КГБ бошлиғидан давлат раҳбарига айланган шахс – қаттиққўл Андропов суиқасд қурбони бўлганми?
1984 йил 9 феврал куни СССР раҳбари Юрий Андропов вафот этади. Расмий маълумотларга кўра, унинг ўлимига буйрак ишдан чиқиши сабаб бўлган. Бироқ иттифоқ парчаланиб кетгандан сўнг 1982 йилда Андроповга суиқасд уюштирилгани ва у ўшандан қолган жароҳат туфайли ҳалок бўлгани ҳақида гаплар тарқалади.
Юрий Андропов бор-йўғи 69 йил «яшаган» СССР тарихидаги муҳим шахслардан бири ҳисобланади. У 1967 йилдан 1982 йилгача КГБ (Давлат хавфсизлик қўмитаси)ни бошқаради.
Унгача 1962-1967 йиллар оралиғида КПСС марказий қўмитаси котиби лавозимида ишлаган.
1982 йил 24 май куни Сусловнинг ўлимидан сўнг Андропов КГБ раҳбарлигини Виталий Федорчукка топшириб, КПСС марказий қўмитаси котиби лавозимини қайта эгаллайди.
Тарихчиларга кўра, Андропов нафақат СССРдаги балки дунёдаги энг қудратли ташкилот раҳбарлигини топшириб, КПСС марказий қўмитаси котиби лавозимини олиши келажакда СССР раҳбари бўлиш режаси билан боғлиқ.
Чунки Ўзбекистонга ташриф билан келган Леонид Брежнев 1982 йил 23 март куни Тошкент авиация заводида жароҳат олади ва соғлиги бирмунча ёмонлашади.
Шундан сўнг Андропов кўп ўтмай КГБ раҳбарлигидан кетади ва атрофига тарафдорларини тўплаб, СССР раҳбари бўлиш учун тадорик кўра бошлайди.
1982 йил 10 ноябр куни СССР раҳбари Леонид Брежнев вафот этади. Орадан икки кун ўтиб, ҳали у қабрга қўйилмасидан аввал Юрий Андропов мамлакатнинг янги раҳбари бўлади.
Андропов КГБ раҳбари
Андропов 1967 йил 18 май куни КГБ раиси лавозимига тайинланади. Ўша пайтда Брежневнинг атрофида ишончли одамлар кўп эди. Бироқ у бу масъулиятли лавозимни Андроповга бергани кўпчиликни ажаблантиради.
Кейинчалик Брежнев бу ишидан афсусланади, аммо КГБ раҳбари сифатида «темир мушти» билан мамлакатни қўлга олган Андроповни ишдан бўшатишга ҳадди сиғмайди.
Андроповдан аввал КГБ раҳбари бўлган Владимир Семичастний Иосиф Сталиннинг қизи Светлана Аллилуеванинг СССРдан қочиб, АҚШдан сиёсий бошпана сўраши ортидан ишдан олинган дейилади. Аслида эса Брежнев Семичастнийни ўзига қарши фитна тайёрлашда гумон қилиб ишдан олганди.
Андропов КГБ раҳбари бўлгандан сўнг СССРнинг ташқи ва ички сиёсатига фаол аралаша бошлайди. Бу ишлар Брежневга ёқмаган, бироқ у қўрқув туфайли Андроповга индай олмаган.
Андроповнинг ана шундай ишларидан бири Афғонистонда амалга оширилади. Аввалига КГБнинг махсус бўлинмалари бу мамлакатдаги нотинчликни авж олдиради. Сўнг совет қўшинлари Афғонистонга бостириб киради.
Охир-оқибат бу уруш ўн йилга чўзилади ва СССРнинг ичдан емирилишига ҳамда совет қўшинларининг Афғонистонни шармандаларча ташлаб чиқишига сабаб бўлади.
Ички ишлар вазири билан ўзаро душманлик
1970-йиллар охирида Андропов СССР ички ишлар вазири Шчёлоков билан тескари бўлиб қолади. Улар ўртасидаги биринчи тортишув Кремлни ким қўриқлаши юзасидан келиб чиқади.
Андропов КГБ раҳбари бўлгач Кремлни қўриқлашни ИИВдан тортиб олади. Бироқ Шчёлоков мамлакат қонунлари бўйича Кремлни КГБ ходимлари эмас, ИИВ ходимлари қўриқлаши лозимлигини айтиб, «чекист»ларни Кремлдан қувиб юборади.
Унинг бу иши Андроповнинг ғазабини қўзғатади. Бироқ КГБ раҳбари қанчалик қудратли бўлмасин, Шчёлоковга ҳеч нарса қила олмайди. Чунки вазир мамлакат раҳбари Брежнев билан яқин дўст эди.
Андропов ва Шчёлоков раҳбарлик лавозимига қарийб бир вақтда келган. Шчёлоков 1966 йил сентябрда СССР ички ишлар вазири этиб тайинланган. Андропов эса 1967 май ойида КГБ раҳбари бўлган.
КГБ раҳбари давлатнинг ички ва ташқи ишларига аралаша бошлар экан, том маънода милицияни ҳам ўзига тобе ҳисобларди. Бироқ Брежневнинг ҳимоясида бўлган Шчёлоков Андроповга бўйсунишни хоҳламасди.
Андроповнинг ҳатто Брежневни ҳам писанд қилмай ўзини мамлакатдаги энг қудратли шахс ҳисоблаши Шчёлоковга ёқмасди.
1980 йилда содир бўлган бир ҳодиса туфайли икки раҳбарнинг ўзаро зимдан олиб борган низоси ўзининг чўққисига чиқади. Милиция ходимлари КГБ майорини ўлдириб қўйишади.
Бироқ ана шундай вазиятда ҳам ички ишлар вазиридан ўч ололмаган Андропов аламини Москва шаҳар милициясидан олади. Ўлдирилган КГБ майори учун тўрт нафар милиция ходими ўлим жазосига ҳукм қилинади. Яна кўплаб ходимлар турли жазоларни олишади.
Ўшанда Шчёлоков мамлакатдаги энг қудратли шахс билан қарама-қаршилик кейинчалик аянчли оқибатларга олиб келишини билмасди.
Андропов СССР раҳбари ва Шчёлоковдан ўч олиш
1982 йил 10 ноябр куни кутилмаганда Брежнев вафот этади. Унинг ўлими ҳақида оммага 11 ноябр куни хабар берилади ва 15 ноябр куни Брежнев дафн этилади.
Андропов Брежневнинг дафн маросими ўтишини ҳам кутиб ўтирмайди ва 12 ноябр куни КПСС марказий қўмитасининг биринчи секретари лавозимини эгаллаб, СССР раҳбари бўлади.
СССР тарқаб кетганидан кейин Брежнев ўз ажали билан ўлмагани ва унга Андропов суиқасд қилгани ҳақида гап-сўзлар ўртага чиқади.
Кейинчалик, айрим тарихчилар ҳамда Кремлда содир бўлган воқеаларнинг тирик гувоҳлари 10 ноябр куни Брежнев ўз ажали билан ўлмаганини, унга Андроповнинг хос одамлари суиқасд уюштирганини айтишади.
Унга кўра, 1982 йил октябр ойи ўрталарида Брежнев КПСС марказий қўмитаси котиби И.Капитоновга 15 ноябр куни истеъфога чиқишини ва ўз ўрнига Украина раҳбари В.Шербицкийни тайинлашини айтади.
Ўз навбатида Капитонов бу хабарни Андроповга етказади. Андропов эса фурсатни бой бермайди ва Брежневни тиббий ёрдамсиз қолдириб, унинг вафотига сабабчи бўлади.
Андропов давлат раҳбари бўлгандан 35 кун ўтиб, 17 декабр куни унинг биринчи қилган иши Шчёлоковни ишдан бўшатиш бўлади.
Кўп ўтмай КГБ Андроповнинг топшириғи билан Шчёлоковга қарши кампания бошланади. Собиқ вазир мансабни суиистеъмол қилишда, пора олишда айбланади. КГБ Шчёлоковнинг уйида тинтув ўтказади ва у ердан қиммат автомобиллар, суратлар ва қимматбаҳо буюмлар топилади.
Аслида ўша пайтда юқори лавозимли исталган амалдорнинг уйидан Шчёлоковнинг уйидан топилгандан кўп нарса топиларди. Бироқ Андроповга фақат Шчёлоков ёқмай қолганди.
Шчёлоковнинг давлатга етказган зарари 500 минг рублга баҳоланади.
1983 йил 19 феврал куни КГБ томонидан уюштирилаётган босимларга чидай олмаган Шчёлоковнинг хотини Светлана Шчёлокова ўз жонига қасд қилади.
Норасмий маълумотларга кўра Светлана ўз жонига қасд қилмаган. Уни КГБ ходимлари ўлдиришган ва «жонига қасд қилиш» саҳнаси уюштирилган.
1983 йил 15 июн куни Шчёлоков КПСС марказий қўмитаси аъзолигидан чиқарилади. КГБ ходимлари собиқ вазирни тергов қилишда давом этишади.
Андроповни Шчёлоковнинг хотини отганми?
1984 йил 9 февралда Андропов 69 ёшида вафот этади. Кўп ўтмай ўз ажали билан ўлмагани ҳақида гап-сўзлар тарқайди.
Айтишларича, Андроповни Шчёлоковнинг хотини Светлана ўқ отар қуролдан ўқ узиб жароҳатлаган. Охир-оқибат СССР раҳбари шу жароҳат туфайли вафот этган. Расмий маълумотларга кўра Андропов ўткир буйрак етишмовчилигидан ўлган.
Совет давлати раҳбарининг соғлиғи 1983 йилнинг ёзидан бошлаб бирданига кескин ёмонлашади. Андропов ўзини шунчалик ёмон ҳис қиладики, Москвага ташриф билан келган Германия канцлери Ҳелмут Кол билан расмий учрашувга уни тансоқчилар суяб олиб боришади.
1983 йил сентябрда Андропов соғлигини тиклаш учун Қримга боради. Аммо касалликдан заифлашган тана у ерда тутган совуққа дош бера олмайди. Андроповнинг дарди баттарлашади ва у операция қилинади.
Операция муваффақиятли ўтказилади, аммо ундан кейинги тикланиш муолажаларида у қаттиқ қийналади. Яраларнинг битиши ҳам қийин кечади ва охир-оқибат Андропов 1984 йил 9 февралда вафот этади.
Айрим манбаларга кўра, ўлимидан қарийб 1 йил аввал 1983 йил 19 феврал куни Андроповга Шчёлоковнинг хотини Светлана Шчёлокова ўқ узган.
Гап шундаки, Андропов ва Шчёлоков ҳукуматга қарашли Кутузов проспектидаги кўп қаватли 26-уйда қўшни туришган. Андропов давлат раҳбари бўлгандан кейин ҳам шу ерда яшашда давом этади.
Кейинчалик, СССР тарқаб кетгач Андропов ва Шчелоковлар яшаган уйда фаррош бўлиб ишлаган аёл Светлана Шчёлокова Андроповга қандай қилиб ўқ узганини айтиб берган.
Унинг сўзларига кўра, Андропов ҳар доим лифтга бир ўзи чиқади. Қўриқчилар у лифтга чиқаётганда бошқаларнинг давлат раҳбарига ҳамроҳ бўлишига йўл қўйишмаган.
Бироқ 1983 йил 19 феврал куни оқшом пайти Андропов биринчи марта бу одатни бузишига тўғри келади. У чиққач эшик ёпилишидан аввал бир аёл шошилганча лифтга ўзини уради.
Аёл Шчёлоковнинг хотини Светлана Шчёлокова эди ва ўша пайтда унинг сумкасида тўппонча бўлган. Светлана Шчёлокова малакали шифокор эди ва у СССР раҳбарининг буйрагига ўқ узса ҳам Андропов узоқ яшай олмаслигини биларди.
Аёл Брежневга лифтда ўқ узади. Сўнг уйига кириб ўз жонига қасд қилади. Светлана Шчёлокованинг давлат раҳбарига ўқ узгани ҳақидаги гаплар бироз шубҳали туюлади.
Чунки Андропов КГБ бошлиғи бўлганда ҳам, СССР раҳбарига айланганда ҳам ҳар доим қўриқчилар билан юрган. Қолаверса, қўриқчилар назоратидан ўтиб лифтга у билан бирга кириш мутлақо мумкин эмасди.
Аммо қўриқчилар асосан лифтгача келишар, бошқалари Андропов яшайдиган хонадон эшиги олдида турган. Унда ҳам у давлат раҳбари бўлганидан сўнг. Қолаверса, эрига қилинаётган азоблар учун Светлана Шчёлокова ҳар нарсага тайёр эди.
Бошқа манбаларга кўра, Светлана Шчёлокова Андроповни отмаган. Унда жиддий касаллик бўлган ва у ўша туфайли вафот этган.
Андроповнинг касалликдан ўлгани ҳам бироз шубҳали. Чунки СССР раҳбарига мамлакатдаги энг маҳоратли шифокорлар қарашган. Ана шундай ҳолатда Андроповнинг 69 ёшда вафот этиши бироз шубҳали ва унга Светлана суиқасд уюштирган бўлиши ҳам мумкин.
Шчёлоковнинг аянчли ўлими
1984 йил 9 феврал куни кутилмаганда Андропов вафот этади. Бироқ унинг садоқатли шогирдлари амал курсисида бўлгани учун Шчёлоковга ўтказилаётган босим янада баттар кўриниш олади.
1984 йил 6 ноябр куни ундан генерал унвони тортиб олинади. Орадан бир ой ўтгач 1984 йил 7 декабр куни собиқ вазир партия сафидан ўчирилади. Ўша пайтда Шчёлоковга қилинаётган муносабат унинг жавобгарликка тортилишига ва қамалишига қараб бораётганди.
1984 йил 12 декабр куни Шчёлоковга сўнгги зарба берилади. Ундан барча давлат мукофотлари тортиб олинади. Ўшанда собиқ вазирда тўртта Ленин ордени, яна йигирмадан ошиқ бошқа орден ва медаллар бўлган.
Бу ишдан сўнг унинг асаби дош бермай қолади ва орадан бир кун ўтиб, 1984 йил 13 декабр куни уйида ов милтиғи билан ўзини отиб, жонига қасд қилади.
Кейинчалик, Андропов ва ундан қолган тузум собиқ вазирни бир қанча ишларда айблар экан, уни болалари билан қўрқитиб, босим ўтказгани ва бунга чидай олмаган Шчёлоков ўз жонига қасд қилгани ойдинлашади.
Советлар мамлакатдаги энг муҳим ташкилот, ички ишлар вазирлиги раҳбарини ишдан бўшатиб, уни турли жиноятларда айблар экан, тафсилотлар оммадан яширилади.
Шу жумладан, унинг ўз жонига қасд қилгани ҳам яширилади. Чунки собиқ СССР ички ишлар вазирининг ўз жонига қасд қилиши мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўйини туширарди.
Шу сабабли Шчёлоков вафот этди, деган хабар берилади ва унинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида лом-лим дейилмайди.
1991 йилда СССР парчаланиб кетгач бир муддат архивлар очилади ва собиқ СССР ички ишлар вазирининг ўлими сирлари ошкор қилинади. Шунда Шчёлоковнинг аянчли тақдири ва у асосан Андропов билан қарама-қаршилик туфайли жабрлангани оммага ошкор бўлади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
14:59 / 15.12.2024
КГБни доғда қолдирган аёл – Сталиннинг қизи нега АҚШга қочиб кетганди?
12:13 / 07.12.2024
9 марта қамоқдан қочган ашаддий жиноятчи: “Айёр Ванка” ким эди?
15:18 / 24.11.2024
Лотереяга ютуққа чиққан «Волга»нинг саргузаштлари – СССРдаги энг шов-шувли ҳодиса тарихи
19:39 / 21.11.2024