Ўзбекистон | 08:22 / 12.01.2023
10534
2 дақиқада ўқилади

Бухоро вилоятида мактаблар ва олий таълим муассасаларида қишки таътил узайтирилди

Бухоро вилояти ҳокимлиги ота-оналар илтимосига кўра мактаблар ва бошқа таълим муассасалари очилиши бўйича қарорини қайта кўриб чиқди.

Фото: Kun.uz

Бухоро вилояти умумтаълим мактаблари, ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари очилишини 16 январга кечиктирди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги 12 январга ўтар кечаси хабар қилди.

«Бухоро вилояти умумтаълим мактаблари, ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида 11 январ кунидан анъанавий тарзда ўқиш бошланган эди.

Бироқ совуқ об-ҳаво шароитида кўпчилик ота-оналарнинг мурожаатларини инобатга олиб, Бухородаги барча таълим муассасаларида ўқиш 16 январь кунидан бошланиши белгиланди», дейилади хабарда.

Шунингдек, мактабгача таълим масканлари ҳам ўз ишини  16 январ кунидан бошлайди. 

5 январ куни кучли совуқ кутилаётгани муносабати билан Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларида қишки таътил муддати 17 январга қадар узайтирилганди. Аммо 10 январ куни ҳукумат ҳудудий ҳокимликларга таътил графигини мустақил белгилашга рухсат бергани маълум бўлди. Бухоро вилояти бошқа аксар ҳудудлар қатори дарсларни 11 январдан бошлашга қарор қилганди. Фақат Фарғона вилоятида дарслар 16 январдан, Сирдарё вилоятида юқори синф ўқувчилари учун 13 январдан, бошланғич синф ўқувчилари учун 16 январдан, Навоий вилояти ва Қорақалпоғистонда 12 январдан бошланадиган бўлганди.

Мавзуга оид