Жаҳон | 21:48 / 22.12.2022
4612
2 дақиқада ўқилади

COVID-19 пандемияси ва чечак эпидемияси пасаймоқда – ЖССТ 

ЖССТ 2023 йилда бу касалликлар билан боғлиқ эпидемиялар якунланишига умид билдирмоқда. 

Тедрос Гебрейесус / Фото: who.int

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус келаси йил учун бешта устувор йўналишни белгилаб олди. 

У 2022 йилда, COVID-19 пандемиясининг учинчи йилида чечак эпидемияси, вабо ва Эбола эпидемияси авж олганини айтди. Бундан ташқари, Африкада қурғоқчилик ва сув тошқинлари, Покистонда кучли сув тошқини юз берганини айтди. 

Бироқ, Гебрейесуснинг сўзларига кўра, COVID-19 пандемияси ва чечак эпидемияси пасаймоқда, Угандада эса уч ҳафтадан кўпроқ вақт давомида Эбола бўйича янги ҳолатлар қайд этилмаган. 

«Умид қиламизки, бу фавқулодда вазиятларнинг ҳар бири келгуси йилда якунланади», деди у. 

ЖССТ раҳбари сўзларига кўра, дунё бўйлаб COVID-19 касаллигидан ўлганлар сони январ ойига қараганда деярли 90 фоизга камайди. Бироқ, у пандемия ҳали тугамагани ҳақида ҳам огоҳлантирди. 

Гебрейесус 2023 йилда ЖССТ учун бешта устувор йўналишни белгилаб берди:

- саломатликни мустаҳкамлаш ва касалликларнинг олдини олишга эътибор қаратиш;

- тиббий хизматлардан, айниқса, бирламчи тиббий-санитария ёрдамидан ҳамма фойдаланишини таъминлаш;

- фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўриш ва уларни бартараф этиш чораларини кучайтириш;

- тадқиқот, фан ва технологияни ривожлантириш;

- ЖССТни ислоҳ қилишни давом эттириш.

Мавзуга оид