Жамият | 12:16 / 26.12.2022
43081
6 дақиқада ўқилади

«Хотинимни Тожикистондан ўғирлаб келганман» — уч «рўзғор»ни тебратаётган собиқ журналист косиб ҳикояси

«Ўзингиздан қолар гап йўқ, талаба йигитнинг ўзига яраша чиқимлари кўп бўлади. Ўрни келса, қизларга «жентелменлик» қилгиси ҳам келиб қолади. Хуллас, курсдошларим билан мардикор бозорда турибмиз. Бир киши келиб ким нон ёполади, деб сўради. Шундай қилиб, нонвой мени ўзи билан олиб кетди», — дейди журналистикада ўқиб, косиблик қилаётган қаҳрамонимиз.

Фото: KUN.UZ

Бир йигитга қирқ ҳунар оз, дейишгани бежиз эмас. Ҳаёт инсонни не синовларга йўлламайди! Эркак кишининг зиммасида рўзғор деб аталмиш хуржун туради. Уни тўлдиришдан эса ғорни тўлдириш осонроқ.

Чорсу бозорида косиблик қиладиган Рустам ака ҳам қирқ ҳунарнинг бошини тутганлардан. Мардикор бозорга чиқишдан бошланган талабалик ҳаёти нонвойлик, косиблик, журналистлик фаолияти билан боғланиб кетди.

— Ўзим асли Қашқадарёданман. Оилада етти фарзанд эдик. Ёшлигимда жуда шўх бўлганман. Менга оёқ кийим чидамасди, бир деганда йиртиб келардим. Саккиз-тўққиз ёшлар эдим. Ўғил бола эмасманми, шарт ўзим тикиб олдим.

Устага шогирд тушмаганман. Қўлимга бигиз олиб ўзим тикиб кетганман. Шу бўлди-ю, косиблик ҳам мен учун бир ҳунарга айланди. Улғайгач, қайдасан Тошкент, деб йўлга тушдим. Талаба бўлганимдан сўнг ҳам уйдагиларимга оғирлигим тушмаслиги пайида бўлардим.

Бир кун курсдошларим билан мардикор бозорга чиқадиган бўлдик. Ўзингиздан қолар гап йўқ, йигит кишининг чиқими кўп бўлади. Ўрни келганда қизларга «жентелменлик» қилгиси келиб қолади.

Шунда, бир киши келиб ким нон ёполади, деб сўради. Билсак, нонвой экан. Нонларини ёптиргани одам излаб келибди. Мен қишлоқда нон ёпиб кўрганман. Лекин сотишга нон ёпмаганман, ўргатсангиз ўрганиб оламан, дедим. Шундай қилиб новвой мени ўзи билан олиб кетди.

Қишлоқда ўсган йигит эмасманми, бир деганда ўрганиб олдим. Ишим маъқул бўлди шекилли, новвой мени уйида олиб қолди. Ўша оила билан тўрт йил бирга яшадим. Аввалига новвой учун нон ёпдим. Яхши ўрганиб олгач ўзим мустақил бўлиб нон ёпа бошладим.

Новвой 100 сўмга бир қоп ун олса, мен унга 150 сўм берардим. Қилган фойдам ўзимга қолади. Эрталаб туриб нон ёпиб, олти-олти яримга тайёр қилардим. Саккизга сотиб тугатиб ўқишга етиб борардим.

Иккинчи курсдан газетага ишга кирган эдим. Иш вақтим бўлгунча дарсларга қатнашардим-да, мен амалиётга кетдим, деб домладан жавоб сўраб ишга келардим. Ишхонада тез-тез вазифаларимни тугатиб, кечки пайт бозорга йўл олиб косиблик қилардим.

Тунда уйга қайтгач, эртанги кун учун хамир қорардим. Шу зайлда ўзимдан орттириб, уйга ҳам пул жўнатардим. Ҳаммасига улгурардим.

Шундай кунларнинг бирида бозорда бир қизни кўриб қолдим. 18–19 ёшли, шижоати ичига сиғмайдиган, ҳеч нарсадан қайтмайдиган йигит эдим. Кўрдим-у, шу қизга уйланаман, деган ўй кечди хаёлимдан. Одам ҳаётини бирга қурадиган инсонини кўрганда ўзи ҳис қиларкан. У қиз тожикистонлик бўлиб, Тошкентга бозор айлангани келган экан.

У ёғини сўрасангиз, янгангизни Тожикистондан ўғирлаб келганман! Йўқ, уйидагилари жанжал қилишмаган, судга ҳам беришмаган. Қайтага қизлари тинч юртга келин бўлганидан хурсанд бўлишган (кулади).

Оиламни нолдан ўзим қурганман. Ҳамма нарсага аста-секинлик билан, қаноат билан эришяпмиз. Уч нафар фарзандим бор, икки ўғил бир қиз. Ўғилларимдан бири университетда ўқийди. Топганим контрактини тўлашга, ижара пулига ва рўзғоримизга етади, шукур. Баъзида ҳазиллашиб косиблик ортидан уч «оила»ни боқяпман, дейман: контрактни, ижарани ва рўзғоримизни назарда тутиб.

Аёлим инглиз тили ўқитувчиси. Мен унга рўзғор — эркак кишининг елкасидаги иш, сенинг вазифанг —фарзандларимизга таълим бериш, деб айтганман. Унинг болаларимизни тарбиялаши, таълим бериши мен учун етарли. Пул топиши шарт эмас. Керак бўлганини бировдан кам қилмасдан ўзим бераман.

Газетада, ногиронларга кўмаклашиш жамиятида ишладим. Фаолиятим жараёнида кўп хизмат сафарига кетишимга тўғри келарди. Одамларнинг юзига очиқ гапиришни ва шундай ёзишни яхши кўраман. Маддоҳлик мен учун эмас. Шунинг ортидан баъзи ҳокимликлар билан судлашишгача бориб етганмиз.

Охирги марта хизмат сафарига кетаётганимда қизим туғилганди. Ишонасизми, уч ойлик бўлганида қайтиб келганман. Болам мени танимаган. Ўзингиз ҳам билсангиз керак, газеталарда ойлик ҳаминқадар. Ҳам уйдан кўп вақт олисда юришимга тўғри келяпти. Ҳар томонини тош-тарозига солдим-да, косибликни танладим.

Болалигимда бу ҳунарни ўрганиб олганим бежиз эмас экан. Ризқим шу ҳунар ортидан эканда. Ҳали ҳам журналист дўстларим билан кўришиб тураман. Менинг олдимга кўп келиб туришади. Асосан катта авлод вакиллари мени кўпроқ танишади.

Бир куни Миллий университетнинг журналистика факультетида ишлайдиган бир домла иш билан келди. Оёқ кийимини таъмирлагунимча гапга солиб ўтирди. Биласиз, журналист аҳли кимни кўрса гапга солади. Домла ҳам бизнинг хилимиздан экан. Берган саволларини айлантириб, аслида бундай деб савол берганингизда мана бундай жавоб олардингиз дедим.

Гапларимни эшитиб, шахсимга қизиқиб қолди. Журналистлик билан шуғулланишимни тавсия қилди. Мен учун косиблик энг маъқул иш. Унда кун тартибини ҳам, кимнинг оёқ кийимини таъмирлашни ҳам ўзим ҳал қиламан. Нархига келишсам қиламан, келишмасам ҳеч ким мажбурламайди.

Лекин шу вақтгача ҳеч кимни норози қилмаганман. Новвойлик эмаски, хамирим ачиб қолса масаллиғимга куядиган. Куядиган, йўқотадиган ва нимадир тикадиган иш эмас. Шу сабаб ҳам касбимни яхши кўрсам керак.

Домла тўрт нафар талабасини олдимга имтиҳонга жўнатибди. Психологиядан синовдан ўтказиб беринг, сиздан ўтмаса йиқилади, деб. Қўйинг, дейишимга қарамай талабаларни жўнатибди. Суҳбатлашиб кўрдим, ўқиб уқмаганлар хилидан экан.

Хуллас, ҳаётимда шундай воқеалар ҳам бўлиб туради. Айтсам — тинглагани вақтингиз етмайди. Бир сўз билан айтганда мен косиблигим билан халқ ичидаман, десам ҳам бўлади.

Чарос Маннонова суҳбатлашди. 

Мавзуга оид