КГБ ва МРБ ўртасидаги жосуслик ўйинлари: Степан Бандерани ўлдирган КГБ жосуси нега Ғарбга қочиб кетганди?
1957 йилда ГФРда Украина миллий озодлик ҳаракати раҳбари Лев Ребет вафот этади. Унга юрак хуружи ташхиси қўйилади. 1959 йилда Ребетнинг сафдоши Степан Бандера вафот этади. Аввалига Бандера ҳам юрак хуружидан ўлгани айтилади. Бироқ унинг танасидан заҳар излари топилгач Бандера суиқасд қурбони бўлгани ойдинлашади. Кейинчалик Ребет ҳам ўз ажали билан ўлмагани, Бандера ва уни КГБ жосуси Богдан Сташинский ўлдиргани ошкор бўлади.
КГБ жосуси Богдан Сташинсий номи учта иш билан машҳур бўлган. У 1957 йилда Мюнхен шаҳрида яшаб келаётган Украина миллий озодлик ҳаракати раҳбари Лев Ребетни ўлдиради.
1959 йилда Мюнхенда Ребетнинг сафдоши Степан Бандерани заҳарли ўқ билан отиб ўлдиради.
1961 йилда Сташинский кутилмаганда Ғарбий Берлин орқали ГФРга қочиб ўтади. КГБга садоқат билан хизмат қилган муҳим рутбадаги жосуснинг Ғарбга қочиб ўтишига нима сабаб бўлганди?
1950-йилларнинг иккинчи ярми, 1960-йиллар боши КГБ ва давлат разведка бошқармаси (ГРУ) учун оғир йиллар бўлди. Жуда кўп ходимлар АҚШ ва Европа давлатлари хавфсизлик хизматлари билан алоқа боғлаб Ғарбга қочиб ўтди. Улар орасида КГБ машҳур жосуси Богдан Сташинский ҳам бор эди.
Ўз садоқати билан ном қозонган ва Украина миллий озодлик ҳаракатининг икки нафар раҳнамосини ўлдирган Богдан Сташинскийнинг Ғарбга қочиб ўтиши кутилмаган ҳол эди.
Сташинский Ғарбга қочиб ўтганидан сўнг КГБ унинг ортидан ов бошлаб юборади. Бироқ КГБ жосуслари Богданни ўлдиришга муваффақ бўла олмайди.
Богдан Сташинскийнинг таржимайи ҳоли яна бир ҳақиқатни юзага чиқаради. У ҳақдаги маълумотларда Богдан 1931 йилда Полша Республикасининг Лвов воеводствосида туғилгани ёзилган.
Лвов шаҳри ва унинг атрофидаги ерларда азалдан украинлар яшаб келган бўлса ҳам у жойлар 1939 йил октябр ойигача Полша таркибида эди.
Фашистлар Германияси ва СССР ўртасида тузилган шартномага (Молотов-Риббентроп пакти) кўра советлар Полшанинг шарқий қисмини 1939 йил сентябр-октябр ойларида босиб олишади. Шу тариқа мактаб ёшида бўлган Сташинксий ҳам совет фуқаросига айланади. Бироқ бу узоқ давом этмайди.
Совет ҳукумати Ғарбий Украинада ўз ҳокимиятини шакллантиришга улгурмасдан 1941 йил 22 июнда фашистлар СССРга бостириб киради. Лвов тез фурсатда немислар қўл остига ўтади.
1944 йилда совет армияси Ғарбий Украинани фашистлардан озод қилади. Бу пайтда Богдан мактабнинг юқори синфида ўқирди. 1945 йилда у мактабни битириб институтга киради.
Ўша пайтда кўплаб ёшлар қатори Сташинский ҳам Украинани озод қилиш миллий ҳаракатига хайрихоҳ бўлган ва унинг махфий йиғинларида қатнашиб турган.
Ғарбий Украинада совет ҳокимиятини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилар экан, НКВД ходимларига исталган шахсни бўлимга олиб бориб тергов қилишга ва унинг сиёсий қарашларини текшириб кўришга ваколат берилганди.
1950 йилда Сташинский ҳам НКВД ходимлари қўлига тушиб қолади ва биринчи сўроқдаёқ украинларнинг махфий ташкилотига хайрихоҳ бўлганини тан олади.
Шундан сўнг НКВД ходимлари уни жазоламаслик эвазига маълумот етказиб туришини таклиф этишади. Богдан рози бўлади. Шу тариқа Украина миллий озодлик ҳаракати аъзоси НКВД билан фаол ҳамкорлик қила бошлайди.
КГБдаги фаолиятнинг бошланиши
1953 Сталин вафотидан сўнг НКВД раҳбари Лаврентий Берия қўлга олиниб ўлимга ҳукм қилинади. Шундан сўнг КГБ НКВД таркибидан чиқарилиб, алоҳида тузилмага айлантирилади.
Шу орада ишончни ошиғи билан оқлаган ва ўз ҳаммаслакларини НКВДга ушлаб берган Сташинский шартли «Олег» номи билан КГБ тузилмасига ишга олинади. 1954 йилда Богданни Берлинга жўнатишади. КГБ ГФРдан бошпана топган Украина миллий озодлик ҳаракати раҳнамоларини йўқ қилишни режалаштирганди.
1956 йилда Сташинский КГБ 6-бўлимнинг ГДР бўйича мувофиқлаштирувчиси Алексей Деймондан Украина миллий озодлик ҳаракати раҳнамоларидан бири Лев Ребетни ўлдириш топшириғини олади.
Ўша пайтда Лев Ребет Мюнхенда яшар ва ГФРда украин тилида чоп этиладиган журнал бош муҳаррири эди. Сташинский аввалига уни ўғирлаб кетмоқчи бўлади. Бироқ бегона давлатда бу осон эмасди. Шундан сўнг Сташинскийга Лев Ребетни ўлдириш кифоялиги айтилади.
1957 йилда Сташинский Зигфирид Дрэгер номига олинган паспорт билан бир неча марта Мюнхенга боради ва Лев Ребетни кузатади. Ўша йили кузда Сташинский Лев Ребетни эрталаб у редакция биносига киришида заҳарли ўқ узадиган махсус тўппонча билан отиб кетади.
Орадан бироз ўтиб у Левнинг ўлганига ишонч ҳосил қилиш учун ҳодиса жойига қайтиб келади. Сташинский тез ёрдам ходимлари жони узилган Левни олиб чиқишаётганини кўради ва Берлинга қайтади.
Сташинский ишлатган заҳар инсонга 2-3 дақиқада таъсир қиларди. Ўшанда Лев Ребетни КГБ ходими ўлдиргани ҳеч кимнинг хаёлига келмайди ва у юрак хуружи туфайли вафот этган деб қайд этилади. КГБ эса операция муваффақиятли ўтказилгани учун Сташинскийни тақдирлайди.
Степан Бандеранинг ўлдирилиши
1958 йил 25 май куни Сташинский Украина миллий озодлик ҳаракати раҳнамоларидан яна бири Степан Бандерани ўлдириш ҳақида топшириқ олади. Степан Бандера хавфсизлик нуқтайи назаридан Мюнхенда бошқа исм-шариф билан яшар, бироқ КГБ буни биларди.
1959 йил 15 октябр куни Сташинский Бандерани уйига кетаётганида кузатиб боради. Йўлакда Лев Ребет ўлдирилган қуролдан унга ҳам ўқ узади. Сўнг у ердан чиқиб кетади.
Орадан бир муддат ўтиб қўшни аёл Бандеранинг оғзи ва бурнидан қон оққан ҳолда йўлакда ётганини кўриб қолади. Аёл дарҳол юқори қаватдаги уйида бўлган Бандеранинг хотинига, сўнг полиция ҳамда тез ёрдамга хабар беради. Тез ёрдам Бандерани шифохонага олиб кетаётганида у вафот этади.
Иккинчи муҳим топшириқни ҳам муваффақиятли бажарган Сташинский Франкфурт орқали Берлинга учиб кетади.
Шифокорлар аввалига Бандерани инсултдан вафот этган деб ўйлашади. Полициячилар у ўз жонига қасд қилган деган тахминга ҳам боради. Бироқ шифохонада Бандеранинг танасида цианид калий топилади.
Шундан сўнг Берлин полицияси Бандерага суиқасд уюштирилгани бўйича иш очади. Бандеранинг ГФРда яшаётган ҳаммаслаклари унинг ўлимида КГБнинг қўли борлиги ҳақида айтиб чиқади. Бироқ советлар буни рад этади.
1959 йил 3 ноябр куни Богдан Сташинский КПСС марказий қўмитаси президиумининг махфий фармони билан «Қизил байроқ» ордени билан тақдирланади.
Ғарбга қочиш
1959 йил ноябр ойида «Қизил байроқ» орденини топшириш учун Богдан Сташинский Москвага чақирилади. У декабр ойи бошида Александр Крилов исм-шарифи билан Москвага келади. Уни КГБ раҳбари Александр Шелепин ва хорижий разведка хизмати бошлиғи Алексей Крохин қабул қилади.
Сташинский раҳбарият билан учрашув чоғида Инга исмли немис қиз билан никоҳдан ўтишига рухсат сўрайди. Гап шундаки, Берлинда яшаб юрган Сташинский 1957 йилда Инга исмли немис қизи билан танишиб, у билан учрашиб юради. Бироқ қизга ўзининг КГБ жосуси эканини айтмайди.
КГБ жосусининг хорижлик аёлга уйланиши қабул қилиб бўлмас ҳол эди. Аммо раҳбарият Сташинскийга немис қизга уйланишга рухсат беради. Бироқ унга хотини билан Москвага келиб яшаш шарти қўйилади.
Ўз раҳнамоларидан уйланишга рухсат олган Сташинский Берлинга қайтгач Ингага ГДРни тиклаш ишларида қатнашаётган оддий совет фуқароси эмас, КГБ жосуси эканини айтади. Қиз ундан ҳақиқатни эшитиб даҳшатга тушади.
Инга Москвада ҳар иккисини жазолашлари мумкинлигини айтади ва Сташинскийга Ғарбга қочишни таклиф қилади. Вазиятни чамалаб кўрган Богдан қизнинг гапларида жон борлигини англайди.
Бироқ Сташинский қизга дабдурустдан Ғарбга қоча олмаслигини, бу учун ўзига бироз вақт кераклигини айтади. Қиз рози бўлади. 1960 йил бошида Инга ва Богдан бошқа исм-шариф билан Москвага келишади.
Москвада Сташинскийга сартарош ниқоби остида Буюк Британия ёки Швейцарияга кўчиб ўтишга тайёргарлик кўришни буюришади. Эр-хотинга Москвада квартира беришади ва улар бир неча ой шу ерда қолиб кетишади.
1960 йил кузда Инга ҳомиладор бўлади. Раҳбарият хорижга кетишда муаммо бўлмаслиги учун Сташинскийга болани аборт қилиш ёки туғилгандан сўнг болалар уйига жойлаш лозимлиги ҳақида топшириқ беради. Бироқ Инга бунга кўнмайди ва болани туғишга қарор қилади.
1960 йил декабр охирида Сташинский ва хотини Берлинга Инганинг ота-онасини кўриб келгани бормоқчи бўлишади. Раҳбарият фақат Ингага рухсат беради ва у жўнаб кетади. Сташинский Москвада қолади. Инга ортга қайтмайди ва ГДРда қолади.
1961 йил мартда Берлинда Инга муддатидан аввал туғади. Чақалоқ ўғил эди. Сташинский раҳбариятдан хотинининг олдига бориб келишга рухсат сўрайди ва рад жавобини олади.
1961 йил августда Сташинскийнинг ўғли вафот этади. Ўша пайтда Инга эрининг КГБ жосуси экани ҳақида ГДР махфий хизматига маълумот бериши мумкинлиги инобатга олиниб, Сташинскийга бошқа бир жосус ҳамроҳлигида Берлинга боришга рухсат беришади.
Берлинга етиб борган Сташинский шифохонага бориб ўғлининг жасадини кўради. Сўнг Инга билан қочишга қарор қилишади. Сташинский ўзини кузатиб юрган КГБ жосусининг кўзини шамғалат қилиб Инга билан таксига ўтиради ва ГФР назоратида бўлган Ғарбий Берлинга жўнайди.
Улар қўлга тушиб қолмаслик учун бир неча марта транспорт алмаштириб Ғарбий Берлин ҳудудига ўтишади. Ўша пайтда Инга ўз ҳужжати билан ГФР ҳудудига бемалол ўтар, Сташинскийда ҳам немисча исм-шариф билан олинган паспорт бор эди.
Улар чегарага бораётганда ўзларини ГФР чегарачиларига топширишни мақсад қилишади. Бироқ сал аввал Хрушчёв ҳамда ГДР раҳбари ўртасида ГДР фуқаролари ГФРга эркин ўтишлари ҳақида имзоланган келишув Богдан ва Инга қочган тунда кучга кирган эди. Шу сабабли ГФР чегарачилари эр-хотинни ўтказиб юборишади.
Богдан ва Инга Ғарбий Берлинга ўтгач тўғри полиция идорасига боришади ва ўзларини топширишади. Орадан бир кун ўтиб уларни Ғарбий Берлиндан Франкфуртга олиб чиқиб кетишади.
Франкфуртда Сташинскийни Марказий разведка бюроси (МБР) ходимлари сўроқ қилади. У шу ерда 1957 йилда Лев Ребетни, 1959 йилда Степан Бандерани ўлдирганини тан олади.
Сташинскийнинг Ғарбга қочиб ўтгани ҳақида КГБ раҳбарияти хабар топгач ГДРда унга раҳбарлик қилган жосус, шунингдек, КГБнинг Берлиндаги резидентураси раҳбари Москвага чақириб олинади. Улар ишдан бўшатилиб жиноий жавобгарликка тортилади.
Шунингдек, КГБ ГДР ва ГФРдаги жосусларига Сташинскийни йўқ қилишни буюради. Бироқ у қамоқда сақланаётгани учун бунинг иложи бўлмайди.
Суд жараёни
Гарчи Ғарбга қочиб ўтиб кўплаб махфий маълумотларни ошкор қилган бўлса-да, Сташинский иккита қотиллик учун жавоб бериши лозим эди.
Лев Ребет ва Степан Бандерани КГБ ходими ўлдиргани ошкор бўлгач бутун дунёда яшаётган украинлар турли шаҳарларда СССРга қарши намойишлар ўтказишади. Бу пайт Сташинский тергов қилинаётган эди.
1962 йилда Сташинский суд-тиббий экспертизасидан ўтказилади. Экспертизада руҳий соғлом деб топилади. Ўша йили октябр ойида суд жараёни бошланади. Судда даъвогар сифатида Степан Бандеранинг қизи Наталя ҳам қатнашади.
Суд жараёнида Сташинский КГБга тегишли ва ўз фаолиятига доир жуда кўп маълумотларни ошкор қилади. У кейинги «қурбон» сифатида Бандеранинг ёрдамчиси Украина миллий озодлик ҳаракатининг яна бир раҳнамоси Ярослав Стецкони ўлдириш ҳақида топшириқ олганини ҳам айтади.
Маълум бўлишича, Инга билан турмуш қургач Москвага қайтиши Стецкони ўлдириш операциясини ўтказишга тўсқинлик қилган.
Прокурор Сташинскийга умрбод қамоқ жазоси сўрайди. Бандеранинг қизи буни қўллаб-қувватлайди. Гарчи у иккита қотилликда айбдор деб топилган бўлса ҳам Сташинский бор-йўғи 8 йил қамоқ жазоси олади.
Суд Сташинский ўз айбига иқрор бўлиб келганини инобатга олган ҳолда унга енгил жазо берилганини маълум қилади. Суд ҳукми эълон қилингач немислар ва Германиядаги украин жамоаси норози бўлади. Уларга кўра Сташинский умрбод қамалиши керак эди.
1969 йилда ГФР Адлия вазири Сташинский муддатидан икки йил аввал қамоқдан озод бўлганини маълум қилади. Шу тариқа КГБ собиқ жосуси 6 йил қамоқда ўтиради ва 1968 йилда озод қилинади.
Сташинскийнинг кейинги ҳаёти ҳақида маълумотлар йўқ. Россиялик таҳлилчиларнинг маълумотига кўра, 89 ёшли Сташинский айни пайтда ҳам тирик ва у АҚШда яшамоқда.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
14:37 / 08.12.2024
КГБ бошлиғидан давлат раҳбарига айланган шахс – қаттиққўл Андропов суиқасд қурбони бўлганми?
00:31 / 14.11.2024
АҚШ разведкаси ходими қўлга олинди. У Исроилнинг Эронга ҳужумига оид махфий маълумотларни сиздиришда гумонланмоқда
13:13 / 28.09.2024
“Мистер ва миссис Огородникофф”: АҚШда ишлаган КГБ жосуслари қандай фош қилинганди?
12:10 / 21.09.2024