Ўзбекистон | 12:47 / 25.12.2022
37724
19 дақиқада ўқилади

Пўлатхон қўзғолони – Қўқон хонлигини йиқитган ҳодиса қандай содир бўлган эди?

XIX асрнинг иккинчи ярмида Марказий Осиё халқлари ҳаётида муҳим воқеалар содир бўлди. Жумладан, Қўқон хонлиги руслар томонидан босиб олиниб, унинг ҳудуди Россия империяси таркибига қўшиб юборилди. Аввалига Қўқон хонлиги билан ўзаро шартнома тузган руслар, сохта Пўлатхон қўзғолонидан сўнг хонликни батамом эгаллашди. Сохта Пўлатхон ким бўлган ва у хонга қарши нега исён кўтарганди? Советлар бу қўзғолонни эзилган халқ исёни эди деса, бошқалар Худоёрхонда алами бўлган қипчоқларнинг хонга қарши ҳаракати дейди.

Марказий Осиёнинг XIX асрдаги тарихи ҳақида гап кетганда кўпчиликда бир савол туғилади. Нега Чор Россияси Хива хонлиги ва Бухоро амирлигини ярим вассал ҳолда қолдирган-у, Қўқон хонлигини батамом босиб олган?

Бу саволга турлича жавоб бериш мумкин. Масалан, руслар Фарғона водийсини Бухоро ёки Хоразмга нисбатан муҳим жой деб билган. Ёки руслар Бухоро амирлигидан кўра, Қўқон хонлигини кучсиз деб билган бўлиши ҳам мумкин – ўша пайтларда Қўқонга ким ҳукмдор бўлиши Бухорода ҳал қилинган.

Аслида эса Қўқон хонлигининг йиқитилишига энг биринчи навбатда Худоёрхон сабаб бўлган. Чунки руслар хонликнинг иккита муҳим шаҳри Чимкент ва Тошкентни босиб олганда ҳам Худоёрхон «ақлини йиғиб олмайди». Халққа янгидан янги солиқлар солиб, хотинбозлик ва кайф-сафони давом эттираверади.

Ўша кезларда Қўқон хонлигида яна бир муҳим ҳодиса – Пўлатхон қўзғолони содир бўлади. Бу ҳодиса руслар томонидан хонликнинг тугатилиши ва унинг ҳудудлари Россияга қўшиб олинишини тезлаштиради.

Қўзғолонгача бўлган вазият

Руслар 1864 йилда Чимкентни, 1865 йилда Тошкентни эгаллагач, Оренбург генерал-губернаторлиги таркибида Туркистон вилояти тузилади. Унинг бошлиғи этиб генарал Михаил Черняев тайинланади.

1867 йилда Туркистон генерал-губернаторликка айлантирилади ва Константин фон Кауфман унинг ҳукмдори бўлади.

Шундан сўнг Россия империяси Қўқон хонлигига нисбатан босимларини кучайтира бошлайди. 1868 йилда Худоёрхон фон Кауфман билан шартнома имзолашга мажбур бўлади.

Шартномага кўра рус савдогарлари бож тўламасдан хонликнинг исталган шаҳрида савдо қилиши, маҳсулот олиб кириши ва олиб чиқиши мумкин эди.

Қалтис вазиятда Худоёрхон мамлакат мудофаасини кучайтириш ўрнига шундоқ ҳам оғир аҳволда яшаётган халққа янгидан янги солиқлар солади. Одамларнинг гарданига юк бўлиб тушадиган фармонлар имзолайди.

1870 йилда хон учун янги қароргоҳ – Ўрда қуриш ҳақидаги фармон шулардан бири эди. Фармонга кўра бутун мамлакатдан жалб қилинадиган ишчилар ва ҳунармандлар маош олмасдан Ўрда қурилишида қатнашиши лозим эди.

Ўрда қурилиши уч йил давом этади ва 1873 йилда қуриб битказилади. Хоннинг янги қароргоҳи битгунча халқнинг сабр косаси ҳам тўлган эди.

Иккинчи томондан бир пайтлар Худоёрхон томонидан Мусулмонқулнинг ўлдирилиши ва қипчоқларнинг қатлиом қилиниши кўпчиликнинг эсидан чиқмаганди.

Бу пайтга келиб руслар Бухоро амирлиги таркибида бўлган Жиззах, Самарқанд ва Қўқон хонлигининг яна бир муҳим шаҳри Хўжандни эгаллаб бўлганди. Ана шундай шароитда хонга қарши қипчоқ-қирғизлар қўзғолони бошланади.

Пўлатхон ким бўлган ёхуд сохта Пўлатхон ҳақида

Тарихда «Пўлатхон қўзғолони» деб ном олган бу қўзғолонга Пўлатхон эмас, Мулла Исҳоқ Ҳасан ўғли бошчилик қилган. Бу шахс нинг келиб чиқиши қипчоқлардан бўлган.

Манбаларга кўра, Мулла Исҳоқ 1844 йилда Марғилон яқинидаги Ўҳна қишлоғида туғилади. У мактаб таҳсилидан сўнг Қўқондаги мадрасада ўқийди. Сўнг Андижондаги масжидлардан бирида имом-хатиб бўлиб ишлайди.

Мулла Исҳоқ бир муддат савдогарлик қилади. Савдогарлик қилиб юрганида хонликда анча таниқли бўлган Абдулмўмин додхоҳ исмли одам билан танишади. Тарихчи олим Ҳамид Зиёевнинг ёзишича, хонликнинг сиёсий курашларида фаол қатнашган Абдулмўмин кўп воқеаларни гапириб бериб, Мулла Исҳоқнинг сиёсий онгини уйғотади.

1872 йилда хонга қарши қўзғолон уюштириш ниятида бўлган бир гуруҳ қирғизлар ва қипчоқлар Шер додхоҳ бошчилигида Самарқандга бориб у ерда яшаётган Худоёрхоннинг қариндоши Пўлатхон билан музокара олиб боради.

Исёнчиларнинг мақсади Худоёрхонни йиқитиб, ўрнига Пўлатхонни тахтга ўтқазиш эди. Аммо Пўлатхон уларнинг таклифига рози бўлмайди. Шундан сўнг Шер додхоҳ Тошкентга боради ва Мулла Исҳоқ билан учрашади. Унга Пўлатхон бўлишни ва қўзғолонга раҳбарлик қилишни сўрайди. Мулла Исҳоқ унинг таклифга рози бўлади.

Пўлатхоннинг сохталигини ўша пайтда жуда кам одам билган. Унинг кимлиги кейин ошкор бўлади.

Қўзғолон

1873 йилда Мулла Исҳоқ сохта Пўлатхон номи остида водийга келиб қўзғолончиларга бош бўлади. Шу тариқа хонга қарши исён бошланади. Худоёрхон қўзғолончиларга қарши Абдураҳмон офтобачи бошчилигида қўшин юборади.

Бўлиб ўтган жангларда қўзғолончилар мағлубиятга учрайди ва сохта Пўлатхон тоғлар орасига қочиб кетади. Сўнг бир йилдан ошиқроқ вақт мобайнида қайтадан қўшин йиғади.

1975 йил баҳорда сохта Пўлатхон Ўзганда қўзғолон кўтаради. Унга қарши хон қўшинлари жўнатилади. Бироқ Абдураҳмон офтобачи ва Исо авлиё бошчилигидаги хон қўшини қўзғолончилар томонига ўтиб кетади.

Ўшанда Абдураҳмон офтобачи Андижон ҳокими бўлиб турган Худоёрхоннинг тўнғич ўғли Насриддинбекни ҳам йўлдан уради. У ҳам қўзғолончилар томонига ўтади.

Шундан сўнг қўзғолончилар хонликдаги бир қатор шаҳар ва қишлоқларни эгаллай бошлашади. Худоёрхон фон Кауфмандан ёрдам сўрашга мажбур бўлади:

«Шу кунлардаги оғир ва бахтсиз пайтларда менинг Мулла Иса Авлиё, Абдураҳмон парвоначи ва Холназар парвоначи сингари энг ишончли кишиларим қўшин билан душманларим – қирғиз қўзғолончиларига қўшилдилар ва менга қарши урушмоқчилар. Мен ҳамма вақт сиз, олий ҳазратларидан дўстлик ва ёрдам кутиб турганлигим боисидан бу гал ҳам мени эътибордан қолдирмагайсиз. Шахсан ўзимни ва Қўқон хонлигини улуғ император жанобларининг ихтиёрига топшираман ҳамда қўшинни тўплар билан биргаликда имкони борича тезроқ Қўқон шаҳрига юборишингизни сўрайман».

Худоёрхоннинг қочиши ва хонликнинг тугатилиши

Ишонган аъёнлари ва ўғли қўзғолончилар томонига ўтиб кетгач Худоёрхон жуда тушкунликка тушиб қолади. Фон Кауфманнинг ёрдами етиб келишини ҳам кутмасдан Қўқондан қочади.

1975 йилда хон оила аъзолари ва хазинани олиб руслар қўл остида бўлган Хўжанд шаҳрига қараб йўлга чиқади. Қўзғолончиларнинг бир қисми Худоёрхонни тақиб қилади. Бўлиб ўтган жангларда хоннинг ёнида қолган навкарлар уни мардона ҳимоя қилади ва эсон-омон Хўжандга етказиб боради.

Бир муддат Хўжандда яшаган Худоёрхон ўртага одам қўйиб фон Кауфмандан Тошкентга боришга рухсат олади.

Худоёрхон Қўқондан чиқиб кетгандан сўнг қўзғолончилар ўртасида бўлиниш юз беради. Уларнинг бир қисми Абдураҳмон офтобачи бошчилигида Худоёрхоннинг ўғли Насриддинбекни хон қилиб кўтармоқчи бўлишади.

Иккинчи гуруҳ эса сохта Пўлатхон – Мулла Исҳоқ хон бўлишини талаб қилишади. Ана шундай вазиятда Қўқонда Насриддинбек, Андижонда сохта Пўлатхон хон деб эълон қилинади.

Қўқон тахтини эгаллаган Насриддинхон фон Кауфманга мактуб юборади. У мактубида Қўқон хонлиги Туркистон генерал-губернаторлиги билан дўстона алоқада бўлиши ҳақида ёзган эди.

Шу билан бирга Насриддинхон рус истилосининг олдини олиш ва хонликни сақлаб қолиш учун Бухоро амири Амир Музаффарга ҳам мактуб ёзади. Мактубда Насриддинхон «кофирларга қарши жанг қилиш» мажбуриятини олганини маълум қилади.

Насриддинхон Амир Музаффарга ёзган мактубида гарчи ундан очиқ ёрдам сўрамаган бўлса-да, шунга ишора бор эди. Аммо у Амир Музаффардан ёрдам умид қилиб хато қилаётган эди.

Гарчи руслар Жиззах ва Самарқанд каби Бухоро амирлиги таркибида бўлган шаҳарларни босиб олган бўлса-да, Амир Музаффар салтанатни ўз қўлида сақлаб қолиш учун фон Кауфман билан келишув имзолаган эди.

Қолаверса, аввалроқ фон Кауфман Амир Музаффарга қарши бош кўтарган Китоб ва Шаҳрисабз беклари Жўрабек ва Бобобекларни енгишда ёрдам берган ва бу билан амирни «қарздор» қилиб қўйганди.

Ҳамид Зиёевнинг ёзишича Насриддинхон билан бир вақтда Абдураҳмон офтобачи бошчилигидаги аёнлар ҳам Амир Музаффарга ва яна Тошкентдаги обрўли шахсларга, жумладан Саидазимбойга мактуб юборишади.

Ўша мактубларда Худоёрхонинг руслар билан иттифоқда бўлиши танқид қилиниб, русларга қарши ҳаракат бошлаш учун Насриддинхон хон қилиб кўтарилгани айтилади.

«Абдураҳмон офтобачи ва Мулла Иса Авлиё имзоси билан битилган хат шуни кўрсатадики, хонликдаги халқ ҳаракати Рус давлати ва унинг тарафдори Худоёрхонга қарши қаратилган озодлик кураши ҳисобланган. Аммо шуниси таажжубланарлики, ўша хатларнинг муаллифлари амир ва Саидазимбойнинг Россиянинг содиқ тарафдорлари эканини била туриб, уларни ёрдам беришга даъват этганлар. Амир ва Саидазимбой эса хатларни Туркистон генералгубернаторига топшириб, Россияга содиқлигини яна бир бор намойиш қилган», деб ёзади Ҳамид Зиёев.

1875 йилда Насриддинхонга юборган хатида Кауфман 1868 йилда Худоёрхон билан тузилган шартномага амал қилишини ва Қўқон хонлиги билан дўстлик алоқаларини узмаслик шарти билан унинг хонлик мақомини тан олишини билдиради.

Иккинчи томондан Кауфман Насриддинхонни ағдариб, хонликни батамом тугатиш ва унинг ҳудудини Россия империясига қўшиб олиш учун режаларини туза бошлайди. Қўзғолончиларнинг русларга ҳужум қилиши унга қўл келади ва хонлик ҳудудини босиб олиш учун ҳаракат бошлайди.

Қўзғолон бостирилиши ва хонликнинг тугатилиши

1875 йил август ойида сохта Пўлатхон бошчилигидаги қўзғолончиларнинг бир қисми Тошкент, Хўжанд ва Ўратепа оралиғидаги почта бекатларини эгаллайди ва рус аскарларини асирга олади.

Буни эшитган Кауфман Сирдарё вилоятининг губернаторига ҳарбий юришни бошлаш ҳақида буйруқ беради. Рус қўшинлари ҳаракатга келгунча қўзғолончилар Хўжанд атрофидаги бир қатор қишлоқларни ҳам эгаллашади.

Шундан сўнг рус қўшинларининг бир қисми Паркентни ҳимоя қилиш учун қолдирилади. Яна бир қисми Хўжандга юборилади. Бундан ташқари, Қўқонга ҳужум қилаётганларга ёрдам тариқасида Самарқанд горнизонидаги аскарлар ҳам чақирилади.

Қўзғолончиларнинг Хўжандни эгаллаш учун қилган юришлари муваффақиятсизлик билан якунланади. Шу орада Самарқанд горнизони ҳам Хўжандга етиб келади ва бу ерда русларнинг катта қўшини тўпланади.

16 рота пиёда аскар, 20 та тўп, қарийб минг нафар отлиқ аскардан иборат қўшин Қўқонга қараб юриш қилади.

Рус қўшинларига энг биринчи Қўқон хонлигидаги мустаҳкам истеҳком – Маҳрам қўрғони дуч келади. Қўрғонда 15 минг навкар бўлганига қарамасдан унинг ҳимоячилари енгилади.

Шундан сўнг Қўқон хонлиги аҳолисида, навкарлар ва аёнларда русларни енгиб бўлмайди деган тушкун кайфият шаклланади. Шу тариқа 1875 йил сентябрда Кауфман жиддий қаршиликка учрамасдан Қўқонга кириб боради.

Насриддинхон ва унинг аёнлари Кауфмандан кечирим сўрашади. Шу ерда Қўқон хонлиги ва Россия империяси ўртасида янги битим тузилади. Унга кўра Насриддинхон ўзини Россия императорининг хизматкори деб тан олади.

Шунингдек, битимда Қўқон хонлиги Россияга 2 миллион рубл миқдорда товон пули тўлаши ва Сирдарёнинг ўнг қирғоғидаги ерлардан воз кечиши белгилаб қўйилади. Оқибатда Наманган ва Чуст каби шаҳарлар Россия ихтиёрига ўтиб кетди.

Бундан ташқари, хонлик Россиянинг рухсатисиз ҳеч қандай ташқи алоқалар ёки ҳарбий ҳаракатлар қилмаслик мажбуриятини олади. Шу тариқа, Қўқон хонлиги ҳам худди Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги каби Россиянинг вассалига айланади. Аммо қора кунлар ҳали олдинда эди.

Қўқон хонлиги билан битим тузганидан сўнг Кауфман Андижондаги қўзғолончиларга қарши кичик қўшин юборади. Руслар бу жангда енгилади.

Ғалабадан руҳланган қўзғолончилар Қўқонга юриш қилади. Шу пайтда Насриддинхоннинг Кауфман билан шармандали битим тузганидан норози бўлган қўқонликлар ҳам қўзғолон бошлайди. Бўлиб ўтган жангларда Насриддинхон қўшинлари енгилади ва у оила аъзоларини олиб Қўқондан чиқиб кетади.

Шу тариқа, Қўқон хонлигини бор-йўғи уч ой – 1875 йил июлдан октябр ойигача бошқарган Насриддинхон руслар паноҳига қочади. У ҳам отаси Худоёрхон сингари аввал Хўжандга сўнг Тошкентга боради.

Кауфман Генерал Скобелев бошчилигидаги қўшинларни қўзғолончиларнинг маркази бўлган Андижонга юборади. Балиқчи яқинидаги асосий жангда қўзғолончилар енгилади.

Шундан сўнг қонхўр генерал Андижонни тўпга тутиб вайрон қилади ва бир неча минг нафар тинч аҳоли вакилларини ўлдиради.

1876 йил январда бўлиб ўтган жангларда сохта Пўлатхон қўшинлари Скобелевдан енгилади. Бу пайтда сохта Пўлатхон Қўқонда эди.

1876 йил февралда Наманганда турган Скобелев Александр II нинг имзоси қўйилган фармон олади. Фармонда Қўқон хонлигини бутунлай босиб олиш топшириғи берилган эди. 1876 йил 15 февралда Қўқон қамал қилинади.

«Қамалда қолган Насриддинхон эндиликда ўзаро жанглар, қирғинлар натижасида ниҳоятда эзилган ва қашшоқлашган Фарғонани тиш-тирноғигача ҳарбий жиҳатдан мукаммал қуролланган ёвуз рус босқинчиларидан сақлаб қолишга кўзи етмайди. Оддий ибтидоий қуроллар билан қуролланган халқини қонга ботириш гуноҳ деб билган Қўқоннинг сўнгги хони русларга таслим бўлади. 1876 йил 19 феврал куни Россия императори Александр II нинг фармони билан Қўқон хонлиги тугатилиб (шу куни император туғилган кунига ҳадя сифатида тортиқ қилинган), унинг ҳудудида Туркистон генерал-губернаторлиги таркибидаги янги Фарғона вилояти тузилади», деб ёзади Шохруҳбек Умаров «Худоёрхон авлодлари тарихи» асарида.

Шохруҳбек Умаров шу ўринда саналарда адашган. Александр II 18 февралда туғилган ва катта эҳтимол билан Қўқон хонлигининг тугатилиши ҳам 1876 йил 18 февралда эълон қилинган.

Қолаверса, 1876 йил феврал ойида Қўқон руслар томонидан қамал қилинганда у ерда сохта Пўлатхон ҳукмдорлик қилар, Насриддинхон бу пайтда Тошкентда эди.

Шунингдек, тарихчи олим Ҳайдарбек Бобобеков ўзининг «Исён» номли мақоласида шундай келтиради:

«1875 йил 9 октябр куни эрталаб Қўқон шаҳрида қўзғолон бошланади. Қўзғолончилар хон ўрдасига ҳужум қилишади. Бу ҳужум 3 соат давом этади. Насриддинхон ўрдадан қочиб кетишга мажбур бўлади. Қўзғолонда шаҳар атрофидаги қишлоқ аҳолиси ҳам фаол иштирок этади. Жангда Отабек ноиб ҳалок бўлади. Султон Муродбек асирга олинади, Мирза Ҳаким парвоначининг уйи талон-торож қилинади ва ёндириб ташланади. Шундай қилиб Пўлатхон Қўқон хонлигига ягона ҳоким бўлиб қолади».

Қўқонда кечган жангларда енгилган сохта Пўлатхон Марғилон яқинида руслар қўлига тушади. Уни халқнинг кўз ўнгида дорга осишади. Ҳайдарбек Бобобековнинг ёзишича, сохта Пўлатхон – Мулла Исҳоқ ўлдирилганда 33 ёшда бўлган.

Шу тариқа Қўқон хонлиги тугатилади. Унинг ўрнига ташкил этилган Фарғона вилоятига генерал Скобелев ҳарбий губернатор этиб тайинланади.

Пўлатхон ўлдирилгандан сўнг ҳам Фарғона водийсининг турли ҳудудларида қўзғолонлар давом этади. Айниқса, «Олой маликаси» номи билан танилган аёл – Қурбонжон додхоҳ ва унинг ўғиллари бошчилигидаги қўзғолон қарийб бир йил давом этади.

Руслар Қурбонжон додхоҳни енга олмагач Скобелев у билан музокаралар ўтказади. Руслар аёлнинг барча шартларига рози бўлгач у қаршилик кўрсатишни тўхтатади.

Тошкентга қочган Насриддинхоннинг ҳаёти ҳам отаси Худоёрхонники каби аянчли тугайди. Худоёрхонни алдаб Оренбургга жўнатган Фон Кауфман Насриддинхонни Россиянинг Владимир шаҳрига сургун қилади.

«У сургунда ватани Фарғонани эсдан чиқара олмайди. Совуқ ҳамда айрилиққа чидолмай касалга чалиниб қолади. 1880 йилда Тошкентга қайтиб келишга рухсат олади. Бетоблигидан озиб кетган ва кучдан қолган Насриддинхон Тошкентга Туркистон орқали келади. У Туркистон шаҳрида яшаётган Оғачаойим, шаҳзода Фансуруллобек ва Ўрмонбекни олиб қайтади. Улар Шайх Ҳованди Тоҳур даҳасидаги Занжирлик маҳалласидан ижарага олинган уйда яшай бошлайдилар», деб ёзади Шохруҳбек Умаров.

1882 йилда Насриддинбек Тошкентда вафот этади. Уни Шайх Ҳованди Тоҳур қабристонига дафн этишади (Кейинчалик советлар даврида бу қабристон бузиб юборилган ва ўрнига маъмурий бинолар тикланган. Ҳозирги Ислом университети биноси ҳам шу қабристон ўрнига қурилган).

Пўлатхон қўзғолони советлар талқинида

Марказий Осиёнинг октябр тўнтаришидан аввалги тарихини қоралаб келган советлар русларга қарши кўтарилган бир нечта қўзғолон ҳақида лом-лим демаган ҳолда Пўлатхон қўзғолонига катта эътибор беришган.

Дарсликларда 1898 йилда Мингтепада бўлиб ўтган (Ҳозирги Марҳамат тумани) Дукчи эшон қўзғолони ёки 1916 йилда содир бўлган Жиззах қўзғолони кабилар унча эсланмай, Пўлатхон қўзғолони ҳақида батафсил маълумотлар берилган.

Советлар Пўлатхон қўзғолонини «оддий халқнинг феодалларга ва хонга қарши озодлик ҳаракати» деб талқин қилишади. Кўпгина тарихчилар эса бунга қўшилмайди ва Пўлатхон қўзғолонини қипчоқларнинг Қўқон тахтини эгаллаш учун бошлаган ҳаракати деб талқин қилади.

Жумладан, Шохруҳбек Умаров ўз китобида шундай ёзади:

Шўролар замонида халқ қўзғолони, миллий-озодлик ҳаракати номи билан шуҳрат топган Пўлатхон исёни аслида бу ўтроқ аҳоли ва кўчманчи қирғиз-қипчоқлар ўртасида бўлиб ўтган тўқнашув, уруғ-аймоқчилик асосида бўлиб ўтган қаршилик эди. Бу исён орқали қирғиз-қипчоқлар хонликдаги ҳукуматни қўлга олишга интилдилар. Пўлотхон хонликдаги энг ёвуз, энг мутаассиб ва жоҳил кучлар қўлидаги қўғирчоқ хон эди. Айни шу кучларнинг хиёнати натижасида рус қўшинлари Фарғона водийсини босиб олишга муваффақ бўлдилар».

Тарихий манбааларга кўра, сохта Пўлатхонга раҳнамолик қилган Абдураҳмон офтобачи Мусулмонқулнинг ўғли, Худоёрхоннинг қайниси, Насриддинхоннинг эса тоғаси бўлган.

Бир пайтлар Худоёрхон ўз қайнотаси Мусулмонқулни дорга остирган, сўнг хонлик ҳудудида қипчоқлар қирғинини уюштирган, ўшанда кўплаб одам ўлдирилганди. Эҳтимол, Абдураҳмон офтобачи ўша ишларнинг қасоси учун Худоёрхонга қарши чиққан.

Охир-оқибат сохта Пўлатхон бошчилигида Худоёрхонга қарши кўтарилган қўзғолон хонлик ҳудудининг руслар томонидан тезроқ босиб олинишига сабаб бўлади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид