Ўзбекистон | 19:48 / 27.12.2022
8493
2 дақиқада ўқилади

21 ёшга тўлмаганларга алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланмоқда

Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Эндиликда 21 ёшга тўлмаганларга алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш ҳамда уларни алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнига жалб этиш жавобгарликка сабаб бўлади. Бу Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида маъқулланган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилмоқда.

Қонун билан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича бир қатор янгиликлар киритиляпти.

Жумладан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотаётган шахс 21 ёшдан кичик кўринган харидордан унинг шахси ва ёшини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса сотишни рад этиши шартлиги белгиланмоқда. Шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи органлар сафи кенгайтирилиб, уларнинг соҳадаги ваколатлари аниқ белгилаб қўйиляпти. Қонунда тамаки маҳсулотлари турлари ва уларнинг жумласига кирувчи маҳсулотларга аниқ таъриф берилган. 

Маълумот учун, мазкур қонун Сенатнинг йигирма еттинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан рад қилинганди. 

Мавзуга оид