Жамият | 14:46 / 22.12.2022
24349
4 дақиқада ўқилади

Орамиздаги одамлар: ногирон ўғлини елкасида опичлаб улғайтираётган жасоратли она

Фарзанди ногирон туғилгач, эри ҳайдаб юборган муштипар аёл минг машаққатлар билан ёлғиз ўғлини улғайтирди. Чақалоқлигидан она елкасига тирмашган 17 ёшли ўғил ҳануз онасини қучиб яшайди, ногиронлар аравасини истамайди...

Турли сабаблар билан турт мучаси соғ жигарбандидан воз кечиб, боласини меҳрибонлик уйларига ташлаб кетган оналар қанчадан қанча. Фарзанд қадрига етмаганлар сабр ва матонатни бешариқлик Малоҳат опадан ўргансин.

56 ёшли Малоҳат Мудумарова Бешариқ тумани Олтинкўл маҳалласида туғма ногирон ёлғиз ўғли билан умргузаронлик қилиб келмоқда.

40 ёшимда она бўлдим

«Биринчи оилам билан 10 йил яшадим. Тоғамга келин бўлган эдим. Фарзанд кўрмадик. Иккинчи рўзғоримдан 2004 йилда ўғлим Яҳёбек туғилди. У туғма ногирон эди, шу сабаб оилам бузилди. Ўғлим 5 ёшга тўлганида ота уйга қайтиб келишга мажбур бўлдим. Бошимга не савдолар тушган бўлса ҳам отасидан нолимайман.

40 ёшда она бўлганим учунми ҳомила яхши ривожланмаган экан. Шифокорлар ё мен ё ўғлим нобуд бўлишини айтишди. Лекин минг шукрки иккимиз ҳам омон қолдик. Барча оналарни ҳаётда сабрли бўлишга чақираман», — дейди Малоҳат Мудумарова.

Кучдан қолгунча ўғлимни елкамда кўтараман

Ташқари қаҳратон қиш бўлса-да, Яҳёбек тоза ҳавога чиқишни хоҳлайди. Она-бола уйда жуда кам ўтиришади.

«Вақтимиз деярли кўчада, тоза ҳавода ўтади. Яҳёбекни доим елкамда опичлаб юраман. Сайр қиламиз, дўконларга олиб борамиз. Болам улғайиб, вазни ҳам ортди. Лекин шунда ҳам доим кўтариб юраман. Бу менга одат бўлиб қолган. Ўғлим далага, кенгликка талпинади. Буни унинг нигоҳларидан пайқайман. Кўчада сайр қилишни хуш кўради.

Фарзандидан кечган оналарга ҳайрон қоламан. Ниманинг эвазига бу қабиҳ ишга қўл уради. Болам оёққа туриб кетгунича бошимда кўтариб юраман», — дейди она.

Уйимизга келин кириб келиши орзуларимдан бири

«Фарзанд — Яратган томонидан берилган улуғ неъмат. Бир пайтлар ногиронлиги учун бизни уйидан чиқариб юборган боламнинг отаси кўрсин. Мана, болангиз улғайди. Уни қора тупроққа қўймадим. Сиз ҳам дуо қилинг. Операциядан яхши чиқсин. Отаси ҳаттоки вақтида алимент ҳам тўламаган. Бошимиздан кўп оғир кунлар ўтган», — дейди она.  

Шифокорлар Яҳёбекка алоҳида ғамхўрлик қилиш, яхши едиришни тайинлашган. Боланинг бели қийшиқ, оёғи ҳам қийшиқлиги учун ўрнидан тура олмайди. Онги ҳам яхши ривожланмаган. Гапира олмайди.

«Яна озгина сабр қилсам, болам 20 ёшга тўлади. Орзуларимдан бири —келин кўриш. Тўйлар қиламиз. Унга барчани таклиф қиламан. Ўғлимнинг отасини ҳам тўйга таклиф қиламан. Яратган эгамдан мен ҳам бошқалар қатори келин кўришни сўрайман. Шириндан шакар невараларим бўлишини сўрайман. Оқ либосда остона хатлаб уйимизга келин кириб келсин», — дея орзу-ҳавасларини тўлқинланиб гапиради умидини сира йўқотмаган она.

Малоҳат Мадумаровага ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлган саховатпеша инсонлар учун оиланинг пластик карта маълумотлари:

Ҳумо: 9860 0825 8893 7027 (MALOKHAT MADUMAROVA)

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид