Жамият | 12:06 / 06.01.2023
15086
5 дақиқада ўқилади

“Турмуш ўртоғим бир қўл билан оила боқяпти” — қирқ жони қийноқда қолган оналар

Аёлнинг қирқ жони бўлади дейишади. Бу аёлларнинг қирқ жони ҳам қийноқда. Бир ёндан фарзандининг оғир дардини ўйлаб азобланса, бир ёндан қўли калталигидан ўкинади.

Яна бир томондан топганининг бир учини рўзғорга, бир учини фарзандининг дориларига тортиб етказолмай қийналаётган турмуш ўртоғини кўриб ёрдам беролмаслик, иложсизликдан сиқилади.

“Гематологияни кўришни хоҳламайман”

Қизалоғининг кўзини операция қилдириб беш кунда қайтиб кетиши керак бўлган Маҳлиё Тошкентда ҳали узоқ қолишини, фарзандини қандай ташхислар кутиб турганини билмасди.

“Гематологияни кўришни хоҳламайман. Ўша бинога киришни душманларимга ҳам раво кўрмайман. Химия нима эканлигини билмасдим.

Муолажаларини бошлаганимизга қарамасдан аҳволи оғирлашиб кетаверди. Кўзини операция қилдириб беш кунда қайтамиз деб ўйлагандик. Шу сабаб турмуш ўртоғим Навоийда қолгандилар.

Ишлаш керак, боламни укол-дорилари ҳам жуда қиммат. Турмуш ўртоғим устачилик қиладилар. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Ҳатто дадасига, ота-онамга ҳам тушунтириб беролмайман.

Бола яшашни истаб меҳр кўзлари билан сизга шундай термилиб туради, лекин қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. Бундан ортиқ азоб йўқ экан, она учун”, — дейди Маҳлиё ўкинч билан.

Солиҳа Усмоновага оид маълумотлар:

O‘zkard: 8600 0609 0940 3983 онаси Маҳлиё Очилова номида

Humo: 9860 2301 0455 4939 аммаси Фарангиз Ниғматова номида

Манзил: Навоий вилояти, Хатирчи тумани, Парахун МФЙ, 154-уй.

 

“Икки фарзандимни синов билан берди”

Маъмуранинг тўрт фарзанди бор. Ҳаёт бу аёлга икки неъматини синов билан берди. Бу шундай синовки, ҳам болалар, ҳам ота-онанинг жони азобда.

“Катта қизим 15 ёшда. Туғма суяк нуқсони билан туғилган. Дисплазия диагнозини қўйишган. Ўғлимга оққон хасталигини қўйишганда туш кўряпман, деб ўйладим. Жуда ҳам оғир дард экан.

Бўлиши мумкин эмас, биринчи болам ногирон, иккинчиси ҳам дард чекадими деб, шуда қаттиқ тушкунликка тушдим. Турмуш ўртоғим ҳам қайғуриб қандли диабет касалини орттириб олдилар.

Фарзандларимни йўқотиб қўйишдан жуда қўрқаман. Худодан фақат болаларимни олиб қўйма, деб сўрайман”, — дейди онаизор.

Иброҳим Каримовга оид маълумотлар:

O‘zkard: 8600 0610 5524 5467 онаси Маъмура Каримова номида

Humo: 9860 0101 0224 3416 онаси Маъмура Каримова номида

Манзил: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Корхожа ота кўчаси 56-уй.

 

«Турмуш ўртоғим бир қўл билан оила боқяпти»

Кулфат келса қўшалоқ келади, дейишгани рост экан, Муҳаббатнинг бошига кетма-кет мусибат ёғилди. Турмуш ўртоғи авария бўлганидан кўп ўтмай ўғлига лимфа тугунлари раки ташхиси қўйилди. Аҳволи оғир бола билан Тошкентга етиб келиш ҳам осон бўлмади.

“Нафас олмасди, кислородда базўр олиб келдик. Энг сўнгги дақиқаларда етказиб келдик. Жонлантириш бўлимига ётқизишди. Ўн беш кун ўша ерда даволашди. Кейин онкологиядан тўғри гематологиянинг жонлантириш бўлимига ўтказишди.

Турмуш ўртоғим заводда ишлайдилар. Октябр ойида машина уриб кетганди. Бетон аралаштирадиган машина 8-10 метр судраб кетган. Ҳозир қўли гипсда бўлса ҳам бир қўли билан оиламизни боқиш учун ишлаяпти”, — дейди Муҳаббат кўзёшларини тиёлмай.

Аллан Маратовга оид маълумотлар:

O‘zkard: 8600 1309 7602 8086 онаси Муҳаббат Алламбергенова номида

Humo: 9860 0801 7057 6831 онаси Муҳаббат Алламбергенова номида

Манзил: Қорақалпоғистон республикаси, Нукус шаҳри, А. Шамуратова кўчаси 45-уй.

 

“Отам бизни боқишга қийналяпти”

Матлуба опа тунларни тонгларга улаб олти ойни қандай ўтказганини билмайди. 13 ёшли қизи Ўғилой кечалари оғриқдан ухлолмай додлаб чиқади. Фарзанди азобланаётганини кўриш эса ҳеч бир онага осон эмас.  

“9 мартдан бери оққон касаллиги билан курашамиз. Шароитим жуда оғир. Тўрт нафар қизим бор. Оиламизда фақат турмуш ўртоғим ишлайди. Фермер хўжалигида қўй боқади. Қўли калталик қилиб қийналиб қоляпти. 

Келган вақтимиз оғриққа чидолмай додлаб чиқарди. Кўзига тикилиб ҳаётга қайтариш учун нима қилишни билмасдим. Худога шукур, ҳозир яхши”, — дейди онаизор кўзёшларини яширишга уриниб.

Ўғилой айни ўқиб-изланадиган, дугоналари билан мактабга борадиган ва онасига дастёр бўлган ёшда касаллик билан курашиб вақт ўтказаётганидан ўкинса, бир томондан отасини ўйлаб қийналади.

“Синфдошларим, ўқитувчим телефон қилишади. Қачон мактабга чиқасан, деб сўрашади. Улар билан бирга ўқигим келяпти. Мактабимни, дугоналаримни соғиндим.

Дадам ҳам оиламизни боқишга, ҳам мени дориларим учун пул топишга қийналяптилар. Тинмай ишласалар ҳам пулларини етказолмаяптилар”, — дейди Ўғилой йиғлаб.

Ўғилой Эргашевага оид маълумотлар:

O‘zkard: 8600 0607 4933 2921 онаси Матлуба Бўриқулова номида

Humo: 9860 1201 2398 8350 отаси Хурсандбек Бўриқулов номида

Манзил: Андижон вилояти, Марҳамат тумани, Роҳат маҳалласи, Кўмирчи кўчаси 23-уй.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади, тасвирчи Ғиёс Сафаров.

Мавзуга оид