Жаҳон | 09:52 / 26.12.2022
5603
3 дақиқада ўқилади

Непалда исёнчиларнинг собиқ етакчиси бош вазир бўлди

Прачанда номи билан танилган Пушпа Камал Даҳал парламент қуйи палатаси аъзоларининг ярмидан кўпи томонидан қўллаб-қувватланди. У 26 декабрь куни қасамёд қилиши кутилмоқда.

Пушпа Камал Даҳал / Фото: Reuters

Собиқ коммунистик исёнчилар етакчиси Пушпа Камал Даҳал Непалнинг янги бош вазири бўлди. Бу ҳақда 25 декабрь, якшанба куни президент Бидхя Деви Бхандарининг идорасида маълум қилинди. Сиёсатчи 26 декабрь куни қасамёд қилиши кутилмоқда.

Даҳал Прачанда номи билан танилган. 68 ёшли сиёсатчи учинчи марта Непал ҳукуматини бошқаради. У Вакиллар палатаси – парламент қуйи палатасининг 275 нафар депутатидан 169 нафари томонидан қўллаб-қувватланди. Расмий равишда, Даҳал ҳали ишонч вотумини олмаган.

Коммунистик исёнчилар собиқ етакчисининг бош вазир этиб тайинланиши мамлакат учун кутилмаган воқеа бўлди. Даҳал бошчилигидаги Непал Коммунистик партияси (маоистлар маркази) ноябрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида 275 ўриндан атиги 32 тасини қўлга киритиб, учинчи ўринни эгаллади. Сиёсатчини бир қанча бошқа партиялар ва мустақил номзодлар қўллаб-қувватламоқда. Dpa агентлигига кўра, бу ҳукумат тез-тез ўзгариб турадиган мамлакатдаги сиёсий беқарорликни кучайтириши мумкин, чунки янги бош вазир кўплаб ҳамкорларни бирлаштириши керак бўлади.

Даҳал деҳқон оиласида туғилган ва сиёсатга киришдан олдин ўқитувчи бўлиб ишлаган. У 1996-2006 йилларда, коммунистлар монархияга барҳам беришга уринган Непал фуқаролар уруши даврида етакчилардан бири эди. Натижада 17 мингга яқин одам ҳалок бўлди. Уруш тугаганидан икки йил ўтгач, ҳинд монархияси ағдарилди. 2008-2009 ва 2016-2017 йилларда Даҳал республикада бош вазир лавозимида ишлаган.

БМТ маълумотларига кўра, Непал дунёдаги энг кам ривожланган давлатлардан биридир. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот, Жаҳон банки маълумотларига кўра, бу мамлакатда 2021 йилда тахминан 1200 АҚШ долларини (1130 евро) ташкил этган.

Вакиллар палатасининг 275 нафар аъзосини сайлаган Непалдаги умумий сайловлар у ерда стратегик ва иқтисодий манфаатларга эга бўлган қўшни Хитой ва Ҳиндистонда яқиндан кузатилди. Хитой «Янги Ипак йўли» ташаббуси доирасида Непалда лойиҳаларни амалга оширишни ва шу тариқа мамлакатни ўзи билан, хусусан, Лхасдан Катмандугача бўлган янги темирйўл алоқаси орқали янада мустаҳкам боғлашни режалаштирмоқда. Ҳиндистон, ўз навбатида, ҳинд аҳолиси кўп бўлган Непалга анъанавий тарзда сиёсий куч сифатида қарайди ва ўзаро чамбарчас боғлиқликка интилади.

Мавзуга оид