Иқтисодиёт | 12:52 / 12.01.2023
39881
13 дақиқада ўқилади

“АЭСнинг истиқболи йўқ” — Алишер Илҳомов билан суҳбат

Ўзбекистонда энергия етишмовчилиги муаммосини қиммат ва самараси паст АЭСдан кўра қуёш панеллари яхшироқ ҳал қилади, дейди Лондондаги таҳлил маркази директори Алишер Илҳомов. У Kun.uz'га берган интервюсида Россия қурадиган АЭС Ўзбекистоннинг бўйнига бўйинтуруқ бўлишидан хавотир билдирди. “Бунинг товонини авлодлар тўлайди”, деди у.

2017 йилда Ўзбекистонда Россия билан ҳамкорликда атом электр станциясини қуришга ҳаракат бошланди. Шу йили Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича келишув имзолади.

Бир неча миллиард долларлик асосий битим имзоланиши кечикаётган бўлса-да, ҳукумат расмийлари бу режадан воз кечилмагани, музокаралар давом этаётганини айтмоқда. Бу сиёсий лойиҳа мамлакатдаги энергия муаммосини ҳал қилиш учун муҳим омил сифатида тақдим этиляпти.

Лондондаги “Марказий Осиё Due Deligence” таҳлил маркази директори Алишер Илҳомов Kun.uz билан суҳбатда АЭСнинг иқтисодий самарасизлиги ва бошқа омиллар ҳақида сўз юритди.

“Лойиҳа чўзилаётгани шубҳа-гумонлар борлигини тасдиқлайди”

— Фикримча, АЭС қуриш лойиҳаси Ўзбекистон томонининг ташаббуси бўлмаган. Яъни бу масалада Москва томонидан босим ўтказилган, лойиҳа Москва томонидан пеш қилинган. Ўшангача АЭС қуриш бўйича анча танқидий ёндашув мавжуд эди. Ўзбекистон ҳукумати қандайдир сабабларга кўра рад жавобини бера олмаган кўринади. Бу ерда айнан қандай сабаблар рол ўйнаганини айтиш қийин. Аммо ҳозир лойиҳа чўзиляпти. Демак, бу лойиҳа Ўзбекистон томони учун қанчалик манфаатли экани борасида шубҳа-гумонлар борлигини тасдиқлайди.

Аввалбошдан мазкур лойиҳа манфаатли эмаслиги очиқ-равшан эди. Ва бу атом энергияси хавфсизлиги билангина боғлиқ эмас. Японияда, Украинада нималар содир бўлганини ҳисобга олсак, бундай эҳтимолий авариялар мамлакатга умумий маънода жуда катта салбий таъсир кўрсатади. Аммо менда бу лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги борасида шубҳа бор. АЭС қурилиши иқтисодий нуқтайи назаридан мутлақо самарасиз. Биринчидан лойиҳа жуда катта маблағ талаб қилади. Лойиҳа ҳақидаги илк гап-сўзлар гап бошланган 2019 йилда станцияни 2028 йилда ишга тушириш режалаштирилган эди. Аммо ҳалигача қурилиш бошланмаганини ҳисобга олсак, 2030 йиллар бошида ишга тушиши мумкин. Лойиҳа қиймати тахминан 9 млрд доллар атрофида баҳоланган. Бироқ аввал ҳам айтганимдек, одатда лойиҳа босқичида пудратчилар, ижрочилар қийматни пастроқ кўрсатишади, кейинчалик турли баҳоналарни илгари сурган ҳолда нархни ошириб боришади. Амалий жараён бошлангандан кейин эса уларнинг талабини рад этиш мушкул бўлади, чунки иш бошлангандан кейин Ўзбекистон уларга боғлиқ, муайян миқдорда харажат қилиб қўйган бўлади.

“Муқобил энергия АЭСдан каррасига арзон”

— Росатом таклиф қилган нархдан келиб чиқсак ҳам, мамлакатда бошқа қимматли энергия манбалари мавжуд. 2019 йил маълумотларига кўра, 1 мегаватт атом энергияси 160 доллар туради. Бу газ ва муқобил энергия турларига қараганда бир неча баравар қиммат. Ҳозир Ўзбекистонда уй хўжаликлари таъминоти ва маҳаллий саноат манфаатлари нуқтаи назаридан энергетик инқироз кузатилмоқда. Ўзбекистонда тахминан 50 млрд кубометрдан кўпроқ газ қазиб олинади. Бу аслида ички эҳтиёж ва экспорт учун етарли бўлиши керак.

Иқтисодий нуқтайи назардан олганда бир киловатт атом энергиясини ишлаб чиқариш худди шунча миқдорда газ қазиб олишдан ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан бир неча баравар қимматроққа тушади.

2021 йил маълумотларига қарасак, ҳозирда 1 мегаватт қуёш энергиясини олиш уй хўжаликлари учун 100 центдан арзонроқ.

Газ қиймати ўтган йилда ҳам ўзгармай қолган. Аммо ҳозир газ нархлари кескин ошиб кетган. Тикланувчи энергия қиймати эса бир хил турибди, ҳатто пасайган ҳам. Ўтган йили бир мегаватт қуёш энергияси уй хўжаликлари учун пасайди, бу нарх доимий равишда пасайиб боради. Бунда томга қуёш панеллари ўрнатилади, сақлаш учун аккумуляция батареялари олинади. Йирик станцияларда нарх юқорироқ бўлади. Ҳозир газнинг нархи кўтарилганини ҳисобга олсак, газ ва қуёш энергияси ўртасида деярли икки баравар фарқ бор.

“Энергия етишмовчилиги масаласини АЭСдан кўра қуёш панеллари яхшироқ ҳал қилади”

— Бир неча йил олдинги статистикага кўра, Буюк Британияда тахминан 40 минг уй хўжалигида қуёш панеллари ўрнатилган. Охирги маълумотларга асосан эса мамлакатда бир миллион атрофидаги уй хўжалиги бу панеллардан фойдаланади. Ваҳоланки, Британияда қуёшли кунлар Ўзбекистондагига нисбатан анча кам. Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда йил давомида 300 кун қуёшли ҳаво кузатилади. Яъни шу даврда қуёш энергияси олиш мумкин.

Илгари қуёш энергиясининг камчилиги сифатида ҳар куни қуёш чиқмаслиги ва энергия олиш мумкин бўлмай қолиши кўрсатиларди. Ҳозирда энергияни аккумуляция қилиш бўйича технологиялар ишлаб чиқилмоқда. Аккумулятор батареяларидан фойдаланган ҳолда энергияни узоқ муддат сақлаш мумкин.

Amazon'да турли қуёш панеллар таклиф қилинмоқда. Мисол учун, смартфонни, повербанкни қувватлаш учун, кэмпинг ва саёҳатлар учун панеллар мавжуд. Уй хўжаликлари учун эса тахминан 1000 фунт стерлинг атрофидаги нархга панел харид қилиш мумкин. Тўлиқ комплектни ўрнатиш ва хонадонни энергия билан таъминлаш тахминан 4000 фунтни, шунингдек, аккумлятор батареяси харажатларини талаб қилади.

Бундай инвестициялар уй хўжаликлари билан бирга, ҳукуматлар томонидан ҳам амалга оширилиши керак. Британияда уй хўжаликларида панелларни ўрнатиш учун грант ажратишга қаратилган дастур бор. Бу орқали лойиҳанинг қиймати анча пасаяди. Ўз уйингизга қуёш панелини ўрнатсангиз, бошида харажат қиласиз, аммо бу қисқа муддатда қопланади. Ўзини ўзи таъминловчи мустақил тузилма бўла оласиз. Деярли ҳар йили энергия таъминотида инқирозли вазият юзага келаётганини ҳисобга олсак, энергиядаги узилишлардан холи бўласиз.

Менимча, бу борада ҳукумат дастур қабул қилди, станция, катта майдонда қуёш панеллари қуриляпти. Лекин уй хўжаликларини таъминлаш бўйича бирор бир ҳаракатни кузатганим йўқ.

Уй хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги ҳамда давлат муассасалари Ўзбекистондаги энергия истеъмолининг 60 фоизини ташкил қилади. Уй хўжаликларининг ўзи истеъмолнинг тахминан 26 фоизини ташкил қилади. Ҳеч бўлмаганда 26 фоизни эмас, шунинг ярмини муқобил энергия билан таъминлаган тақдирда ҳам иш осонлашади. Буни хусусий хонадонларда қилиш осонроқ. Уй эгаси ўзи қарор қабул қилади ва томига ўрнатади. Кўп хонадонли уйларда сал мураккаброқ, чунки ҳамманинг розилигини олиш керак, харажат ўртада тақсимланиши керак. Аммо ҳамманинг ҳам бунга имкони бўлмаслиги мумкин.

Агар логистика, сотув, сифат кафолати ва молиявий ёрдамни назарда тутувчи дастур бўлса, хусусий уйлар, айниқса қишлоқ жойларидаги уйларда, қишлоқ хўжалигининг ўзида буни амалга ошириш мумкин. Яъни ҳукумат томонидан қуёш панеллари ва аккумуляторлар харажатларининг 20-30 фоизини қоплаб берадиган грантлар ажратилиши керак.

Бундай стратегиялар амалга оширилиши лозим. Бу жорий инқирозли вазият билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилади. АЭС учун реал муқобилни пайдо қилади. АЭС умумий энергия балансига фақат 10-15 фоиз қўшиши мумкин. Уй хўжаликлари ўзларига панелларни ўрнатган тақдирда эса баланс камида 20 фоиз қопланиши мумкин. Панеллар энергия етишмовчилиги масаласини АЭСдан кўра яхшироқ ҳал қилади.

Ҳукумат томонидан ҳам, таҳлилий марказлар томонидан ҳам у ёки бу вариант қанчага тушиши бўйича иқтисодий таҳлилларни кўрмаяпмиз. Устувор йўналишларини иқтисодий нуқтайи назардан таҳлил қилган ҳолда стратегияларни кўриб чиқиш керак.

“AЭС қуриш ҳеч қандай иқтисодий истиқболга эга эмас”

— Менда иш нега чўзилаётгани бўйича маълумот йўқ. Ҳаммаси алалоқибат иқтисодиётга бориб тақалади. Ҳукуматда лойиҳа самарадорлиги борасида шубҳалар пайдо бўлган. Ичкарида муҳокамалар кетяпти. Чунки бу бир томондан сиёсий қарор. АЭС қурилишига розилик берилганининг ҳам сиёсий сабаблари бор эди. Йил сайин ижтимоий-иқтисодий муаммолар тобора таранглашиб бормоқда. Ҳукумат бу бошоғриққа қўшилишга иккиланиб қолмоқда. Ҳукуматлар турли лойиҳаларга пул киритишда устуворликни тўғри белгилай олиши керак. Энергия муаммо борасида қайси вариант иқтисодий нуқтайи назардан энг самарали экани бўйича таҳлиллар олиб борилиши керак.

Иқтисодий нуқтайи назардан АЭС қуриш ҳеч қандай истиқболга эга эмас. Бу билан Ўзбекистон ўз бўйнига бир ишкални осиб олади, кейинги авлод эса товон тўлаши керак бўлади.

“Маркетинг ўйини”: лойиҳа бошлангач, нархлар оширилади

— Бу одатий амалиёт. Қандайдир иқтисодий ёки техник асос бўлган тақдирда ҳам катта лойиҳа бўйича қурилиш бошланганда жараён давомида кутилмаган ҳолатлар юзага кела бошлайди. Мисол учун, бутловчи қисмларнинг нархлари ошиши мумкин, форс-мажор ҳолатлари юзага келиши мумкин. Турли сабаблар билан пудратчи нархни оширади. Муайян харажат қилган, шартнома қилган давлатнинг эса кўнишдан бошқа чораси қолмайди. Бу фақатгина Росатом билан боғлиқ эмас, бу Ғарбда ҳам кузатилади. Катта лойиҳа бошланганда жараён мобайнида вазият ўзгариб боради.

Яна дезактивация нархи ҳам ҳисобга олиниши керак. Яъни иш якунлангач, станцияни дезактивация қилиш ҳам харажат талаб қилади. Бу қурилишнинг тахминан 10-15 фоизи атрофидаги харажат дегани. Шунингдек, экология учун ҳам катта зарар. Бу жиҳатлар ҳисобга олинмаган. Улар эътибордан қочирилмаслиги, асослантирилиши керак.

“Экология омилини унутмаслик лозим”

— АЭС хавфсизлиги тўлиқ кафолатланса ҳам авариялар, бахтсиз ҳолатлар эҳтимолини нолга тушириш имконсиз. У барибир қуёш ёки шамол энергиясига нисбатан экологик тоза эмас. Устувор йўналиш сифатида тикланувчи энергияга эътибор қаратилса, бунинг иқлимий самараси АЭСга қараганда анча юқори бўлади. АЭС қурилишида сув ҳавзаси атрофи ўраб олиниши керак бўлади. Уран қайта ишлангач совитилиши керак. Бу сув ҳавзасида, яъни Айдаркўлда амалга оширилади. Бунда эса сув орқали зарарланиш эҳтимоли пайдо бўлади.

Бунақа ҳолатлар амалиётда кузатилган. Францияда Япония, Украинадаги каби катта авариялар бўлмаса ҳам, атрофдаги сув ҳавзаларининг зарарланиш ҳолатлари кузатилган. Ўзбекистон учун сув ҳавзалари жуда муҳим ресурслигини ҳисобга олсак, устига-устак, сув етишмовчилиги муаммоси фонида таҳлиллар давомида шу каби эҳтимоллар ҳам инобатга олиниши керак.

“Бир неча давлатлар АЭСдан фойдаланишдан воз кечяпти”

— Германия ва бошқа давлатларда АЭС қуришдан воз кечилди. Ишлаб турганлари ҳам ёпилди. Уларда иқтисодиёт нуқтайи назаридан сабаблар бўлмаган. Бу асосан Фукусимадаги авария оқибатида рўй бермоқда. Анчадан бери ишлаб келаётган, энергия ишлаб чиқараётган бўлса ҳам, фалокат хавфи борлиги учун шу йўлни танлашди.

АҚШ эса жуда катта ҳудуд, станцияларни аҳоли пунктларидан узоқда жойлаштириш мумкин. Шу боис бу борада мамлакат ҳудуди, аҳоли жойлашуви зичлиги, АЭСнинг қаерда жойлашиши ҳам ҳисобга олиниши керак. Ўзбекистонда, албатта, аҳоли истиқомат қилмайдиган чўл зоналари бор. Аммо станция сув ҳавзаси бўлишини талаб этади. Айдаркўл мана шундай манба бўлади. АЭС қурилиши бу сув ҳавзаси учун хавфни пайдо қилади.

Аҳоли зичлиги, станция сув объектларига яқинлиги ҳисобга олиниши керак. Ўзбекистонда станцияда ишланган уранни дезактивация қилиш нуқтайи назаридан бу жуда хавфли.

“Инқироз қачон қурилиши номаълум бўлган АЭС масаласини янги даражага олиб чиқади”

— Яна бир бор таъкидламоқчиманки, АЭС қуриш масаласини жорий энергия инқирози нуқтайи назаридан кўриб чиқиш керак. Президент хонадонларга бориб аҳвол билан танишди. Инқироз ҳар йили такрорланяпти. Бу борада бирон стратегияни қабул қилиш масаласи кўндаланг турибди. Муаммо шуки, ҳукумат йирик станцияларга пул тикяпти, аммо муқобил энергияни уй хўжаликларида татбиқ этиш бўйича лойиҳа йўқ. Бу қачон қурилиши ноаниқ бўлган АЭС масаласини янги даражага олиб чиқади.

Ҳеч бўлмаганда бир қисм хонадонлар таъминланса, максимум 5 йилда ўз таъминотига эга уйларда муаммо ҳал қилиниши мумкин. Менда бу борада аниқ ҳисоб-китоблар йўқ. Буни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича таҳлиллар қилиш керак. Ферма хўжаликлари, уй хўжаликлари, давлат муассасалари, мактаблар учун ҳам бу дастурни жорий қилиш лозим.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид