Жамият | 16:07 / 17.08.2023
25546
2 дақиқада ўқилади

Қарши давлат университети талабаларнинг ётоқхонага бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплайди

Айни кунларда Қарши давлат университетида янги ўқув йилига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Хусусан, олий таълим муассасасида талабаларни турар жой билан таъминлаш бўйича алоҳида штаб тузилиб, ижара хонадонларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, талабаларнинг дарс қилишлари, дам олишлари учун яратилган шароитлар, ижарага қўювчи оиланинг ижтимоий-маънавий аҳволи ўрганилмоқда.

Фото: Қарши давлат университети

Хонадон эгаларига ижара шартномаси тузиш тартиби, унинг афзалликлари ҳақида тушунча берилмоқда. Шунингдек, университет талабалар турар жойлари ҳам талабаларни кутиб олиш учун шай ҳолатга келтирилди. Яқинда олийгоҳ томонидан талабалар учун муносиб шароит ва қулайлик яратиш мақсадида ўзига хос янгиликка қўл урилди. Эндиликда университет ёшлари qarshidu-yotoqxona.uz/send-application ҳаволаси орқали талабалар турар жойларига жойлашиш учун онлайн шаклда ариза топширишлари мумкин.

– Талабаларни турар жой билан таъминлаш жараёнининг рақамлаштирилганлиги, ёшларнинг вақт сарфламасдан, ортиқча оворагарчилик ва қоғозбозликсиз, тез ҳамда осон ётоқхонага жойлашиш имкониятини яратади, - дейди Талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Умиджон Холмуродов.

– Ушбу янги онлайн платформанинг афзаллик жиҳатлари шундаки, унда ётоқхона олиш учун аризаларни онлайн юбориш, тасдиқлаш ва рад этиш жараёнини кузатиб бориш ҳамда СМС-хабарномалар олиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни устувор равишда жойлаштириш, шаффофликни таъминлаш мақсадида тўловларни онлайн шаклда амалга ошириш ва факултетлар учун ажратилган бўш жойларни онлайн кўриш каби қатор қулайликлар мавжуд.

Маълумот ўрнида, университетда мавжуд 10 та талабалар турар жойидаги ўринлар сони 3038 тани ташкил этади. Мазкур кўрсаткич мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконини беради.

Қарши давлат университети матбуот хизмати

Мавзуга оид