Жаҳон | 11:05 / 03.01.2023
8403
5 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Хитойга бепул COVID-19 вакциналарини таклиф қилди

Европа Иттифоқи пандемиянинг эҳтимолий янги тўлқинига Европа жавобининг бир қисми сифатида Хитойга коронавирусга қарши бепул вакциналарни таклиф қилди, деб ёзади FT.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи Хитойга пандемия билан боғлиқ бўлган қатъий миллий чекловларни бекор қилиш тўғрисидаги қарордан кейин Пекинга касаллик оммавий авж олишига йўл қўймаслик учун бепул COVID-19 вакциналарини таклиф қилди. Бу ҳақда 3 январь, сешанба куни Британиянинг Financial Times (FT) газетаси хабар берди

Ташаббус Европанинг соғлиқни сақлаш бўйича комиссари Стелла Кириакидиснинг эпидемиянинг эҳтимолий янги тўлқинига Европа жавобини ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир. Бу Пекин «ноль ковид» сиёсатидан воз кечганидан кейин амалга ошириляпти.

«Комиссар Кириакидис хитойлик ҳамкасбларига бирдамлик ва қўллаб-қувватлаш таклифи билан мурожаат қилди, жумладан, соғлиқни сақлаш бўйича эксперт ёрдами, шунингдек, SARS-CoV-2 коронавирусининг турли хил вариантлари учун Европа Иттифоқи вакциналарини хайрия қилиш мўлжалланмоқда», деди расмий.

Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқарувчилар билан узоқ муддатли шартномалар бўйича катта буюртмалар туфайли ортиқча захиралар мавжуд. Пекин ҳозирча бу таклифга жавоб бермади, дея қўшимча қилди манба.

ХХР Хитойнинг Sinovac ва Sinopharm вакциналарига таянади ва ҳали Ғарб вакциналарини - мРНК технологиясидан фойдаланган ҳолда - кенг миқёсда жорий этмади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 2022 йил 21 декабрда Хитойда жорий эмлаш қамрови етарли эмаслигини маълум қилди.

Маҳаллий вакциналар аҳолининг заиф қатламларида оғир касалликнинг олдини олиш учун учта дозани талаб қилади. ЖССТ соғлиқни сақлаш бўйича фавқулодда вазиятлар дастури ижрочи директори Майкл Райан матбуот анжуманида икки доза 60 ёшдан ошган одамларни атиги 50 фоиз ҳимоя қилишини билдирди. 

"Маҳаллий вакциналар Хитой халқи каби катта аҳоли учун етарли даражада ҳимоя эмас. Бундай кўп аҳолида, ҳимоясиз шароитлардаги жуда кўп одамлар билан, бундай қамров орқали ҳақиқатан ҳам эмлашга эътибор қаратишимиз керак", деди эксперт. 

ЖССТ маълумотларига кўра, Хитойда 80 ёшдан ошган одамларнинг атиги 40 фоизи вакцинанинг уч дозасини олган. 

Франция ва Испания SARS-CoV-2’нинг ҳали номаълум янги вариантлари тарқалишидан қўрқиб, назоратни жорий этишларини аллақачон билдирди. Кириакидис келишилган ҳаракатларни талаб қиляпти. 

Шу билан бирга, Германия соғлиқни сақлаш шифокорлари федерал ассоциацияси раиси Йоханнес Нисен Funke медиа-гуруҳи газеталарига берган интервьюсида Хитойдан Европа Иттифоқига кирадиганларнинг барчасини мажбурий умумевропа тезкор тестидан ўтказишга чақирди. «Хитойда содир бўлаётгани каби портловчи тарқалиш ҳолатларида вирус мутацияга учрашини ҳисобга олиш керак», — деди эксперт. Энди зарур бўлган нарса «Европа бўйлаб ягона ҳимоя концепциясидир», дея қўшимча қилди у.

Хитойда йирик коронавирус инфекциялари тўлқини туфайли ўтган ҳафтада бир қатор давлатлар, жумладан, Италия, АҚШ, Япония, Ҳиндистон ва Малайзия Хитойдан ташриф буюрувчилар учун мажбурий тестдан ўтказишни тасдиқлади. Италия Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Хитойдан келган ва Италия орқали ўтадиган барча йўловчиларни» COVID-19 учун тестдан ўтказишга қарор қилди. Шу билан бирга, вазирликнинг таъкидлашича, ҳозирча тест синовларида вируснинг янги вариантлари аниқланмаган. 

Германияда Бутунжаҳон тиббиёт ассоциацияси (Weltärztebund) президенти Франк Улрих Монтгомери Хитойдан ташриф буюрувчилар учун Германияга кириш қоидаларини кучайтиришга чақириб, уларни коронавирус учун тестдан ўтказиш ва карантинга жойлаштиришни талаб қилди. 

Хитой уч йил давомида COVID-19’га нисбатан ноль тоқатлик сиёсати остида яшади. Бунинг учун ХХР ҳукумати миллий эмлаш кампаниясини бошлаб юборди, натижада аҳолининг 90 фоиздан ортиғи маҳаллий ишлаб чиқарилган дори воситалари билан эмланди ва қайта эмланди. 

2022 йил декабрь ойида ХХР ҳукумати аввалги курс билан боғлиқ деярли барча чекловчи чораларни бекор қилди. Шундан сўнг, мамлакатда касалланишнинг портловчи ўсиши қайд этилди.

Мавзуга оид