Роналдунинг янги клуби: 500 миллион доллар, ЖЧ элчилиги ва ЧЛни ютиш амбициялари
«Ан-Наср» ва Саудия Арабистони ҳақида.
Ёғли шартнома
Жаҳон миқёсидаги юлдуз футболчи Осиёдан ташқарида таниқли бўлмаган араб клубига ўтиши ҳақидаги миш-мишлар ноябрдаёқ пайдо бўлганди. Ўшанда Marca «Ан-Наср» Криштиану Роналдунинг «Манчестер Юнайтед» билан шартномаси бузилишига биринчилардан бўлиб реакция қилган клуб бўлганини ёзганди. Хабарларга кўра, араблар клубида 37 ёшли португалиялик икки йиллик шартнома бўйича тахминан 250 миллион евро олади.
Бундай астрономик таклиф ишонарсиз эмасди. Жаҳон чемпионати стартига бир неча кун қолганида Португалия жамоаси етакчиси Пирс Морганга шов-шувли интервью берганди, унда шундай қизиқарли диалог ҳам бўлиб ўтганди:
— Мен сиз Саудия Арабистонидан улкан таклиф — икки мавсум учун 350 миллион евро тўлашни назарда тутувчи таклиф олганингиз ҳақида эшитдим. Бу тўғрими? — дея сўрайди Морган Криштианудан.
— Ҳа, бу тўғри.
— Ва сиз буни рад этдингизми?
— Ўша заҳотиёқ.
Эътиборли томони, «Ан-Наср» ҳақидаги хабарларни Морганнинг ўзи биринчи бўлиб рад этди. Ҳолбуки бу клуб ҳақидаги хабарлар кундан кунга жиддийлашаётганди. Португалия жаҳон чемпионатини чоракфиналдаёқ тарк этгач, воқеалар ривожи тезлик олди ва 30 декабр куни трансфер ҳақида расман эълон қилинди. Роналду эркин агент сифатида «Ан-Наср» футболчисига айланди.
Гигант даражадаги маош
Юқорида тилга олинган 350 миллион евро қуйидагиларни ўз ичига олади: кўтарма пули, агент учун комиссия пули, маош ҳамда «МЮ» учун товон пули. Ҳозирда бошқа сумма муҳокама этилмоқда: CBS журналисти Бен Жейкобснинг сўзларига кўра, Роналду бир мавсум учун 75 миллион доллар маош олади. Унинг аниқлик киритишича, реклама лойиҳалари ҳамда элчилик хизматларини қўшиб ҳисоблаганда Роналду бир йилда ишлаб оладиган пул миқдори 200 миллион долларга етади. Криштианунинг шартномаси икки ярим мавсум учун мўлжалланган, шундай экан, унинг бу давр мобайнидаги оладиган маоши 500 миллион долларгача етади.
«Ан-Наср»да бунча пул қаердан?
Клуб эмблемасида тож тасвирланган ва бу эстетик рамз эмас: 1960 йилга қадар «Ан-Наср» шарафини ҳаваскор футболчилар ҳимоя қилишган, кейин эса подшоҳнинг ўғли, Саудия Арабистони шаҳзодаси Абдул Раҳман ибн Сауд Ол Сауд клуб эгасига айланган.
«Ан-Наср» учун бу ҳақиқий совға эди — ҳазрати олийларининг севимли ўйинчоғига айланган клуб бир лаҳзада бойиб кетади. Ол Сауд футболни севарди ва 1960-йилларга қадар Ар-Риёднинг ҳеч кимга таниқли бўлмаган жамоаси бўлган «Ан-Наср»ни ҳақиқий грандга айлантиради. Ол Сауд 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида клуб президенти бўлиб қолади (бу давр мобайнида у икки бор турли сабаблар билан лавозимдан кетган ва икки бор яна сайланган). 2004 йилда, президент лавозимини эгаллаб турганида вафот этган.
Ҳозирда «Ан-Наср» қироллик хонадони ҳомийлиги остида — шаҳзода Холид ибн Фаҳд президент бўлмаса-да, фаоллик билан клуб учун қайғуради. Саудия лигасининг собиқ раҳбари Мусли Ал-Муаммар клубни тўғридан тўғри бошқаради. Клубда ҳозир ҳам пул билан боғлиқ муаммолар йўқ, шундай бўлса-да, клуб Роналдунинг улкан шартномаси учун маблағни фақат хазинадан олмоқчи эмас. «Ан-Наср» меценатларни қидиришга киришди ва катта эҳтимол билан бундай одамлар топилади. Бундай катта ном орқали ҳомийларни жалб этиш осон кечади.
Энг совриндор клуб эмас
Криштианунинг янги иш жойи ҳақида футбол мухлисларининг аксари ноябр ойига қадар эшитмагани аниқ. Бу клуб 1955 йилда Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда ташкил этилган, унинг уй либоси ранглари — сариқ-кўк. Бу мамлакат миқёсида йирик клуб, аммо энг совриндори эмас. «Ан-Наср» Саудия Арабистони чемпионатида тўққиз бор ғалаба қозонган, аммо бу борадаги рекорддан анча орқада — клубнинг асосий рақиби «Ал-Ҳилол» ички лигада 18 бор ғолиб чиққан.
Сўнгги вақтларда «Ан-Наср» чемпионатда ғолиб чиқмай қўйган. Клуб совринларнинг аксар қисмини ўтган асрда қўлга киритган, XXI асрда эса лигада жами уч бор ғолиб бўлган — сўнггиси 2019 йилга тўғри келади. «Ан-Наср» мамлакат кубогини 1990 йилдан буён қўлга киритмаган. Жорий мавсумда чемпионат турнир жадвалида клуб «Аш-Шабоб»дан икки очколик фарқ билан иккинчи ўринда бормоқда. «Ан-Наср» бугун навбатдаги тур ўйинини ўтказади — унда клубнинг янги юлдуз футболчиси ташриф буюриши кутилмоқда. Кейинги тур 5 январга белгиланган ва назарий жиҳатдан ўша куни дунё Роналдунинг Осиёдаги дебют ўйинига гувоҳ бўлиши мумкин.
ОЧЛда ва ЖЧ-2030 учун курашда ғалабалар керак
Клуб эгалари маҳаллий лига ғолиблиги учунгина бундай катта харажатга қўл урмагани аниқ. Роналду доим таниқли клубларда ўйнаган, аммо «Ан-Наср» ўз тарихида атиги бир бор Осиё чемпионлар лигаси финалига етиб борган — 1995 йилда жамоа Кореянинг «Ильве» клубига ютқазиб қўйган. Тан олиш керак, 1998 йилда арабистонликлар Осиё кубок эгалари кубогида ва Осиё Суперкубогида ғолиб бўлишган, 2000-йилларда эса клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этган. Аммо булар кичик натижалар — Роналдудан Осиёдаги бош турнир ғолиблиги талаб этилиши аниқ.
Криштианудан қироллик хонадони учун муҳим аҳамиятга эга бўлган яна бир ролни бажариш сўралади. Саудия Арабистони Греция ва Миср билан биргаликда ЖЧ-2030 мезбонлиги учун ариза топширмоқчи. Бу уч мамлакат ҳам мундиални қабул қилишга тайёрлигини айтмоқда, аммо уларнинг барча қитъаларда кучли рақобатчилари бор. Хабар қилишларича, Роналду бу заявка юзи бўлади ва бу ҳакамлар ҳайъатининг якуний қарорига таъсир кўрсатиши мумкин.
Европалик мураббий
Роналду кимлар билан ишлайди? «Ан-Наср»да таниқли футболчилар бор: «Арсенал»нинг колумбиялик дарвозабони Давид Оспина, «Бавария»да ўйнаган бразилиялик яримҳимоячи Луиз Густаво, испаниялик ҳимоячи Альваро Гонсалес, «Бенфика»да танилган бразилиялик ҳужумчи Талиска, Камерун термаси ҳужумчиси Венсан Абубакар.
Криштиану ўзи учун аллақачон еттинчи рақамни олган. Бу рақам клубнинг ўзбекистонлик легионери Жалолиддин Машариповга тегишли эди. Бир ой олдин у еттинчи рақамни Роналдуга беришга тайёрлиги ва бундай футболчиларни ҳурмат қилиш лозимлигини айтганди.
Албатта, Криштиану учун мураббий фигураси ҳам муҳим. «Ан-Наср»да у таниқли француз мутахассиси, кўп йиллар мобайнида Европанинг иккинчи эшелон жамоалари — «Лилл», «Рома», «Марсел» ва «Лион» каби клубларда ишлаган Руди Гарсия билан ҳамкорлик қилади. «Лион»дан кетгач, бир йил мобайнида ишсиз юрган Гарсия 2022 йил июнида «Ан-Наср» бошқарувига келганди.
Ҳозирда Саудия лигасида тўпурарлар пойгасида биринчи ўринда Роналдунинг янги клубдоши Талиска тўққиз гол билан пешқадамлик қилмоқда. Роналдуда шу мавсумдаёқ турнирнинг энг яхши тўпурари ва чемпион бўлиш имконияти бор. Кейин нима бўлади? Ҳозирча айтиш қийин. 2025 йил ёзида, «Ан-Наср» билан келишув муддати якунланганида, Криштиану 40 ёшга чиққан бўлади. Ҳозирда айнан Саудия Арабистони унинг фаолиятидаги сўнгги жамоа бўлиб қоладигандек кўринмоқда.
Мавзуга оид
11:06 / 14.12.2024
Ҳусанов трансфер баҳоси бўйича Роналду билан тенглашди
13:29 / 17.09.2024
Роналду — «МЮ»ни тарк этиши, клуб билан ҳозирги муносабатлари ва ўғлининг футболчи бўлиш истаги ҳақида
10:49 / 13.09.2024
Роналду биринчи бўлиб ижтимоий тармоқларда 1 млрд обуначига эга бўлди
11:38 / 12.09.2024