Ўзбекистон | 19:06 / 19.12.2022
14235
3 дақиқада ўқилади

Қишки таътилга ҳамёнбоп танлов – Чимён | “Манзил”

Чимён Тошкент шаҳридан 90 км узоқликда жойлашган. Қишки мавсум чанғи учиш учун келувчиларни ўзига жалб этса, бошқа фаслларда одамлар чўққилар ва сойлар томон саёҳатларга чиқишади. “Манзил” лойиҳаси бу ерда қишки фаол ҳордиқ чиқариш нархлари ва кўнгилочар машғулотлар билан таништиради.

Чимён асосан ёзнинг иссиғида ва қишда, декабр-январ ойларида гавжум бўлади.

Мен ёшлигимда кўп бор қорда сирпанчиқ, чана учган бўлсам-да, бирор марта чанғи учмаганман. Айнан Чимёнда ўзимни чанғи учишда синаб кўрдим. Тоғга чиқмасанг, дўлона қайда, деганларидек, машаққатига ва кўникмаларини ўрганишга ҳафсала қилсангиз, бу машғулот ажойиб экан. Фақат эҳтиёткорликни йўқотмаган ҳолда, ўргатувчининг кўрсатмаларига амал қилиш керак.

Бу ерда чанғидан бошқа қорда учишга баллонлар, отда сайр ва квадроцикллар ҳам бор. Умуман олганда, қорда кўнгил ёзиш ва ичингиздаги ғуборларни чиқариб юборишга Чимёндек жойни топиш мушкул.

Нархларга келадиган бўлсак, чанғининг бир соатлик ижараси 40-50 минг сўм. Баллонлар ҳам шундай, 40-50 минг сўм атрофида. Квадроциклда бир марталик айланиб келиш эса 50 минг сўм.

Отда сайр қилиш эса 3 йўналиш бўйлаб бўлади ва уларнинг нархи 30 минг, 150 минг ва 200 минг. Бу нархлар декабр ойи охири январ ойи бошларида кўтарилади. Лекин бир нарсага эҳтиёт бўлинг, отга минаётганда нархини келишиб, қайтадиган манзилингизни аниқ билиб чиқишни тавсия берамиз.

Қишлоқдаги ҳар бир оила борки туризм ортидан пул топади. Кимдир оти билан, кимдир санаторияда ходим бўлиб ишлайди, кимдир чанғи ижарага беради ва яна кимдир уйига ижарачи қўяди.

Чимёнга келувчилар кўплигининг сабабларидан яна бири – дор йўли. Унинг узунлиги 800 метр, юқори станцияси 1925 метр баландликда жойлашган. Чанғи учувчилар ва юқоридан атроф гўзаллигини томоша қилувчилар дор йўлидан юқорига кўтарилади. Нархи – катталарга 25 минг сўм, болаларга 10 минг сўм.

Мен осма арқоннинг ярмидан ўтгунча, ҳеч нарсани ҳис қилмай, оддий тепаликка кўтариб чиқадиган иншоот дея ўйлагандим. Ярмидан ўтишни бошлаганда, қайданам шу тепаликка чиқдим, деган қўрқув пайдо бўлди. Тўғриси, бунақа баланд жойи борлигини ўйламагандим. 50 метрча юқоридан ўтган қисмида одам бир сесканиб олади. Юқорига чиқиб, у ердан атрофдаги манзарани кўришни бошлаган одам, осма арқондаги қўрқувни бир зумда эсидан чиқаради. Манзарани тасвирлашга эса тил ожиз. Уни фақат шу ерга келиб кўриб, ҳис қилиш мумкин.

Бу ажойиб манзил сизнинг ва яқинларингизнинг маданий ҳордиқ чиқариши учун ажойиб танлов. Декабр, январ ва феврал ойларида ҳам бемалол боришингиз мумкин. Аввал айтганимиздек, сафар қилинг, саломат бўласиз. Келаси манзилларда кўришгунча.

Тоҳиржон Турсунов, Боймирза Халилов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус.

Мавзуга оид