Жамият | 14:29 / 08.01.2023
41778
14 дақиқада ўқилади

«Акамни биздан янгам айирганди» – ҳаётнинг мураккаб синовлари ҳақида ҳаётий ҳикоя

Ҳаётда турфа тақдирларга дуч келган инсонлар кўп. Навбатдаги ҳикоя қаҳрамони ҳам ўшалардан бири. Унинг ҳикоя қилишича, бир пайтлар акаси янгаси туфайли ота-онаси ва бошқа яқинларидан узоқлашиб кетган.

Туманлардан бирига хизмат сафарига бориб тушлик қилиш учун ошхоналаридан бирига кирсам бўш жой йўқ. Четдаги сўрида ёши олтмишларда бўлган бир отахон бир ўзи ўтирарди. Рухсат сўраб ёнига жойлашдим.

Овқатланар эканман, отахон «Болам уйланганмисан?» деб қолди. Бош ирғаганимдан сўнг «Ёш экансан, хотининг ҳеч қачон «акангиз ундай, укангиз бундай, ота-онангиз фалон» дейишига йўл қўйма. Агар билсанг, отани боладан, акани укадан ёмон хотин ажратади. Ўзинг ҳам ҳеч қачон унинг яқинлари ҳақида гапирма», деб қолди.

Синчковлигимга бориб отахоннинг бошидан шу мавзуда нимадир ўтганов, деб тургандим, гапини давом эттирди:

«Аёлларнинг ҳаммаси ёмон демайман. Ёмон аёллардан ёмон эркаклар кўп. Аммо бир нарсани унутма, ёмон хотин болаликда кўрпа талашиб катта бўлган ака-укани бир-бирига душман қилади. Ота-онани ўғилдан айиради. Ишонавер, бошимдан ўтган. Бир пайтлар ота-онам, мен ва бошқа яқинларимнинг акам билан тескари бўлиб кетишига унинг хотини сабаб бўлганди».

Отахоннинг «бошимдан ўтган» деган сўзларини эшитиб, ҳикояларига қизиқиб қолдим. Отахон гап бошлади:

«Оилада уч ўғил ва уч қиз бўлганмиз. Вақти соати келганда катта акамни уйлантирдик. Янгам қўшни маҳалладан эди. Орадан бироз ўтиб, янгам туфайли рўзғорда гап-сўз кўпаяверди.

Ўша пайтда опамни узатганмиз ва сингилларим рўзғор ишлари учун ёшлик қиларди. Келин бўлиб тушганининг иккинчи ҳафтасидаёқ янгам акамга ҳаммага эшиттириб «Мен бу рўзғорга чўри бўлиб келмаганман. Сингилларингиз ёш бўлса, ана, укаларингиз рўзғор ишларига қарашсин», деб гапирди.

Акам хотинига бироз сабр қилишни, алоҳида бўлиб чиқишса барчасидан қутулишини айтар, аммо янгам гапиришдан тўхтамасди.

Шундан кейин ҳам бир неча марта бундай гап-сўзлар давом этди. Янгам уй-ишларини қилмай қўйгани учун бирида овқатсиз қолиб кетсак, бирида ҳовли супурилмасди. Онам доим юрак босими юқори ҳолда юрарди, уни уринтирмаслик учун ўзим билганимча овқат пиширдим, ҳовли супурдим.

Ўша кезларда мен уйланишни ортга суриб юргандим. Рўзғор ишларининг бир қисми ўзимга қолгач, ота-онамга уйланишга рози эканимни айтдим. Тўғриси-да, яшашимизда ҳаловат йўқ, уйлансам хотиним рўзғор ишларига ёрдам беради ва янгамнинг жағи ўчади деб ўйладим.

Тўй ўтди, рўзғор ишларини хотиним қила бошлади. Аммо барибир янгамнинг жағи ёпилмади. У энди алоҳида ҳовли қилиб чиқишни гапирадиган бўлди. Баҳорда қишлоқ четидаги еримиздан уй тикладик ва акамни кўчириб қўйдик. Шундан кейин рўзғоримиз тинчиди.

Янгам анча-мунчада ҳовлига келмас, акамни ҳам келишга қўявермас эди. Ота-онам бунга эътибор беришмас, тинч яшаса бўлди, деб қўл силташар эди.

Кейинчалик сингилларим улғайишди ва уларни ҳам узатдик. Кенжа укам уйланди ва мен ҳам алоҳида ҳовлига чиқиб кетдим. Ўша пайтларда акам Россияга қуруқ мева олиб бориб сотарди ва иши яхши эди. Аммо янгамнинг зуғуми билан бирон ишда ёрдами тегмасди.

Эсимда, кенжа укамни уйлантиришда бироз маблағ муаммо бўлди. Акам эшитган шекилли бир кун озроқ пул кўтариб келибди. Онамга пулни берар экан, кўзини жавдиратиб, «келинингиз билмай қўя қолсин» деди. Шу тобда бечорага бир тарафдан раҳмим келар, иккинчи тарафдан бўш-баёвлиги учун жаҳлим чиқарди.

Бироз ўтиб олдинма кейин ота-онам оламдан ўтишди. Уларнинг дуосини олишга улгурмаган акам маъракалар ўтгунча бел боғлаб ҳассакаш бўлиб турди. Аммо янгам жанозадан кейин бир марта кўрингани, қайтиб келмади.

Қишлоғимиз одамлари жуда тадбиркор. Ҳатто собиқ иттифоқ пайтида ОБХСС ходимлари қувиб юрганда ҳам савдо билан шуғулланган. Ўзбекистон мустақил бўлгач тадбиркорлик учун кенг йўл очилди. Мен ҳам имкониятдан фойдаланиб, туман марказида дўкон очдим.

Аввалига ишим яхши эди. Кейин бир-икки марта фирибгарларга чув тушдим ва анча пулимни йўқотдим. Дўкон пештахталари бўшаб қолди. Маҳсулот камайгач дўконга харидорлар ҳам кам кирадиган бўлиб қолди.

Агар харидор сўраган нарсани «бизда тугаган» деб топиб бера олмасангиз, у «қидириб юрган нарсам буларда йўқ» деб қайтиб дўконингизга кирмай қўяди.

Шу учун бироз қарз олиб бўлса ҳам дўконни молларга тўлдиришни ва шу йўл билан мижозларни қайтаришни ўйладим. Аммо ҳозир ҳамма ўзидан ортмаяпти, кимдан қарз сўрайман?

Ўшанда хаёлимга акам келди. Аммо у янгамни «енгиб чиқиб» пул бера олармикин? Таваккал қилиб акамнинг олдига жўнадим.

У билан анча пайт уёқ-буёқдан суҳбатлашиб ўтирдик. Гапни нимадан бошлашни билмасдим. Акам нимадир сўраб келганимни сезиб турарди. Шунчаки ўзим гап бошлашимни кутаётганди.

Олдинига дўкондаги вазиятдан гап бошладим. Гапимнинг охирида дўконни маҳсулотлар билан тўлдириш ва шу йўл билан мижозларини қайтариш учун икки минг доллар кераклигини айтдим.

Мен гапириб турганимда янгам чой олиб кириш баҳона бир-икки марта олдимизга кириб чиқди ва пул сўраб келганимни билди. Акам икки минг долларни бериб туришга рози бўлди. Фақат янгамни кўндириш учун вақт керак шекилли «эртага кел» деди.

Овқатланиб бўлгач акам билан хайрлашиб дарвозадан чиқар эканман, янгамнинг овози эшитилди:

«Ҳа, сиз ўлиб-тирилиб қийналиб пул топинг-да, кейин уларни қариндошларингизга бўлиб беринг. Ахир олдимизда қанча ишларимиз бор»

​Янгамдан кейин акамнинг овози эшитилди:

«Секинроқ гапир, эшитиб қолади. Укамга қўлимдаги ҳамма пулни бериб юбораётганим йўқ-ку! Дўкони бор, сўраган вақтимда қайтаради».

Уёғини эшитмадим ва кўчага чиқиб кетдим. Уйга боргач бир қарорга келдим, эртага акамнинг олдига бормайман. Мени деб яна янгам билан яхши-ёмон бўлиб юрмасин.

Тақдирни қарангки, ўшанда ҳеч ким кутмаган иш содир бўлди. Менга икки минг доллар беришга қарши бўлган янгамнинг ўйламасдан қилган бир иши учун акам тўрт минг доллар пулидан айрилди. Камига бутун музофотга шарманда бўлди.

Эртаси куни тонгда жарчи жанозага чақира бошлади. Қулоқ солсам акамнинг қайнонаси ўтиб қолибди. Хабарни эшитгандан тезда таъзия бўлган хонадонга жўнадим.

Борсам, акам марҳуманинг яқинлари қаторида бел боғлаб турибди. Жанозани ўқиб, майитни қабрга қўйиб қайтар эканмиз, акам қолди, мен уйга келдим.

Тушдан кейин кечроқ биров чақириб келди ва зудлик билан акамга учрашимни айтди. Йўлда, «акам янгамнинг уйда йўқлигидан фойдаланиб сўраган пулимни бермоқчи шекилли. Пулни олмайман» деб ўйладим. Аммо у ерда тамомила бошқа ҳолатнинг устидан чиқдим.

Акамникига кириб борар эканман, ҳовлида беш-ўн чоғлик қариндошлар ва қўни-қўшнилар кўринди. Менга пешвоз чиққан акамнинг кайфияти йўқ эди.

Акамнинг айтишича, тонгда қайнонасининг вафот этгани ҳақида хабар келгандан у дарҳол отланган. Янгам тонг ёришгандан кейин борган. Майитни қабрга қўйиб келишгач, акам қайниларининг олдида бирпас ўтирган ва уйга қайтган.

Уйга кирса болаларининг қўл-оёғи боғланган, оғзига латта тиқилган, хоналардаги нарсалар тинтиб ташланган ҳолда эмиш. Дарҳол болаларнинг қўл-оёқларини ечибди.

Болаларнинг айтишича, янгам ҳам жанозага кетгандан сўнг юзига қора ниқоб таққан уч киши келибди. Болаларни қўрқитиб, қўл-оёқларини боғлабди. Сўнг хоналарга кириб ҳаммаёқни тинтишибди. Пул сақланадиган сандиқни очиб, икки минг долларни олиб кетишибди.

Ҳодисани эшитиб ҳайрон қолдим. Катта шаҳарларда рекет авжига чиққан пайтлар эди, наҳотки бизда ҳам пайдо бўлган бўлса?! Бу ишни ким қилган бўлиши мумкин?

​Акамдан босқинчилар яна нималарни олганини сўрадим. «Фақат икки минг долларни олиб кетишган. Янганг пулларнинг қолганини олиб бошқа жойга яширган экан. Ўша хонада унинг тилла тақинчоқлари ҳам бор эди. Босқинчилар уларни кўрмай қолибди шекилли, жойида турибди», деди.

Мен борганимда акам ҳали ички ишларга хабар беришга иккиланиб турган экан. Дарҳол хабар бериш керак эди, деб уришиб бердим.

Шундан кейин иккаламиз туман ички ишлар бўлимига бориб босқинчилик ҳақида хабар бердик. Ўша заҳоти жиноят қидирув бўлими ходимлари биз билан акамникига келишди.

Улар ҳовлини, кейин хоналарни обдан кўздан кечиришди. Ҳеч қандай из йўқ. Охирида эса болалар билан суҳбатлашишди.

Акамнинг иккита катта қизи турмушга чиқиб кетган, ўша куни уйда 13 ёшли ўғли, 11, 9 ва 7 ёшли қизлари бўлган. Акамнинг ўғли ва қизлари ИИБ ходимларига «Юзига қора ниқоб таққан уч киши келди. Бизни боғлаб, оғзимизга латта тиқишди ва пулларни олиб чиқиб кетишди» деб жавоб беришарди.

ИИБ ходимлари болаларга «Қора ниқобли одамлар орасида биронта қўшниларгами ёки маҳалладошларгами ўхшагани бормиди?" деб савол берганда қизчалар «билмасак» деб елка қисишди. Акамнинг ўғли эса «биттасини қўшнимизнинг ўғлига ўхшатдим», деди.

ИИБ ходимлари дарров қўшнининг ўғлини топиб келиб, акамнинг ўғли билан юзлаштиришди. Акамнинг ўғли шу деб бош ирғаб қўйди. Қўшнининг ўғли ҳайрон қолди ва олиб чиқиб кетишаётганда «мен буларникига бу яқин орада кирмадим» деди.

Қўшнининг ўғлини тўрт кун тергов қилишди. Акам билан ҳар куни ИИБга борамиз, натижа йўқ. Бешинчи куни акамнинг ўғлини ҳам олиб кетишди. Акамга «гумондор билан яна бир марта юзлаштирамиз» дейишди.

Ўша куни тушга яқин негадир қўшнининг ўғлини қўйиб юборишди ва янгамни олиб кетишди. Эшитиб ҳайрон бўлдим ва бўлимга етиб бордим. Терговчининг олдига кирган эдим, у аслида ҳеч қандай босқинчилик бўлмаганини, ҳаммасини янгам уюштирганини айтди.

Бу гапга ишонмай турганимни кўриб, терговчи, юринг, деб бир хонага бошлади. Кирсам акамнинг ўғли йиғлаб ўтирибди.

«Полвон, нега йиғлайсан? Ўғил бола ҳам йиғлайдими? Қани, нима бўлганини амакингга ҳам айтиб бер-чи, кейин уйингга кетасан», деди терговчи унга.

«Бувим ўлган куни эрталаб онам аввалига сандиқда турган пулларни бошқа жойга яширди. Кўрпа-тўшакларни сочиб ташлади. Қўлимизни боғлаб оғзимизга латта тиқди. Сўнг «даданг келса, босқинчилар бизни қўрқитиб пулларни олиб кетди», деб айтасизлар, деди ва жанозага кетди. Дадам келганда онам ўргатган гапларни айтдик», деди.

Терговчи акамнинг ўғлидан, «нега ўша куни босқинчилардан бири қўшнимизнинг ўғлига ўхшар эди, деб бизни чалғитдинг?» деб сўраганди, у «қўрққанимдан шундай деб юбордим», деди.

Ҳаммаси маълум бўлганди. Янгам акам менга пул бермаслиги учун босқинчиликни ўйлаб топган ва болаларга гап ўргатиб, уларни боғлаб кетган. Терговчиларнинг хаёлига акамнинг ўғлидан гумон қилиш қаердан келган бўлса?!

«Қўшни бола бор-ку, ўзиям жуда чайир экан. Аввалига босқинчиликни шериклари билан ўша қилган деган гумонга бордик. Аммо ҳеч бўйин олмади. Ходимлар бир-икки мушт туширса ҳам босқинчилиик қилмаганини айтиб туриб олди. Охири калтак жонидан ўтиб кетгач акангизнинг ўғлини сўроқ қилиб кўришимизни айтиб қолди. Жиянингизни бўлим эшигидан олиб киришимиз билан темир панжарани кўрибоқ, қўрққанидан ҳаммасини айтиб берди», деди терговчи.

Худодан яширмаганни бандасидан яширмайман, шундан сўнг акам ишни бости-бости қилиш учун ўртага одам қўшди. У акамга ашёвий далил сифатида олинган икки минг доллардан кечишни, яна икки минг доллар беришини сўради.

Мен бу ишга қарши бўлдим. Аммо акам «хотиним қамалиб кетади» деб ўша одам сўраган пулни берди. Ўша одам фирибгар экан, акамнинг пулларини ўзлаштириб кетди.

Янгам маъмурий тарзда судланди ва унга қанчадир миқдорда жарима жазоси беришди. Ашёвий далил эса давлат ҳисобига мусодара қилинди.

Шу тариқа, янгамнинг «шарофати» билан акам тўрт минг долларидан айрилди. Камига эр-хотин иккаласи бутун музофотга шарманда бўлди.

Ўшандан кейин бошқа одамдан қарз олдим ва бироз ўтиб ишларим ўрнига тушиб кетди. Аммо акам билан орамизга совуқчилик тушди. Янгам эса худди ҳаммасига мен айбдордай салом-алик ҳам қилмай қўйди.

Орқаворатдан «ўша қарз сўраб келмаганда бу гаплар бўлмасди» деганини ҳам эшитдим.

Шу тариқа акамникидан қадамим узилди. Янгамнинг мени кўрганида қошини чимириб «ҳаммасига сен сабабчисан» дегандай қарашига тоқат қила олмасдим.

Мана ўша гапларга ҳам 30 йилдан ошди. Орадан шунча йиллар ўтиб, ҳанузгача акам ва янгам билан орамизда кўринмас тўсиқ бор».

Отахон ҳикоясини тугатгач дастурхонга фотиҳа ўқиди ва хайрлашиб кетди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид