“Қопга тупроқ-лой солиб, тепаликка таширдик” – Катта Фарғона канали қазилишида қатнашган 109 ёшли Шаҳрихон момо
Олтиариқ туманининг Зилха маҳалласида 109 ёшли Шаҳрихон момо Тешабоева истиқомат қилади. У 45 кун ичида қуриб битказилган Катта Фарғона канали бунёд этилишида иштирок этган. Икки аср билан юзлашган момо мустақилликнинг ўттиз уч йиллиги муносабати билан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Момо анчайин тетик. Ҳар бир фарзандининг овозидан танир экан.
“Катта Фарғона канали қазилаётган дамлар ҳамон ёдимда. Қанор қопга тупроқ-лой солиб, тепаликка таширдик.
Эркаклар тупроқни қазиб беришарди, аёллар уларни замбилда тепага олиб чиқарди. Санъаткорлар келиб қўшиқ айтишиб, кўнгилочар тадбирлар уюштириларди.
Болаларимнинг овозини олис масофадан ҳам илғаб кимлигини билиб оламан. Фарзандим бўлгандан кейин танимайман-да?! 3 қизим бор: Латифахон, Маликахон, Кароматхонлар. Иброҳим, Маъруфжон, Носиржон, Исмоилжон ўғилларим бўлади. Кўплар ёшим бир жойга бориб қолганидан фарзандларим исмини эсдан чиқарган деб ўйлашар экан. Ҳаммасини танийман.
Набира, чеваралар кўп. Кўплигидан сонини ҳам билмайман. Аллоҳга шукур. Бахтимга болаларим соғ бўлишсин, болаларига бош бўлишсин. Ишларига ривож тилаб доим дуодаман”.
Дунёдаги бахтли ўғилман...
“Дунёдаги энг бахтли ўғилман. Онам 109 ёшда, ҳаётлар мана. Оилада 7 фарзандмиз, катта акам 1945 йилда туғилган эдилар, дунёдан ўтганлар. Катта опам ҳозир 80 ёшда. Отам раҳматли меҳнаткаш, ҳалол одам бўлган. Тўй-маъракаларда ошпазлик қиларди, далада ҳам ишларди. Отам 1980 йилда оламдан ўтган.
Ёшлигимизда пилла қуртлари боққанмиз. Онамнинг ҳаёти меҳнат ичида ўтган.
2 ёки 3-синфда ўқиб юрган вақтимда отам шийпонда қоровул эди. Мен уларга овқат олиб бориб берардим. Кеч кузда ҳам отам ўша ерда туни билан қолиб кетарди. Кўрак чувирдик, бир дўппи кўрак, пахта чувишимизга танга берилади дейишгани учун бир-биримизга қизиқиб пахта чувирдик.
Шундай оғир даврларга ҳам гувоҳ бўлганмиз. Онам 109 ёшда бўлса ҳам хотиралари анча яхши, ўзлари юра олади, қулоқлари ҳам яхши эшитади. Онамнинг умрлари узоқ бўлсин илоҳим, бахтимизга соғ-омон бўлсин”, дейди момонинг ўғилларидан бири Маъруф Тешабоев.
80 ёшдаман, онам ёнимда...
“Худога шукур 109 ёшга кирган онам бор. Эс-ҳуши, хотираси жойида, шу ёшда ҳам ўзларини эплайди. Набира, чевараларни дуо қилиб турадилар доим. 80 ёшдан ўтдим. Кўчага чиққанимда онам ҳақида гапирсам баъзилар ҳайрон бўлиб, онангиз ҳали ҳам ҳаётларми деб сўрашади.
Ота-онам Катта Фарғона канали қазилишида қатнашган. Президентимизга раҳмат, онамнинг шунча меҳнатларини қадрлаб “Шуҳрат” медали билан тақдирлади.
Онам тонг саҳардан далага чиқиб ишлар, тунлари ҳам уйда нон ёпиб, кир ювиб уй юмушларини қилганлар. Ҳозир мана тинч даврлардамиз, Аллоҳга шукур. Биз кўрмаган кунларни болаларимиз кўришсин, илоҳим”, – Малика Орифжонова, момонинг қизи.
Мунаввар Тешабоева 109 ёшли момонинг узоқ умр кўришининг сабаби кенг феъллигида деб билади:
«Энамнинг набира келиниман. Бу хонадонга келин бўлиб тушганимга 14 йил бўлди. Президентимиз фармонлари билан энам “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу ёшгача етишнинг ўзи бўлмайди.
Энамнинг 109 ёшга киришига ҳам яхши овқатланиши сабаб бўлса керак. Инжиқлик қилиб ҳаммани безовта қилмайди. Отамлар уларга ғамхўрлик қилиб, яхши эътибор беради. Болаларимни тарбиялашда ҳам уларнинг хизматлари катта. Фарзандларимни қучоқларига олиб доим меҳр кўрсатади.
Энамнинг бир хислатларини жуда қадрлайман. Жуда эътиборлилар барчага, уйимга бориб келсам ҳам уйдагиларимнинг бирма-бир аҳволини сўрайдилар. Янги кийимлар кийиб юринг, бир хил кийимда юраверманг деб эътибор бериб турадилар. Бетоб бўлиб қолсак ҳам меҳрибонлик қилиб, ғамхўрлик қилади. Илоҳим умрлари бундан ҳам узун бўлсин”, дейди у.
Қайнонам маҳалла фахри...
“109 ёшга кирган қайнонам бор, ўзим 80 ёшдан ошдим. Улар мени ҳозиргача овозимдан, юз-кўзимдан яхши танийди. Қайнонам маҳалламиз фахри.
Кўпчилик уларни ҳурмат қилади, дуоларини олади. Барчамизга шу ёшларга кириб юриш насиб қилсин, болалари, невараларининг бахтига соғ-омон бўлсинлар”, деди момонинг 80 ёшли куёви Ҳамиджон Орифжонов.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Оператор ва монтаж устаси – Сардор Мамиров
Мавзуга оид
13:23 / 18.12.2024
Олтиариқда бир уйда икки аёл билан эр-хотин бўлиб яшаган эркак озодликдан маҳрум қилинди
17:36 / 16.12.2024
Қишга сақланган узумлар
13:27 / 03.10.2024
«Дўстимнинг ўлимига сабабчи бўлганман» – «авария» содир этган йигитнинг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
18:30 / 01.10.2024