Жамият | 13:43 / 12.09.2024
36335
9 дақиқада ўқилади

«Бир кунда онамдан ва боламдан айрилдим, хотиним ақлдан озди» – кимнингдир ноқонуний иши оқибатлари (ҳаётий ҳикоя)

«Онам ва боламни йўлакка олиб чиққан пайтимизда хотиним келиб қолди ва ҳолатни кўриб қичқирганча ҳушидан кетди. Тез ёрдам машинаси билан келган шифокорлардан бири дарҳол онам ётган замбилни менга тутқазди ва хотинимга ёрдамга шошилди. Қиёмат қўпгандай эди».

Фото: Kun.uz

«Ҳаётий ҳикоялар» туркумидан берилаётган навбатдаги ҳикоямиз қаҳрамони бундан бир неча йил аввал кимнингдир ноқонуний иши туфайли оғир ҳолатга тушиб қолган. Ўшанда унинг боласи ва онаси ҳалок бўлган, хотини эса ақлдан озган.

У ўз мактубида оғир кечган ҳаёти ва ўша машъум кун тафсилотларини ёзиб юборибди.

«Отам болалигимда вафот этгандан сўнг мени онам ёлғиз ўзи тарбиялаган. Мени ўксинмасин деб онам бошқа турмуш қурмаган. Эслайман, ёшлигимда онам «болам тенгқурларидан кам бўлмасин», деб бир нечта жойда ишларди.

Отасиз ўсган бўлсам ҳам, ёмон болаларга қўшилмадим, айримларга ўхшаб безори бўлиб кетмадим. Онамнинг мен учун заҳмат чекиб ишлаётганини билиб турардим. Шу сабабли мактабда аъло баҳоларга ўқидим. Хулқим ҳам яхши эди.

Онамга енгилроқ бўлсин деб ёзги таътилда «Ўрикзор», «Ипподром» ва бошқа бозорларга чиқиб шарбат, сув сотардим. Шу йўл билан пул ишлаб мактаб учун кийимларни ўзим олардим.

Мактабни битказгач, икки йил уриниб, ўқишга кира олмадим. Шундан сўнг аввалига у, бу ишларни қилиб юрдим. Кейин «Ўрикзор»даги бир дўконга шогирд бўлдим. Бу орада уйландим.

Дўконда шогирд бўлиб юрган кунларимда ойлигим яхши эди ва онам ишдан бўшаб таътилга чиқди. Ўзига қолса, ишдан бўшамоқчи эмасди, бироқ мен уни шунга мажбурладим.

Эсимда, онам мени уйлантириш учун кўп хонадонларнинг эшигини тақиллатиб борган, бироқ «отасиз ўсганга қиз бермаймиз», деб кўпчилик рад этган. Охирида бир хонадон рози бўлган. Билсак бўлажак қайнотам ҳам отасиз ўсган ва бунинг машаққатларини бошидан ўтказган инсон экан.

Уйланганимдан сўнг бир йил ўтиб ўғил фарзандли бўлдим. Боламиз бир ёшга киргач, ҳарна рўзғорга ёрдам бўлар, деб хотиним ҳам ишга чиқиб кетди. Ўғлимизга онам қарай бошлади.

Ўшанда онам ўғлимни эплай олармикан деган хавотир бор эди. Бу ҳақда онамга айтган эдим, уришиб берди: «Болам, куни билан бекор бўлсам. Битта болага қараш нима бўлибди?!

Савдонинг паст-баландларини билиб олгач бир неча йилдан сўнг устозимдан фотиҳа олиб, ўзим дўкон очиб, озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғуллана бошладим.

Ҳаётимиз бир маромда давом этар, мендан бахтли одам йўқ эди. Агар ўша пайтда кимдир «Яқинда бошингга улкан синовлар ёғилади ва қочгани жой топа олмай қоласан», деса ишонмасдим.

Ўша машъум кунни яхши эслайман. Эрталаб онам, хотиним ва ўғлим биргаликда нонушта қилдик. Онам ва хотиним билан яхши кайфиятда хайрлашиб ишга кетдим. Тушгача савдо ҳам яхши бўлди.

Тушдан сўнг соат иккилар эди чамамда, нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди. Кўтарсам кимдир «Қўшнингизман, тез уйингизга етиб келинг», деди ва телефонни ўчирди.

Ўша пайтда кўнглимдан нималар ўтганини ҳозир тасвирлаб бера олмайман. Энг аввал хаёлим онамга кетди. Мазаси бўлмаганмикан? Кейин боламга нимадир қилдимикан деб ўйладим.

Уйга қандай етиб борганимни эслай олмайман. Кўп қаватли уйда яшардик, йўлакда тез ёрдам ва ички ишлар ходимларига тегишли машина турибди.

Югуриб иккинчи қаватга кўтарилдим. Уйимиз эшиги очиқ, йўлакда қўшнилар кўринишди. Тез ёрдам ва ички ишлар ходимлари ичкарида экан.

Уйга кирсам онам ва боламни бир четга ётқизиб қўйишган, тез ёрдам ходимлари уларни олиб кетиш учун носилкага олишаётган экан. Дод деганча онамга ёпишдим.

Онам ва боламни йўлакка олиб чиққан пайтимизда хотиним келиб қолди ва ҳолатни кўриб қичқирганча ҳушидан кетди. Тез ёрдам машинаси билан келган шифокорлардан бири дарҳол онам ётган замбилни менга тутқазди ва хотинимга ёрдамга шошилди. Назаримда, қиёмат қўпгандай эди.

Онам ва боламни тез ёрдам машинасига, хотинимни қўшнилардан бирининг машинасига ортиб шифохонага олиб бордик. Етиб боргач, уларни ичкарига олиб кириб кетишди.

Кўп ўтмай шифокорлардан бири чиқди «аёл ва боланинг қариндошлари борми?» деб сўради. Мен ўғиллариман, деб боргандим, «Ука, Аллоҳ сабр берсин. Онангиз ва болангиз уйингиздаёқ жон бериб бўлишган экан. Онахон юрак хуружига учраган ва кўтара олмай жон берган. Болангизни эса ток урган».

Ўша пайтда мен учун ҳаммаси тугаб бўлди, деб ўйладим. Боламдан ҳам кўра онамдан айрилганим ёмон таъсир қилди.

Хотинимни шифохонада олиб қолишди. Мен онам ва боламнинг жасадини уйга олиб келдим. Эртаси куни жаноза бўлди. Онам ва боламни қабрга қўйиб келдик.

Мен боламни ток қандай урганини ўйлардим. Ҳали икки ёшга етмаган болам розеткага у, бу нарсани тиққан бўлсами? Ўйлаб ўйимга ета олмасдим.

Қайғуга ботиб ўтирар эканман, бир нарсани аниқ билиб турардим. Онам боламни ток урганига таъсирланган ва юрак хуружига учраган.

Жаноза ўтганидан сўнг уйни батафсил текширдим, розеткалар бола қўли етмайдиган жойда жойлашганини кўрдим. Электр жиҳозларга ҳам тегинилмаган. Боламни ток қандай урган бўлса?

Бу орада шифохонага чақиришди. Борсам хотиним ақлдан озган экан, мени ҳам танимади. Шифокорлар барча ҳужжатлар расмийлаштирилганини, уни руҳий касаллар шифохонасига ўтказишларини айтишди.

Келажакда тузалиши мумкин, уйга олиб кетай десам шифокорлар у фақат фарзандини сўраётганини, уйга қайтса ҳам дарди енгиллашмаслигини айтишди, ноилож рози бўлдим.

«Тўғри тушунинг, сиз хотинингизнинг ёнида йигирма тўрт соат бўла олсангиз ҳам уйга жавоб бера олмаймиз. Аёлда кучли руҳий зўриқиш бор ва у шу ҳолида исталган ишни қилиши мумкин. Шу учун уни руҳий касаллар шифохонасига жўнатишдан бошқа чорамиз йўқ», дейишди.

Орадан бир неча кун ўтгач ички ишлар ходимлари келишди ва ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини айтишди. Ҳайрон бўлдим, нега жиноят иши қўзғатилади. Онам ва боламни кимдир ўлдирганми?

Ички ишлар ходими саволимга «Катта эҳтимол билан шундай» деди. Сўнг уйимга бошлаб кирди ва шифокорларнинг хулосасида боламни ток тилидан ургани ёзилганини айтди.

«Ҳодиса содир бўлган куни бизнинг ходимларни шифокорлар чақирган. Улар уйингизга кирган пайтда болангиз мана бу ерда, иситиш батареясининг олдида ётган экан. Шифокорлар болангизни ток урганини кўриб батареяни ушлаб кўришган ва унда ток борлигини билишган. Қўллари қуруқ бўлгани учун ток уларни қаттиқ урмаган. Болангиз нам тили билан батареяни ялагани учун ток қаттиқ урган. Организм кучсиз бўлгани учун у жон берган. Катта эҳтимол билан онангиз болани ўша ҳолда кўрган ва таъсирланиб юрак хуружига учраган».

Ички ишлар ходимларининг бу гапидан сўнг ҳайратим ошди ва батареяда ток қаердан уланиб қолганини сўрадим.

«Айрим ноинсофлар бор, арзимаган пул учун электр ҳисоблагични орқага қайтариш мақсадида қўлбола ускунадан фойдаланади. Ана шу ускунадан чиққан симнинг бири ҳисоблагичга, иккинчи учи иситиш батареясига уланади. Шунда ҳисоблагич орқага қараб айланади ва ундан чиққан ток битта йўлакда жойлашган барча хонадонларга ўтиб боради. Биз бу ишни қилган одамни қидириб топа олмадик. Ускунани тепа ва пастдаги қаватларда яшовчилар улаган бўлиши ҳам мумкин. Барчаникига кириб чиқдик, лекин ҳеч қандай из йўқ. Афтидан, болангиз ва онангиз билан содир бўлган ҳодиса шов-шув бўлгач шу ишни қилган одам дарҳол ускунани йўқ қилган».

Ички ишлар ходимларининг бу гапидан сўнг ўзимча йўлагимизда ким шу ишни қилган бўлиши мумкинлиги билан қизиқиб кўрдим, қўшнилардан суриштирдим, бироқ топа олмадим.

Шу тариқа кимнингдир ўйламасдан қилган ноқонуний иши ортидан онам ва боламдан айрилдим. Бу ҳодисага ҳам бир неча йил бўлди.

Хотиним эса ўшандан буён руҳий касалликлар шифохонасида сақланади. Ҳар-ҳар замонда уни кўргани бораман, бироқ мени танимайди. Доим бир гапни қайтаради – «боламни топиб беринглар».

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид