Бош прокуратура Нукус воқеалари бўйича судда жонли эфир қачон тикланишига аниқлик киритди
Идоранинг маълум қилишича, шу кунгача ўтказилган суд мажлисларида ОАВ вакиллари иштирокига қаршилик кўрсатилган ҳолатлар кузатилмаган.
28 ноябрь куни кўриб чиқиш бошланган Нукус воқеалари бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят ишининг жонли эфири гувоҳлар ва жабрланувчилар бир-бирларининг кўрсатмаларини эшитиб олмаслиги учун вақтинча тўхтатилганди.
Суд жараёнининг онлайн намойишини тиклаш ёки тикламасликни суд ҳал қилади. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг Мустақил парламент комиссияси саволларига жавобан тақдим этган ахборотида сўз боради.
“Суд муҳокамасининг гувоҳлар кўрсатмаларини эшитиш босқичида ЖПКнинг 432-моддаси талабига кўра, суд ажрими билан онлайн намойиш этиш тўхтатилган. Суд жараёнлари тарафларнинг музокараси босқичида ОАВ вакиллари томонидан онлайн намойиш этилишига суднинг ташаббуси билан ёки жиноят процесси иштирокчилари илтимосномасига кўра, раислик этувчи суд томонидан рухсат этилиши мумкин”, дейилади расмий маълумотда.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистондаги намойишчиларга доир суд жараёни очиқ тарзда ўтказилаётган бўлиб, барча оммавий ахборот воситалари, халқаро ташкилотлар вакиллари, ҳуқуқ фаоллари, блогерлар ҳамда судда иштирок этиш истагини билдирган барча шахслар учун жараённи видео-конференц-алоқа орқали тўғридан-тўғри кузатиш имконияти яратилган.
Бош прокуратурага кўра, 2022 йил 7 декабргача суд жараёнида 38 нафар журналист ва блогер қатнашган, бирор-бир ОАВ вакилининг судда қатнашишишига монелик қилиш билан боғлиқ ҳолат қайд этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 1-2 июл кунлари Нукус шаҳрида оммавий тартибсизликлар кузатилганди. Июл ойида Қонунчилик палатаси ва Сенат Қорақалпоғистон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказиш учун Мустақил комиссия тузган, омбудсман Феруза Эшматова раҳбарлик қилаётган комиссия аъзолари 15 август кунидан яна иш бошлаганди.
28 ноябрь куни Нукус воқеалари бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бошланган, Бош прокуратура яна 39 кишига дахлдор иккинчи жиноят иши бўйича тергов якунланаётганини, Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликларни уюштиришда жами 171 киши айбланётганини маълум қилган.
Бош прокуратура стратегик объектларга қилинган ҳужумларни бартараф этиш мақсадида қурол қўлланганини очиқлаган. Қайд этилишича, намойишчиларга нисбатан ўқотар қурол ва махсус воситалар қўллангани алоҳида тергов қилинмоқда.
Бош прокуратурага кўра, намойишлар вақтида ҳамда айбдорларни қўлга олиш жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари хизмат ваколатидан четга чиқиб, заруриятсиз куч ва воситаларни ишлатгани, фуқароларга қурол ёки бошқа махсус воситалар қўллагани тасдиғини топган тақдирда, улар жавобгарликка тортилади.
Бундан ташқари, оммавий тартибсизликлар чоғида 2 нафар фуқаронинг вафоти ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида прокуратура идоралари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган. Тергов якунига кўра, айбдор деб топилган шахсларга нисбатан қонуний қарорлар қабул қилиниши таъминланади.
Нукус воқеалари пайтида вафот этган 19 нафар шахснинг рўйхати ва вафот этиш сабаблари (қийноқдан, ўқотар қуролдан ва махсус воситалардан вафот этгани) очиқланади.
Мавзуга оид
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
21:02 / 12.12.2024
Янгийўлда 5 болани босиб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи ахлоқ тузатиш жазосини олди
15:29 / 11.12.2024
Москвадаги ҳарбий суд терроризм бўйича деярли барча ишларни яширди
17:49 / 06.12.2024