Жамият | 13:23 / 18.12.2024
21524
3 дақиқада ўқилади

Олтиариқда бир уйда икки аёл билан эр-хотин бўлиб яшаган эркак озодликдан маҳрум қилинди

Эркак пул сабаб жанжаллашиб қолган икки хотинини ажратиш пайтида улардан бирининг юзига мушт тушириб, жағини синдирган. Калтакланган аёл эса ҳомиладор бўлган. Бу орқали у оилавий зўравонлик жиноятини ҳам содир қилган деб топилди.  

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида яшовчи шахс қўшхотинлик ва оилавий зўравонлик учун жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 2001 йилда туғилган Д.Ў. Олтиариқ туманининг Шарқ маҳалласидаги уйида 2023 йилнинг август ойидан 2024 йилнинг май ойига қадар Х.Т. ва С.И. билан эр-хотин сифатида яшаб келган. Эркак 2024 йил 24 май куни турмуш ўртоғи С.И. билан жанжаллашиб, ҳомиладорлигини билгани ҳолда унинг юзига мушт туширган. Оқибатда С.И.нинг пастки жағ суяги икки жойидан синиб, у ўртача оғирликдаги тан жароҳати олган. 

Д.Ў. судда айбига тўлиқ иқрор бўлган ҳамда қилган ишидан пушаймонлигини билдирган.

2022 йилда Х.га уйландим. Ундан 1 нафар фарзандим бор. 2023 йилнинг август ойларида эса Наманган шаҳрида ишлаб юрганимда С.И. билан танишиб қолдим ва уни ҳам уйимга олиб келиб, турмуш қурдим. 2024 йилнинг май ойига қадар улар билан бир уйда эр-хотин бўлиб яшаб келдик. Лекин уларнинг ҳеч қайси бири билан қонуний никоҳдан ўтмадим. Чунки пулим йўқлиги учун никоҳни қонунийлаштирмадим.

2024 йилнинг 24 май куни хотинларим Х. ва С. пул масаласида гап талашиб, жанжаллашиб қолишди. Шунда уларни ажратиб, С.нинг юзига бир мушт уриб юбордим. Унинг оғзи қонаб кетди.

Жанжалдан сўнг хотинларимни алоҳида қилиб ажратиб қўйдим ва С. билан яшай бошладим. Х. эса қўшни ҳовлида аммаси Зарифа билан яшай бошлади. Аммо уларнинг иккаласи билан ҳам алоқани узмадим”, деган эркак ўз кўрсатмасида.

Суд ҳукми билан Д.Ў. Жиноят кодексининг 126-моддаси (кўп хотинли бўлиш) ва 126-1-моддаси 5-қисми “б” бандида (ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик) кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 

Мавзуга оид