Ўзбекистон | 12:55 / 10.12.2022
8613
4 дақиқада ўқилади

Мурожаатлар ортидаги тақдирлар – имконияти чекланган, яхши яшаш учун куч ва ирода топаётган Иззатулло Куллиев мисолида

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Термиз шаҳридаги Санъат саройи биносида аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўтказди ва 307 нафар фуқаронинг турли масалалардаги 376 та мурожаатини эшитди. Масъуллар иштирокида кўриб чиқилган мурожаатларнинг 64 таси жойида ижобий ҳал этилди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Термиз шаҳри А.Жомий маҳалласида яшовчи, иккинчи гуруҳ ногирони бўлган Иззатилло Куллиев вилоят ҳокимига кредит асосида мотороллер олганини билдириб, ушбу кредит маблағини тўлашда амалий ёрдам сўради. Вилоят раҳбари Куллиевнинг оилавий шароитини, ногирон бўлса-да оиласига даромад келтириш мақсадида ҳаракат қилаётганини инобатга олиб, унинг кредит маблағларини тўлаб берди. Қўшимча харажатлари учун ҳам моддий ёрдам ажратди.

Иззатилло Куллиев олти нафар фарзанднинг кенжаси. Онаси Робия Куллиева 2001 йилда турмуш ўртоғи вафот этгач, фарзандларини ёлғиз ўзи вояга етказган.

Эндиликда Иззатилло ўзининг мотороллерида инсонлар ҳожатини чиқариб, оиласига даромад келтирмоқда. Унинг бу ишлари тўрт мучаси соғ бўлиб, бошқалардан ёрдам кутиб ўтирган, айрим боқиманда инсонларга ўрнак бўлмоқда.

2022 йилда вилоят ҳокими Тўра Боболов томонидан жойларда 45 маротаба оммавий қабуллар ўтказилиб, 7612 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг қарийб саккиз мингга яқин муаммолари ўрганилган.

Қабулларда одамлар билан очиқ ва шаффоф мулоқот йўлга қўйилгани, аҳоли муаммолари тингланиб, кўплаб масалалар ҳал этилгани боис, 1 декабрь ҳолатида болалар нафақаси бўйича мурожаатлар сони 45,4 фоизга, уй-жой билан таъминлаш 34,1 фоизга, маҳалла ҳудудидаги ички йўлларни таъмирлаш 4,4 фоизга, уй-жойни таъмирлаш 11,9 фоизга, ичимлик суви таъминотидаги мурожаатлар 12,3 фоизга, маиший газбаллон билан таъминлаш 41,4 фоизга, ер ажратиш масаласидаги мурожаатлар 4,2 фоизга, оилавий низолар бўйича мурожаатлар 26 фоизга камайган.

Биргина жорий йилнинг 16 июнь куни вилоят ҳокими раҳбарлигида энг кўп мурожаат тушаётган ҳудуд ҳисобланган Бойсун тумани “Ўрта Мачай” ҳудудида ўтказилган сайёр қабул натижасида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни атрофлича ўрганиб, шу маҳалланинг Хўжадияк қишлоғи ҳудудида 20 км, Сайроб маҳалласи Қўшчинор қишлоғига 7 км узунликдаги сув тармоғини тортиш ишлари учун зарур бўлган қувурлар ажратилди.

Шунингдек, Узун тумани Нурли келажак маҳалласида ўтказилган оммавий сайёр қабул жараёнида мактаб учун янги спорт зали қурилишига, 50 дона электр устунлар ва бир дона трансформатор ўрнатишга, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 10 дона гилам тўқиш дастгоҳи ва тикув машиналари ажратилишига келишилди.

Жорий йилнинг 3 апрель куни энг чекка ҳудуд ҳисобланган Бойсун тумани Юқори Мачай маҳалласи ҳудудида ўтказилган қабул жараёнида, вилоят ҳокими томонидан маҳалла ҳудудидаги муаммолар атрофлича ўрганилди. Янги мактаб ва мактабгача таълим муассасаси ҳамда тиббий пункт қуриш бўйича топшириқ берилди.

Мурожаат қилган 7312 нафар фуқародан 1424 нафари соғлиғини тиклаш, турли жарроҳлик амалиётлари ўтказиш, дори-дармон воситалари билан таъминлаш бўйича ёрдам сўраган.

Қайд этилган даврда фуқароларимизнинг соғлиғини тиклаш ва дори-дармон воситалари олиш мақсадида “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан 459 нафар фуқарога жами 2 млрд 992 млн сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилган.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш ва яшаш уйини таъмирлаб бериш ҳамда кредит қарздорлигини сўндиришда ёрдам сўраб мурожаат қилган 170 нафар хотин-қизлар мурожаатларини ижобий ҳал қилиш мақсадида 1 млрд 355 млн сўм ажратилди.

Вилоят ҳокимлигида аҳоли муаммоларини эшитиш ва ҳал қилиш учун доимий ишловчи 1088 қисқа ишонч телефони йўлга қўйилган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 814 нафар фуқаронинг мурожаатлари рўйхатга олинган, шундан 598 таси ёки 73 фоизи ижобий ҳал қилинган.

Келгусида такрорий мурожаатлар келиб чиқиши сабаблари чуқур ўрганилиб, ариза ва шикоятларни қонуний ҳал қилмаган, белгиланган муддатларда кўриб чиқмаган ҳамда асоссиз рад этган ходимларнинг жавобгарлиги қатъий ҳал этиб борилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш кун тартибидаги асосий масалалардан бири ҳисобланиб, чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар бўйича ишлар давом эттирилади.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Мавзуга оид