Жаҳон | 09:20 / 14.11.2023
5616
2 дақиқада ўқилади

Буркина-Фасода қишлоққа уюштирилган ҳужумда 70 киши ҳалок бўлди

Дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири турли гуруҳлар томонидан мунтазам ҳужумларга учраб туради. Номаълум шахсларнинг навбатдаги ҳужуми натижасида 70 киши ҳалок бўлди.

Фото: AP

Буркина-Фасонинг Заонго қишлоғига уюштирилган ҳужумда аксари болалар ва қариялардан иборат камида 70 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда 13 ноябр, душанба куни маҳаллий прокуратура маълум қилди.

Фожиа 5 ноябрь куни юз берган. Мамлакат шимолидаги қишлоққа ҳужумни айнан ким амалга оширгани ҳозирча номаълум. Европа Иттифоқи ва АҚШ расмийлари Буркина-Фасо ҳукуматини ҳужумнинг тўлиқ ҳолатларига ойдинлик киритиш учун тергов ўтказишга чақирди. Маҳаллий аҳолидан бирининг AFP’га айтишича, ҳужум минтақада «хавфсизлик кучлари ва террорчилар ўртасидаги жанглардан икки кун ўтиб» содир бўлган.

Буркина-Фасо дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири бўлиб, ўтган йили икки марта ҳарбий тўнтариш содир этилган. 2015 йилда қўшни Малидаги қўзғолон Буркина-Фасога тарқалди ва ўшандан бери Ғарбий Африка давлатида турли гуруҳларнинг мунтазам қуролли ҳужумлари кузатилмоқда, деб ёзади AFP. Умуман олганда, бу ҳужумларда 17 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди ва икки миллион одам ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. 

Мавзуга оид