Жаҳон | 12:29 / 07.01.2023
11283
2 дақиқада ўқилади

Кевин Маккарти АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери этиб сайланди

Фото: Reuters

Республикачи Маккарти 15-уринишдагина етарли овоз тўплади. Кевин Маккартининг спикер лавозимига сайланишига республикачилар ўртасидаги партия ичидаги қарама-қаршилик узоқ вақтдан бери тўсқинлик қилиб келган.

Республикачи Кевин Маккарти бир неча кун давом этган шиддатли партия ичидаги «жанг»лардан сўнг АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг янги раиси бўлди. 57 ёшли Маккарти бу лавозимга 7 январь, шанбага ўтар кечаси, фақат 15-уринишдан кейин сайланди. Бунгача республикачи бир қатор партиядошларининг қўллаб-қувватлашдан бош тортгани учун керакли кўпчилик овозни қўлга кирита олмади.

Кевин Маккарти ҳозирда АҚШ сиёсий иерархиясида президент ва вице-президентдан кейин учинчи муҳим етакчи ҳисобланади. У демократ Нэнси Пелосидан кейин спикер сифатида ишлайди. Республикачилар ўртасидаги партия ичидаги қарама-қаршилик палата ишини бир неча кун давомида фалаж қилиб, уни тартибсизлик ҳолатига олиб келди.

3 январь куни АҚШ Конгресси ноябрь ойида бўлиб ўтган оралиқ сайловлардан буён ўзининг янги таркибида биринчи марта йиғилди. Республикачилар Вакиллар палатаси устидан назоратни қўлга киритди, АҚШ президенти Жо Байден бошчилигидаги демократлар эса Сенатда жуда оз кўпчиликни сақлаб қолди. Вакиллар палатаси янги раисни 3 январь куни сайлаши керак эди. 

Одатда, Конгресс қуйи палатаси спикерини сайлаш шунчаки расмиятчиликдан иборат. Бироқ Республикачилар партиясининг ўнг қаноти бир қатор вакиллари ўз партияси аъзоси Кевин Маккартини қўллаб-қувватлашдан бош тортди. Вакиллар палатасида республикачиларнинг жуда оз кўпчилиги туфайли Маккарти кўп марта керакли овозларни тўплай олмади. 

Республикачилар учун бу тарихий нисбатларни камситишга айланди. 19-асрдан бери Вакиллар палатаси спикерини сайлаш учун шунчалик кўп уринишлар қилинмаган. Охирги марта 1859-1860 йилларда, республикачи Уилям Пеннингтон 44-уринишда сайланганида ҳозиргидан ҳам кўпроқ овоз бериш жараёни талаб этилган. 

Мавзуга оид