Шифокорлар болакайнинг бурнига тампон қўйишди.

“Гематологияга олиб келганимизда боламнинг бурни йиринглаб кетган экан. Зудлик билан реанимацияга ётқизишди. Анализ натижаларида оққон эканлиги аниқланди.

Кураги, бели, кафтларига яралар тошиб кетди. Курагидаги ва кафтларидаги яралар дори-дармон билан кетди. Лекин белидагини кесишди. Бечора болам кечалари ухлолмай йиғлаб, ётиб ётолмай, туриб туролмай қийналиб чиқарди”, - дейди Сабоҳат опа кўз ёшларини тиёлмай.

Жавлон эндигина етти ёшга тўлганига қарамай, гаплари катталарникидек. Худдики дард болакайнинг болалигини олиб қўйгандек ...

“Шундай оғриб чиқарди, кечаси билан ётолмас эдим. Йирингламаган экан, қўлимдаги яраларни кесишмади. Мен тезроқ тузалишни хоҳлайман. Ўртоқларим билан мактабга боргим келяпти”, дейди болакай.

Жавлонга илик кўчириб ўтказиш керак. Таксичиликдан рўзғор тебратаётган отаси боласини даволатиш учун машинасини, бор-будини сотган. Йиққан-терганларининг барчаси шу кунгача бўлган муолажалар учун сарфланган.

Энди фарзандининг ҳаётини сақлаб қолиш учун қаердан маблағ топишни билмай, чорасиз қолган ота-она яхшилар кўмагига муҳтож.

“Ая, менам қачон кўчага чиқиб ўртоқларим билан ўйнайман, дейди. Саволларини эшитиб, деразадан болаларга ҳавас ва ҳасрат билан термулиб турганини кўриб, юрак-бағрим эзилиб кетади”, - дейди онаизор.

Жавлон Хўжаёровга оид маълумотлар:

Узсард: 8600 0609 0695 7528 онаси Сабоҳат Муродова номида

Ҳумо: 4073 4200 1084 3104 отаси Умиджон Номозов номида

Манзил: Қашқадарё вилояти, Қарши тумани, Олмазор кўчаси 16-уй.

“Касаллик сабаб болам яккаланиб қолди”

Бу болакай ҳам оққон касаллигининг оғир тури билан курашиб келяпти. Унга ҳам бемор ўртоқлари қатори ёрдам керак. Лекин отаси одамлардан ёрдам сўрашга қаттиқ истиҳола қилди. Нима бўлган тақдирда ҳам болакайни операция қилдириш керак. Шу сабаб беморнинг онаси аноним тарзда, юзини яшириб саховатпеша одамлардан ёрдам сўрашга қарор қилди.

“Қанийди ўзимни чимчилаб олсам-у, туш кўраётган бўлсам, уйғониб кетсам. Болам оққон касалига чалинмаган бўлса. Ўртоқлари билан аввалгидек ўйнаб-кулиб юрса.

Олдинлари қишлоққа борганимизда ўртоқлари югуриб келарди. Бирга ўйнаб юришарди. Энди борсак ҳамма ўзини олиб қочади. Худди боламнинг касали юқумлидек.

Бечора болам ўртоқлари ичида яккаланиб қолди. Бунинг азобларини кўриб отаси билан баттар эзиламиз. Боламда касалликнинг қайталанувчи оғир варианти аниқланган. Илик кўчириш керак экан. Томоқ лимфобластлари шишиб кетиб, умуман гапиролмай қолганди.

Дадаси ишлаб турганларида дори-уколларини бир амаллаётган эдик. Пенсияга чиққанларидан бери қийналиб қолдик. Ўзим мактабда ўқитувчи бўлиб ишлардим. Энди фақат боламнинг ёнидаман.

Шунда ҳам одамлардан ёрдам сўрашни, қийналаётганимизни биров билишини истамайдилар. Лекин боламнинг аҳволи кундан кунга оғирлашяпти. Химиялар натижасида ўнг қулоғида умуман эшитиш йўқ. Ҳозир даволатишнинг фойдаси ҳам йўқ экан.

Бу касаллигини тузатиб олганимиздан кейин қулоғини даволатсак бўлади. Докторлар чап қулоғини эҳтиёт қилинглар дейишди. Бахт нима деса, болаларимнинг соғлиғи, деб жавоб берган бўлардим. Аслида ҳам фарзанднинг саломатлигидан ортиқроқ бахт йўқ экан”, - дейди беморнинг онаси.

Беморга оид маълумотлар: карталар беморнинг қариндоши Феруза Расулжонова номида

Ўзсард: 8600 0304 4259 8995

Ҳумо: 9860 0825 3572 8685

Мавзуга оид