Ўзбекистон | 14:08 / 10.06.2021
25811
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳам Skoda Kodiaq автомобилларини сотиб олди

Бу «иномарка»лар – ҳоким Тўра Боболовнинг янги ўринбосари ва маслаҳатчиси учун.

Фото: Skoda

Сурхондарё вилоят ҳокимлиги 2 дона Skoda Kodiaq Ambition машинасини сотиб олди. Автомобиллар ҳар бири 347 млн сўмдан харид қилинган (1, 2).

Kun.uz ҳокимлик матбуот котиби Заҳириддин Тўраевдан олган маълумотга кўра, хорижда ишлаб чиқарилган машиналар вилоят ҳокимининг янги ўринбосари ва маслаҳатчиси учун сотиб олиняпти.

Тўраев иккала автомобил ҳам ҳукуматнинг шу йил апрелдаги тегишли қарори талаблари асосида харид қилинганини билдирди.

Шу йил апрел ойида қабул қилинган қарорга асосан, вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари учун сотиб олинадиган автомобилларнинг энг юқори нархи 1500 БҲМ деб белгиланган. Бу – ҳозирги вақтда 367,5 млн сўмни ташкил этади (1500х245000). Бироқ қарорда вилоят ҳокимларининг маслаҳатчилари учун автомобил сотиб олиниши меъёрлари белгиланмаган.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz аввалроқ судялар учун 26 та Skoda Kodiaq ва 3 та Malibu-2 автомобиллари сотиб олинаётгани ҳақида хабар берганди. Навоий вилояти ҳокимлиги эса Malibu-2 автомобилини қонунчиликка зид равишда харид қилмоқда.

Мавзуга оид