Ўзбекистон | 10:42 / 15.12.2022
9871
3 дақиқада ўқилади

Қарши давлат университетида янги ўқув биноси ва талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди

Қарши давлат университети тиббиёт факультети учун янги ўқув биноси ҳамда 600 ўринли талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Муроджон Азимов, вилоят сектор раҳбарлари, нуронийлар, кенг жамоатчилик иштирок этди.

Фото: Қарши давлат университети

2021 йилда Қарши давлат университетида мавжуд 7 та талабалар турар жойининг умумий қуввати 1057 ўринга эга бўлиб, умумий эҳтиёжнинг атиги 33 фоизи таъминланган эди. Сўнгги бир йил давомида талаба-ёшларга муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳудудда кенг кўламда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Жумладан, иккита ташландиқ бино университет тасарруфига олиниб, 770 ўринли 2 та талабалар турар жойига айлантирилди.

Шунингдек, 2021 йилда талабалар турар жойидаги мавжуд яшаш хоналари икки ярусли кроватлар билан жиҳозланиши натижасида 9 та талабалар турар жойида жами 2438 та ўрин ташкил этилиб, умумий эҳтиёжнинг 83 фоизи қамраб олди.

Жорий йилда янгидан қуриб фойдаланишга топширилган мазкур 600 ўринли талабалар учун турар жойи қурилишига университет бюджетдан ташқари ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 18 миллиард 285 миллион сўм сарфланди. Замонавий лойиҳа асосида қад ростлаган бу муҳташам турар жой 2 миллиард 419 миллион 668 минг сўмлик мебель жиҳозлари, музлаткич, кир ювиш машиналари, электр плиталар, телевизорлар ва бошқа зарурий ашёлар билан жиҳозланди. Қисқа муддат ичида барпо этилган кўркам ётоқхонада талабалар бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун барча шароит яратилган. Жумладан, замонавий ахборот технологиялари, юқори тезликда ишлайдиган Wi-Fi қурилмалари, янги адабиётлар билан таъминланган ўқув заллари, кир ювиш ва дазмоллаш хоналари, тиббиёт, душхона, ошхона ҳамда дам олиш хоналари мавжуд.

Аҳамиятлиси, мазкур турар жойнинг фойдаланишга топширилиши натижасида университет талабалари учун ётоқхоналар сони 10 тага етди ва уларда 3038 нафар талаба яшаши учун барча имкониятлар яратилди. Натижада республикамиздаги олий таълим муассасалари ичида биринчилардан бўлиб Қарши давлат университетида талабаларни ётоқхона билан қамраб олиш даражаси 100 фоизга етди.

Шу куни университетнинг тиббиёт факультети учун ҳар томонлама қулай, янги ўқув биноси ҳам очилди. Ўқув биносида 2 та маъруза зали, ўндан ортиқ аудиториялар, биокимё ва микробиология ўқув-лаборатория хоналари мавжуд.

Бу ердаги 1000 дан ортиқ электрон ва 180 дона ўқув, илмий адабиётлардан иборат шинам кутубхона ва инновацион лойиҳаларни яратиш ҳамда уларни ривожлантириш мақсадида бўлган ёшлар учун замонавий инкубацион маркази ташкил қилингани айни муддаодир. Аввал 1500 ўринга эга бўлган ўқув биносини мукаммал таъмирлаш натижасида қўшимча 900 ўрин яратилиб, бинонинг умумий сиғими 2400 ўринга етди. Бинода соатига 100 кВт электр энергияси ишлаб чиқарадиган қуёш панеллари ўрнатилиб, ишга туширилди.

Биноларнинг тантанали очилиш маросимидан сўнг “Ҳоким ва ёшлар” мулоқоти ўтказилди. Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда талабаларнинг таклиф ва ташаббуслари вилоят ҳокими томонидан қўллаб-қувватланди.

Қарши давлат университети ахборот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид