Ўзбекистон | 18:25 / 28.12.2022
45738
4 дақиқада ўқилади

Қудбиев ўзини ўзи банд қилганларга касса-аппарат ўрнатиш талаби қўйилганига изоҳ берди

Kun.uz ўзини ўзи банд қилувчилар касса-аппарат ўрнатиши мумкинлигига оид янги тартиб жорий қилингани ҳақида ёзганди. Бироқ қонунчиликка мувофиқ ўзини ўзи банд қилганлар барча солиқлардан озод қилинган. Улар қайси мантиққа кўра касса аппарат қўллаши керак? Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев бу борада изоҳ берди.

Фото: KUN.UZ

Мантиқсиз ўзгариш 

Вазирлар Маҳкамасининг 806-сонли қарорига киритилган ўзгартиришга кўра, ўзини ўзи банд қилган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат-касса техникаси ва банк пластик карточкалари орқали ҳисоб-китоблар бўйича тўлов терминалларидан фойдаланади ҳамда тижорат банкларида ҳисоб варақлари очиши мумкинлиги белгиланди

Солиқ қонунчилигига кўра, ўзини ўзи банд қилувчилар солиқдан тўлиқ озод қилинган. Меҳнат стажи учун эса ихтиёрий равишда 1 йилда бир марта ижтимоий солиқ – 300 минг сўм тўлаш кифоя. Аммо бу тоифа фуқаролар қанча даромад оладиган бўлса ҳам, солиққа тортилмаслиги белгилаб қўйилган. Қонунчилик бўйича касса аппарат, тўлов терминалларини тадбиркорлик субъектларига қўллаш мажбурий. 

Жазолаш методларидан бирими?

Kun.uz билан суҳбатда солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов бу ҳақда шундай деган эди. 

«Касса аппаратларини қўллашдан мақсад солиқдан қочишнинг олдини олиш ва солиқ базасини аниқлаш. Энди ўзини ўзи банд қилувчи солиқ тўламаслик имтиёзи бўлиб туриб, касса аппаратини қўллаши керак. Агар қўлламаса, унга 5 миллион сўм жарима бор, қўлласа, ҳар ой касса аппаратининг 100 минг сўмлик тўловини амалга ошириши керак. Бундан мақсад – жарималар системасини яратиш. Менда бундай фактлар бор: сартарошга 5 млн сўм жарима тўлатишган».

Солиқ қўмитаси раиси нима дейди?

Бу тартиб борасида Kun.uz мухбирининг саволига ДСҚ раиси Шерзод Қудбиев изоҳ берди. Унинг айтишича, солиқ органи ходимлари сартарошнинг устидан истеъмолчилар «Солиқ ҳамкор»га чек бермагани ҳақида мурожаат қолдиргани учун текширишга борган бўлиши мумкин.  

 «Бу масала янги эмас. Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга онлайн назорат касса машинасини ўрнатиш ҳақида Солиқ қўмитасининг топшириғи, режаси, талаби ёки махсус йиғилиши қилинмаган. Яқин ўртада бунга вақтимиз ҳам етмайди. Бунда сал мантиқ бўлмайди – ўзини ўзи банд қилганлар солиқ тўламайди, уларга куч кетказиб айланмасини олганимиз билан улардан солиқ ундира олмаймиз.

Жойлардаги фуқародан чек бермаслик ҳолати юзасидан мурожаатлар қилинган бўлиши мумкин. Солиқ ҳамкорга мурожаат бўлса, у ўрганишсиз қолмаслиги керак, чунки бошқа фуқаронинг ҳам ҳуқуқи бор-да. Мурожаатни солиқ органи ходимлари бориб ўрганган бўлиши мумкин», деди у.

Аммо солиқ тўлашдан озод қилганларга мажбурий касса аппарат қўллаш тартибини «мантиқсиз» деб атаган раис, сўзининг давомида янги ўзгариш «тўғри» эканига урғу берди. 

«Лекин ўзини ўзи банд қилган фуқаро чек бермаса ҳам бўлаверади дегани эмас. Чек бериши керак, чекига солиқ тўламаслиги бошқа нарса. Солиқдан озод дегани чек бермаслиги керак деганимас, бу қонунчиликда йўқ. Аммо унинг айланмаси солиққа тортилмайди», деди Қудбиев.

Мавзуга оид