Жамият | 13:30 / 21.12.2022
11929
3 дақиқада ўқилади

“Яқинларим қийналганини кўриб касал бўлганимдан афсусланаман” – хаста йигит изтироби

Достонбек 22 ёшда. Унинг иккала буйрагида ҳам қуриш бошлангани маълум бўлгач отаси унга ўз буйрагини бермоқчи. Лекин операция катта маблағ талаб қилади. Яшаб турган уйларини сотишса, 12 жон кўчада қолади.

Андижондаги бу оилада беш фарзанд улғайган. Кенжа фарзанд Достонбек 16 ёшга етганда унда буйрак билан боғлиқ муаммолар пайдо бўла бошлайди. Дастлаб шамоллаш деб тахмин қилинган касаллик бора-бора оғир дарднинг белгисини кўрсатади – унда иккала буйрак қуриши бошланган эди.

“Болам олаётган диализлари таъсирида кўз нурини ҳам йўқотяпти. Бир кўзи яхши кўрмай қоляпти. Шифокорлар буйрак кўчириш операцияси кераклигини айтишди. Боламга отаси битта буйрагини бермоқчи. Операция Ҳиндистонда қилинар экан. Мен оддий колхозчиман, отаси қоровул. Иккита катта ўғлим хорижда ишлаб укасини даволатиш учун пул жўнатади. Лекин барибир етказа олмаяпмиз.

Боламни сақлаб қолиш учун қўлимиздан келганини қиляпмиз. Бир фарзандни 22га киргизиш осонмас. Ҳеч кимга кўрсатмасин буни”, дея йиғлайди беморнинг онаси Одинахон опа.

Достонбек айни ишлаб ота-онасини парвариш қиладиган пайтда ўзи парваришга муҳтож эканидан хижолат бўлади.

“Ҳозир диализ билан яшаяпман. Ота-онамнинг ёнига кириб хизмат қиламан деганимда шу дардга чалиниб қолдим. Уйимизда ҳамманинг топгани мени даволатишга кетяпти. Уларнинг қийналганини кўриб касал бўлганимдан афсусланаман.

Акаларим билан ишлаб пул тўплаб ота-онамизни ҳаж сафарига жўнатамиз, дадамга машина олиб берамиз деган ниятда эдик. Онамнинг ўзида астма хасталиги бор. Шундаям туни билан ухламай менга қараб чиқади. Чунки дард кечаси хуруж қилади. Ярим тунда “Тез ёрдам” чақирамиз, дадам ишдан етиб келади”, дейди ўкинч билан у.

Хорижда қилинадиган операцияга катта маблағ топиш учун оила яшаб турган уйларини сотишга мажбур бўлмоқда. Бу уйнинг сотилиши хонадонда яшаётган 12 жоннинг кўчада қолишига сабаб бўлади.

Дард – синов. Фарзанди дарддан фориғ бўлиши учун яхшилардан мадад кутаётганларни ёлғизлатиб қўймаслик яхшилик аломатидир. Синалаётганларга кўмак бериш келгуси синовларнинг олдини олса ажаб эмас. 

Достонбек Аҳмаджоновга оид маълумотлар:

UzCard: 8600 0423 3582 4156 акаси Асрорбек Умаралиев номида

VISA: 4073 4200 5768 4890 бемор номида

UnionPay: 6262 5700 7548 0295 қариндоши Қўрғонали Исмоилов номида

Манзил: Андижон вилояти, Қўрғонтепа тумани, Маъмуробод қишлоғи 54-уй.

Мавзуга оид