Жаҳон | 14:59 / 15.12.2024
58563
17 дақиқада ўқилади

КГБни доғда қолдирган аёл – Сталиннинг қизи нега АҚШга қочиб кетганди?

СССРни узоқ йиллар бошқарган Сталиннинг болалари бошқалар ҳавас қиладиган даражада ҳаёт кечирмаган. Улар ёш пайтида онасидан айрилади. Ота эса жуда қаттиққўл эди. Кейинчалик, тўнғич ўғил урушда немисларга асир тушиб, концлагерда ҳалок бўлади. Иккинчи ўғил ҳам отасининг вафотидан сўнг хор бўлади. Қизи эса Америкага қочиб кетади.

1967 йил 6 март куни Американинг Москвадаги элчиси Левеллин Томпсон АҚШ давлат департаменти котиби Дин Раскдан махфий телеграмма олади.

Унда Иосиф Сталиннинг қизи Светлана Аллилуева Американинг Ҳиндистондаги элчихонасига боргани ва АҚШдан сиёсий бошпана сўрагани хабар қилинганди.

Хабарда Светлананинг Ҳиндистонга келган санаси ва бир неча марта уриниб АҚШ элчихонасига киргани ва ҳоказо тафсилотлар батафсил ёзилганди.

Элчи Томпсон давлат котибига бу масалада эҳтиёткор бўлишни, советлар Светлана ўз ихтиёри билан АҚШ элчихонасига борганини тан олмаслигини ва Америка томонини аёлни ўғирлаб кетганликда айблашини ёзиб юборади.

Амалда элчи ҳақ бўлиб чиқади. Светлана Аллилуеванинг АҚШдан сиёсий бошпана сўрагани ва океан ортига етиб боргани маълум бўлгандан сўнг советлар Америка махфий хизмати ходимлари уни ўғирлаб кетганини айтиб чиқади.

Бироқ ўша пайтда АҚШга бориб жойлашганига унча кўп бўлмаган Светлана советлар юзига яна бир “тарсаки туширади”.

У “Дўстимга йигирмата мактуб” номли асарини чоп эттиради ва китобида нега океан ортига ўтиб кетгани шарҳлаб, СССРдаги кўплаб ишларни ошкор қилади.

Китоб Америкада бестселлерга айланади. Хўш, СССРни чорак асрдан зиёд бошқарган ҳукмдорнинг қизи нега Америкага қочиб кетганди?

Ҳукмдорга айланган ўғри

Жаҳоннинг янги тарихида тоталитар тузум сифатида эсланадиган СССРни 1922 йилдан 1953 йилгача 31 йил давомида Иосиф Сталин бошқаради.

Бу шахс Тбилиси яқинидаги Гори шаҳарчасида туғилган ва Чор Россияси даврида императорга қарши бўлганларни маблағ билан таъминлаш мақсадида ўғриликлар қилиб турган. Ҳатто қўлга тушиб, қамалиб ҳам чиққанди.

Сталин нафақат СССР, балки жаҳон тарихида энг ёвуз ва қонхўр шахслар қаторида эсланади. Ахир унинг ҳукмронлик йилларида миллионлаб одамлар ўз уйларидан бадарға қилинди, қамалди, ўлдирилди...

Аввалига “оқ гвардиячилар”га қарши кураш, коллективлаштириш, кейин “мамлакатни ёт унсурлардан тозалаш”, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг “империализм тарафдорлари” каби айбловлар билан миллионлаб инсонлар маҳв этилган.

Сталиннинг ёвуз ишларида 1938 йилдан бошлаб НКВДни бошқарган Лаврентий Берия асосий ташкилотчи ва ижрочи бўлган. Айнан Бериянинг чақувлари ва ташаббуслари билан кўплаб инсонлар қамалган ва ўлдирилган.

Сталин икки марта уйланган. Биринчи хотини Екатерина Сванидзе бўлган ва ундан Яков исмли ўғил фарзанд кўрган. 1907 йилда Екатерина вафот этади.

Шундан сўнг Сталин узоқ йиллар давомида уйланмай юради. 1919 йилда Надежда Аллилуевага уйланади. Ўша пайтда Сталин 41 ёшда, Надежда 18 ёшда бўлган.

Сталин ва Надежда икки фарзанд кўришади. 1921 йилда Василий, 1926 йилда Светлана туғилади. Сталин хотини ва болаларига нисбатан жуда қаттиққўл бўлган. Ҳатто хотинини тез-тез дўппослаб турган.

Сталин ўғли Василий ва қизи Светлана билан, 1930-йиллар

1932 йил 9 ноябр куни Сталин ҳаётида нохуш ҳодиса юз беради. Эрининг зуғумлари ва дўппослашларидан тўйган Надежда Аллилуева ўз жонига қасд қилади. Ўшанда аёл бор-йўғи 31 ёшда эди. Шундан сўнг Сталин умрининг охиригача уйланмай ўтади.

Ўша пайтларда мамлакатда Сталиндан сўнг иккинчи мавқега эга бўлган Вячеслав Молотонинг хотини Полина Жемчужина Надежда билан яқин дугона бўлган.

Хотини ўз жонига қасд қилгандан сўнг Сталин Полина Жемчужинани ёмон кўриб қолади. Бироқ ўша пайтда ҳам, оммавий қатағонлар бошлангандан кейин ҳам аёлга индамайди. Қонхўр доҳий пайт пойларди.

Ниҳоят 1948 йилда Сталин узоқ йиллар кутган кунлар келади. Ўша йили май ойида БМТ резолюциясига биноан Исроил давлати ташкил этилади ва араблар ҳамда яҳудийлар орасида уруш бошланади.

Шунда СССРда фаолият юритувчи “Яҳудий антифашист қўмитаси” ташкилоти Исроил давлатини қўллаб чиқади. Бу иш Сталинни қаттиқ ғазаблантиради.

Унинг буйруғи билан 1948 йил сентябрда СССРда “Яҳудийлар иши” номи билан машҳур бўлган қатағонлар тўлқини бошланади.

Қатағон тўрт йил давом этади ва мамлакатдаги кўзга кўринган таниқли яҳудийлардан 125 нафари ҳибсга олинади. Улардан 12 нафари отиб ташланади. Қолганлари узоқ муддатларга қамалади.

Отиб ташланганлар орасида Қримда яҳудий республикасини тузиш тарафдори бўлган Исаак Фефер, қамалганлар орасида Сталин ўч олишни хоҳлаган Полина Жемчужина ҳам бор эди.

Мамлакатдаги таниқли шахснинг хотини бўлишига қарамасдан Полина Жемчужина 1948 йилдан 1953 йилгача қамоқда ўтиради ва Сталин вафотидан сўнг озод қилинади.

Сталин хотини Надежда Аллилуева билан

Сталиннинг вафотидан сўнг хор бўлган фарзандлар

Сталин болаларининг тақдири силлиқ кечмайди. Тўнғич ўғил Яков урушда иштирок этади ва немисларга асир тушади. 1943 йилда у ҳарбий асирлар лагерида вафот этади.

Иккинчи ўғил Василий отаси ҳукмронлик қилган йилларда жуда эркин яшаган ва ҳарбий хизматда генерал-лейтенант унвонини олган. Сталиннинг вафотидан сўнг у том маънода хор бўлади.

Сталин вафотига икки ҳафта бўлганда Василийдан барча унвонларни тортиб олиб, ҳарбий хизматдан бўшатиб юборишади.

Орадан бир ой ўтгач унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади ва совет тузумига қарши ташвиқот олиб боргани учун 8 йилга қамалади.

Қамоқхонада Василий ногирон бўлиб қолади ва 1960 йилда муддатидан аввал озод қилинади. Орадан уч ой ўтгач КГБ уни яна ҳибсга олади. Бир муддат қамоқда ётгач Василийни яна озод қилишади. 1962 йил 19 март куни у 41 ёшида вафот этади.

Генерал-лейтенант Василий Сталин ҳарбий хизматда

Светлананинг ҳаёти бошқачароқ кечади. Отасининг даврида у барча имкониятларга эга эди. Қиз ҳали балоғатга етмасданоқ севги муносабатларини бошлаган ва унга хушомад қилганларнинг бир нечтаси ҳатто қамалганди.

Жумладан, Светланага хушомад қилиб, яқин алоқаларда бўлиб юрган режиссёр Алексей Каплер узоқ йилга қамалган ва 1954 йилгача ГУЛаг лагерларида ўтирган.

Ўшанда Сталин қизи ўзидан 23 ёш катта бўлган режиссёр билан яқин алоқада бўлиб юрганидан қаттиқ дарғазаб бўлади ва Алексейни жазолашни буюради.

1944 йилда 18 ёшга кирган Светлана Григорий Морозовга турмушга чиқади. Балоғат ёшига етгани учун бу сафар Сталин унинг бу қарорига индамайди.

1945 йилда улар ўғил фарзанд кўришади. Бироқ бу турмуш узоққа чўзилмайди ва 1948 йилда улар ажрашиб кетишади. 1949 йилда Светлана олим Юрий Ждановга турмушга чиқади. 1950 йилда улар қиз фарзанд кўришади.

Светлананинг иккинчи турмуши ҳам “ўхшамайди” ва у 1952 йилда Жданов билан ажрашади. 1953 йилда Сталин вафот этади. Ўша пайтда Светланада йўқотадиган амал ҳам, бойлик ҳам йўқ эди. Шу учун отасининг ўлимидан сўнг унга индашмайди.

1957 йилда аёл Иван Сванидзега турмушга чиқади ва икки йилдан сўнг у билан ҳам ажрашади. Сванидзе Сталиннинг биринчи хотини Екатерина Сванидзега жиян эди.

Светлана биринчи турмуш ўртоғи Григорий Морозов билан

Ҳиндистонга сафар

Шундан сўнг Светлана хорижга кетишга қарор қилади. Бироқ унга рухсат беришмайди. Шундан сўнг у Москвага келиб яшаб юрган ҳиндистонлик Бражеш Сингхга турмушга чиқади.

Ўшанда совет ҳукуматига собиқ СССР раҳбарининг қизи хорижлик шахсга турмушга чиққани ёқмайди. Бироқ Светланага индашмайди.

Чунки СССР ва Ҳиндистон ўртасидаги алоқалар дўстона эди. Қолаверса, Светлана ва Бражеш Сингх расмий никоҳдан ўтмасдан яшашади.

Ўша пайтларда Светлана маоши яхши жойда ишлар, ҳукумат даражасидаги уйда яшарди. Унга хизмат машинаси ва далаҳовли берилганди.

1966 йилда Светлананинг эри Бражеш Сингх вафот этади. Шундан сўнг аёл давлат раҳбари Леонид Брежневга мактуб йўллаб, эрининг хокини Ҳиндистонга олиб боришга рухсат сўрайди.

Брежнев унинг илтимосини сиёсий бюрога ҳавола қилади. Бюродагилар эса бир муддат ўйловда қолишади. Мабодо аёлга хорижга чиқишга рухсат беришса муаммо келтириб чиқармасмикан?

КГБ Светлана хотиралар китоби устида ишлаётганини биларди. Охир-оқибат Светлана билан дўстона алоқада бўлган ҳукумат раиси Алексей Косигин унинг Ҳиндистонга бориб-келишига рухсат беради.

Светлана Бражеш Сингх билан

КГБга аёлга қўлёзмаларини хорижга олиб чиқмаслик шартини қўяди. Шу билан бирга, СССРнинг Ҳиндистондаги элчиси Иван Бенедиктовга аёлни кўздан қочирмаслик ва унинг ҳар қадамини кузатиш топшириғи берилади.

Светлана Ҳиндистонга 1966 йил 20 декабр куни учиб боради. Бенедиктов уни кутиб олади ва элчихона ходимлари яшайдиган шаҳарча ҳудудидан ижарага олинган квартирага жойлаштиради. Аёлнинг паспорти олиб қўйилади.

Светланага Ҳиндистонга бориб-келишга бир ҳафта муҳлат берилганди. Бироқ аёл у ерда бир ой яшайди ва Бенедиктовдан Москвадан муддатни яна бир ойга чўздиришни илтимос қилади.

Шундан сўнг аёл эри туғилиб ўсган қишлоққа бориб келишини айтади ва эртаси куни квартирадан чиқиб кетади. Элчихона ходимлари унинг изини йўқотишади. Аёл икки ой дом-дараксиз кетади ва март ойининг бошларида ижарага олинган квартирага қайтади.

Светлана элчидан Ҳиндистонда қолиш муддатини суриб беришни сўраб яна илтимос қилади. Бу сафар Бенедиктов унинг қўлига паспорти ва 8 март куни Москвага учиш учун олинган авиачиптани тутқазади.

Светлана парвоздан бир неча кун олдин яқинларига совға-салом олиш баҳонасида кўчага чиқади. Уни яширинча кузатишади. Аёл ресторанга кирганида хорижлик сайёҳ қиёфасидаги КГБ ходими унга ичимлик қуйиб беради ва Светланадан гап олишга уринади.

Шу жойда бироз маст бўлган аёл СССРга қайтишни хоҳламаслигини ва Ғарбга чиқиб кетиш учун айримлар билан келишиб қўйганини айтади.

Сталин ва Светлана, 1930-йиллар

Бу гап Бенедиктовга етказилганда элчи ишонмайди. Бироқ элчихона ходимларига аёлни синчковлик билан кузатишни топширади. Аёлнинг ҳар бир қадами кузатув остига олинади.

Бироқ Светлана барибир қочишнинг уддасидан чиқади. У 1967 йил 6 март куни ўзини кузатиб юрган КГБ ходимларининг кўзини шамғалат қилиб совет элчихонасига яқин ҳудудда жойлашган АҚШ элчихонаси ҳудудига киришга муваффақ бўлади.

У ерда аёл АҚШдан сиёсий бошпана сўрамоқчи эканини маълум қилади. Светланани элчихона ҳудудида узоқ вақт ушлаб туриб бўлмасди. Шу учун ўша куни тунда у МРБ ходимлари ҳамроҳлигида Римга учади.

Сўнг Швейцария орқали Германияга ўтади ва океан ортига учиб кетади. Аёл ўтирган самолёт Кеннеди номидаги аэропортга қўнганда уни расмий шахслар билан бирга Америка ОАВ мухбирлари ва журналистлар кутиб олади.

Сталиннинг қизини Америкада кўплаб ОАВ вакиллари кутиб олади

СССРда Светлана Аллилуеванинг АҚШга қочганига муносабат

Светлана АҚШга қочиб кетгани ҳақидаги хабар Ғарб ОАВда тарқалар экан, совет ҳукумати дарҳол бу ишда АҚШни айблаб чиқади.

Советлар томонидан эълон қилинган баёнотда Светлана Аллилуевани Америка махсус кучлари Ҳиндистондан ўғирлаб кетгани айтилганди.

Бироқ бу ёлғонга ҳеч кимни ишонтириб бўлмасди. Чунки Светлананинг Кеннеди аэропортида самолётдан тушиш чоғида ўзини кутиб турган ОАВ вакилларига қарата айтган сўзлари камераларга ёзиб олинганди. Ўшанда у шундай деганди:

Барчага алангали салом! Бу ерда ўзимни жуда бахтли ҳис қиляпман! Бу жуда ажойиб!”

Светлананинг қочиши Москвадаги бир қанча юқори лавозимли амалдорларни саросимага туширади. Ахир бу иш учун улар ишдан олиниши, ҳатто жазоланиши мумкин эди.

Москвада катта муҳокама бошланади. Совет раҳбарияти айбдорларни жазолашни хоҳларди. Ҳукумат Светлана Аллилуеванинг океан ортига қочиб кетганига Ҳиндистондаги элчи Бенедиктов ва КГБ раҳбари Владимир Семичастнийни айбдор деб топади.

Семичастний ишдан олинади ва унинг ўрнига Юрий Андропов КГБ раҳбари бўлади. Бенедиктовни ўша пайтларда алоқалар анча ёмонлашган Югославияга элчи қилиб жўнатишади.

Светлананинг АҚШга қочишига КГБ раҳбари Владимир Семичастний айбдор сифатида кўрсатилади ва лавозимидан озод қилинади. Унинг ўрнига Юрий Андропов КГБ раҳбари бўлади.

Бундан ташқари, аёлнинг қочишига йўл қўйганликда айбланиб, шу ишга масъул бўлган ўнлаб амалдор жазоланади.

Светланага Ҳиндистонга бориб-келишга рухсат берган Косигин жазоланмайди. Чунки аёлни кузатиш ва СССРга қайтариш КГБ ва Деҳлидаги элчихона ходимларига топширилганди.

Светлана Аллилуева Америкада

Светлана АҚШга жойлашиб олгач Москвада қолган ўғлига қўнғироқ қилади ва унга вазиятни тушунтириб, изоҳ беради. Бироқ ўғли онасини кечирмаслигини, у сотқинлик қилганини айтиб гўшакни қўяди. Ўшанда Иосиф синглисига ҳам онаси билан гаплашишга рухсат бермайди.

Бир неча ойдан сўнг Светлана Америкада “Дўстимга йигирмата мактуб” деб номланган китобини чоп эттиради. У Ҳиндистонга бориб-келиш учун рухсат сўраганда КГБ хорижга олиб чиқишни тақиқлаган қўлёзмалар шу асарники эди.

Аёл Деҳлига учаётганида унинг ёнида қўлёзмалар бўлмаган. Бироқ кейинчалик кимдир барибир уларни яширинча Ғарбга олиб чиққан ва Светланага етказганди.

Асарда Светлана асосан отаси СССРга ҳукмронлик қилган йиллардаги турли воқеаларни эслаган, Сталинга “золим” деб таъриф бериб, қатағонлар учун уни очиқчасига қоралаган эди.

Светлана америкалик эри билан

Агар Светлана АҚШга қочиб кетмаса бу асар СССРда китоб ҳолида чиқмасди. Чунки совет нашриётларига Светлананинг китобини чоп этишга рухсат бермаслик ҳақида топшириқ берилганди.

Аллилуева Америкада Уилям Питерс исм-шарифли шахсга турмушга чиқади ва қиз фарзандли бўлади. Ўшанда у исм-шарифини Лана Питерс деб ўзгартирганди.

АҚШда Сталиннинг набираси туғилганини Америка ОАВ жуда катта шов-шувли хабар сифатида тарқатади. Светлана америкалик эри билан бор-йўғи икки йил яшайди ва ажрашиб кетади.

Кейинчалик, унинг эри ОАВдан бирига берган интервюсида ажрашиш сабабини қуйидагича изоҳлаганди:

Оила қурганимиздан сўнг кўп ўтмай Лананинг характерида худди отасиникидай диктаторлик унсурлари кўрина бошлади. Бунга эса тоқат қилиб бўлмасди”.

СССРга қайтиш ва яна океан ортига

Светлана Америкада 15 йил яшайди ва 1982 йилда Британияга кўчиб ўтади. 1984 йилда эса у Америкада туғилган қизи билан СССРда пайдо бўлади.

Москвада ташкил этилган матбуот анжуманида у АҚШ махсус хизматини айблайди. “Ўтган йиллар давомида мен МРБнинг қўлида ҳақиқий қўғирчоқ бўлдим”, деганди ўшанда у.

Кейинчалик Светлана ўзининг яна бир асари “Набираларим учун китоб”да СССРга ўғли Иосифнинг илтимоси билан қайтганини ёзган.

Светлананинг фарзандлари, Екатерина ва Иосиф

Бироқ узоқ йиллар айро яшагани учун аёл ўғли ва қизи билан тил топиша олмайди. Улар тез-тез “сиз бизни ташлаб кетгансиз”, деб юзига солишади.

Гарчи қайтиб келиб, Америка томонини қоралаб чиқиш қилган бўлса ҳам Светлананинг Москвада яшашига рухсат беришмайди. Уни Тбилисига жўнатиб юборишади.

Тбилисида уни яхши квартирага жойлаштиришади. Нафақа тайинлашади ва барча шароитларни муҳайё қилишади. Ҳатто хизмат машинаси ҳам беришади. Бироқ узоқ йиллар Америкада яшаган аёлга булар татимайди.

1985 йилда СССР раҳбарлигига Михаил Горбачёв келгач мамлакат ташқи сиёсати ўзгара бошлайди. Иқтисодий ислоҳотлар билан бирга сиёсий ислоҳотлар ҳам бошланади.

1986 йилда Светлана Аллилуева АҚШга бориш учун рухсат сўрайди. Бу сафар унинг сўрови тез муддатда кўриб чиқилади ва рухсат берилади. 1986 йил 16 апрел куни у АҚШга жўнаб кетади.

Светлана умрининг сўнгги 20 йилини ҳали Британияда, ҳали АҚШда мунтазам сафарлар билан ўтказади. Тез-тез турли ОАВга интервюлар беради.

Кексайган чоғида Светлана Аллилуевада саратон хасталиги аниқланади. У 2011 йил 20 ноябр куни Висконсин штатидаги қариялар уйида 86 ёшида вафот этади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид