Жаҳон | 16:13 / 10.12.2022
11550
2 дақиқада ўқилади

Дрезденда қуролли ҳужум: гаровга олинганлар бор

Фото: Reuters

Жиноятчи Altmarktgalerie савдо марказида яшириниб олган, деб хабар бермоқда немис ОАВ. Бунгача у қотиллик содир этгани айтилади.

Дрезден шаҳри марказида 10 декабрь, шанба куни қуролли шахс бир неча кишини гаровга олди, уларнинг сони ҳозирча номаълум. Немис нашрларининг хабар беришича, ҳужум қилган шахс Altmarktgalerie савдо марказида яшириниб олган. Воқеа жойига полиция махсус кучлари сафарбар этилди. 

Bild газетасининг ёзишича, эрталаб қуролли шахс маҳаллий радиостанция биносига бостириб кириб, ўт очган, ходимлар хавфсиз жойда яширинишга муваффақ бўлган. Сўнг машинада шаҳарнинг марказий қисмига бориб, Altmarktgalerie савдо маркази дорихоналаридан бирида яшириниб олган.

Ҳозирда савдо маркази ва унинг атрофидаги ҳудудлардан одамлар эвакуация қилинмоқда. Полиция аҳолидан ушбу савдо майдонидан узоқроқ туришни сўраган. Яқин атрофдаги Рождество бозори ёпилди. 

Ҳозирча тасдиқланмаган расмий маълумотларга кўра, эркак радиостанцияга етиб келишидан олдин Дрезденнинг Пролис туманида қотиллик содир этган. 

Мавзуга оид