Ўзбекистон | 13:55 / 18.11.2022
10738
3 дақиқада ўқилади

“1 январдан давлат харидлари порталини тушуниш осон бўлган тарзда янги шаклда ишга туширамиз” – Тимур Ишметов

Фото: Сенат матбуот хизмати

Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан давлат харидлари портали янги шаклда ишга туширилади. Бу ҳақда Молия вазири Тимур Ишметов Сенат ялпи мажлисида маълум қилди.

Сенатнинг 35-ялпи мажлисида сенатор Абдураҳим Эркинов нега Молия вазирлигининг ҳисоботида давлат харидларига оид камчиликлар тилга олинмаслиги борасида савол берди. 

“Молия вазирлиги давлат харидлари тўғрисидаги камчиликларни Сенатдан яширишдан манфаатдорми? (Қашқадарёда) 10та ҳолатда 3,4 млрд сўмлик шартномаларни сунъий равишда қисмларга бўлиб савдога қўйиш ва 17 ҳолатда 6,6 млрд сўмлик бошланғич нархдан юқори нархда харид қилинган ҳолатлар бор. Бутун республикада аҳвол бундан ҳам баттар бўлса ажаб эмас”, - деди сенатор. 

Молия вазири Тимур Ишметов саволга жавобан  ҳукуматнинг ҳисоботи бўйича топшириқ олингани, қонун билан тасдиқлангач кейинги йилдан келишилган шаклда тақдим этилишини маълум қилди.  

У давлат харидларига оид камчиликларни беркитишдан Молия вазирлиги ва умуман ҳукуматда манфаат йўқлигини қўшимча қилди. 

“Давлат харидлари портали яратилгани ва у очиқлиги бунинг исботидир. Порталда ҳамма маълумотлар бор. Аммо сизлардан ва бошқа фойдаланувчиларнинг танқидларидан келиб чиқиб портални қайта ишлаб чиқдик. Тегишли халқаро молиявий ташкилотларнинг ёрдамини олиб, халқаро андазага мослаб, уларнинг грантларини олиб ишлаб чиқдик. Кейинги йил 1 январдан портал янги шаклда ишга тушади. Порталдаги барча маълумотлар ҳозир ҳам барчаси кўриниб турган бўлса-да, уни автоматик равишда таҳлил қилиб, (маълумотлар) Биг дата билан графикалар шаклида чиқадиган қилдик”, - деди вазир.

Ишметов порталда  маълумотлар жуда кўплиги, ҳар қандай камчиликни (портал) ичига кирибгина топиш мумкинлигини тан олди. 

“Ваҳоланки, маълумотлар кўплиги учун оддий фойдаланувчига қийин. Бу ерда йўқ деб ўйлаши мумкин, аммо маълумотлар бўлади. Янги йилдан портални ишга туширамиз ва уни доимий равишда такомиллаштириб борамиз”, - деди вазир.

Мавзуга оид