«Бухоро тажрибаси»: Ғиждувонда ўқувчилар аномал совуқда тўгаракларга жалб этилдими?
Аномал совуқ сабаб мактабларда таътил кунлари узайтирилган бўлса-да, болалар тўгаракларга жалб этилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Шу совуқда тўгарак ўтиш керак экан. Ундан кўра, вазирлик таътилни узайтирмагани яхши эмасмиди?» – деб ёзади ижтимоий тармоқдаги фойдаланувчилардан бири.
6 январ куни Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 3-мактабда тўгараклар ўтказилаётгани, агар бу тўгараклардан ҳисобот учун суратлар олиб ташланмаса, кескин чоралар кўрилиши мумкинлиги ҳақидаги скриншот тарқалди.
Ҳолатдан норози бир фуқаро тумандаги ҳамма мактабларга шундай буйруқ берилаётганини айтган.
«Таътил нимага узайтирилди ўзи? Ҳамма жойда бир хил топшириқ беришяпти. Шу совуқда тўгарак ўтиш керак экан. Ундан кўра, вазирлик таътилни узайтирмагани яхши эмасмиди? Нимага бундай майнабозчилик қилишяпти? ХТБлар ҳар куни мактаблардаги тўгаракларни текширяпти. Вазирликка айтинг, чек қўйишсин бундай кўзбўямачиликка. Ҳамма ерда шу ҳолат», – дейди у.
Kun.uz ҳолат юзасидан Халқ таълими вазирлиги (ҳозирги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги) матбуот котиби Лайло Рустамова билан боғланди. Унинг айтишича, бундай машғулотларни ўтказиш бўйича вазирлик ҳеч қандай топшириқ бермаган.
«Вазирлик тасарруфидаги республика ташкилотлари – Болалар кутубхонаси, «Баркамол авлод» болалар мактаби томонидан барча лойиҳалар онлайн тарзда ташкил этилмоқда. Ҳукуматнинг тегишли йиғилиш баёнида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, қишки таътил давомида ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида китоб мутолаасини оширишга қаратилган онлайн интеллектуал викториналар, радио эшиттиришлар ҳамда телекўрсатувлар намойиш этилиши кўзда тутилган», – дейилади вазирлик матбуот хизмати берган изоҳда.
Шунингдек, узайтирилган қишки таътил кунларида мактабларда ўқувчилар иштирокида тўгараклар ташкил этилмаслиги, бу жараён ҳудудий бўлинмалар ҳамда вазирлик таркибидаги барча таълим муассасалари раҳбарлари томонидан шахсий назоратга олиниши сўралди.
Ғиждувон ХТБ (ҳозирги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ҳудудий бўлими) мудири Мухтор Файзиевга кўра, суратлар ташланмаса, чора кўрилиши бўлим ходими томонидан айтилган.
«Баъзи мактаб маънавиятчилари расм ташлаб беришни ҳам қилмаётганди. Бу мажбурий эмас эди, ўринбосарим ўқитувчи ишлаётгани, ўқувчи келаётгани акс этган оддийгина расмни ташлаб бермаган маънавиятчи педагогларга ёзган.
Энди бу тизимда назорат деган нарса ҳам бор-ку. Болани тадбир давомида назорат қилмасак, шу вақтда жароҳат олиб қолсачи? Шунчаки маълумотга эга бўлиш мақсадида айтилганди, бошқа мақсадимиз йўқ эди. Ходимимиз янги, ишга келганига 1 ой бўляпти. Уни чақирдик, тушунтириш хатини олдик. Лекин ўзи жуда билимли, яхши кадр. Ҳамма ҳам хато қилади, шу хатоси учун ишдан ҳайдаб юборсак, қандай бўлади энди» – деди у.
Кun.uz’нинг аниқлашича, тўгараклар чиндан ҳам вазирлик томонидан эмас, балки Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев қарори асосида ташкил қилинган.
«4 январдан ота-оналар ишга чиқиб кетишгач, болаларнинг вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида бепул тўгараклар ўтказилаётган эди. Ўқувчилар қайси фанга қизиқса, келиб қатанашаверсин деган мақсадда бутун вилоятдаги мактаблар учун ташкил қилинди.
Бу ҳолатларга бизнинг халқ таълими бўлими томонидан тўгаракларга неча киши келгани ва кетгани бўйича ҳар кунлик ҳисобот сўралаётгани айтилди. Расмлар қайси бола, қаердалигини билиш учун сўралган», – дейди Ғиждувон тумани ҳокимлиги матбуот котиби Мансуржон Жўраев.
Таҳририятга берилган маълумотларга кўра, вилоят ҳокимлиги Бухоро вилояти ХТБга қишки таътил давомида ўқувчиларни мактабларда фаолият юритаётган 18 мингга яқин фан тўгаракларига жалб қилиш топшириғини берган.
Таътил кунлари кейинги ҳафта ҳам давом этишини ҳисобга олсак, аномал совуқда ўқитувчи ва болалар тўгаракларга жалб этилишини ижобий баҳолаб бўлмайди. Ўтган йили декабр ойидаги совуқ кунларда ҳам таълим муассасаларининг куз-қишга тайёр эмаслиги кўриниб қолганди.
Ачинарлиси, ўқитувчи ва ўқувчиларга бўлган бундай муносабат бир ҳудудда юзага келаётгани йўқ, бу «эпидемия» бошқа вилоятларда ҳам кузатилганди.
Хусусан, ўтган йили феврал ойида Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар ўқув муассасасида таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар олдида тик туриб узр сўрашганди.
Кейинроқ Намангандаги ўқитувчилардан бири дарс қилиб келмаган 1-синф ўқувчиларини доскага чиқариб изза қилганди. Педагогни ишдан олишгача бориб, сўнг ота-оналар ўқитувчи тажрибали эканини айтиб илтимос қилишгач, меҳнат шартномаси бекор қилинмайдиган бўлганди.
Октябр ойида эса совуқ кун бўлишига қарамай, Шайхонтоҳурдаги 34-мактабда классик шим кийиб келган ўқувчи қиз мактабга киритилмаганди. Вазирлик бу талаб нотўғри эканини билдирганди.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Мавзуга оид
17:03 / 15.12.2024
Бухорода ҳайдовчи маст ҳолда автобус бошқариб, одам ташиётганда ушланди
15:29 / 03.12.2024
Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида мотоцикл ва скутер кабиларнинг ҳаракати чекланди
11:04 / 02.12.2024
2025 йилда Россия шаҳрида Бухоро маданияти кунлари ўтказилади
17:27 / 30.11.2024