Жамият | 11:42 / 12.01.2023
27140
5 дақиқада ўқилади

Миллиардлаб доллар зарар ва инсонлар ўлими: 2022 йилда жаҳон ва Ўзбекистондаги энг йирик табиий офатлар

Ўтган йили содир бўлган энг йирик табиий офатларнинг аксарига «қайсидир давлат тарихидаги ёки нечадир асрдаги энг ёмони», дея таъриф берилган. Бу глобал иқлим исиши жадаллашаётгани ва шунинг билан инсоният тўлайдиган товон ҳам кўпроқ бўлиб бораётганини англатади. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас.

Фото: Kun.uz

Иқлим ўзгариши тезлашиб бориши ҳисобига дунё ҳар йили тобора зарарлироқ ва кўпроқ талафот олиб келаётган, тўлови ҳам қимматга тушадиган ҳодисаларини бошдан кечирмоқда. 2022 йилда ҳар бири 3 млрд доллардан кўпроқ зарар келтирган 10 та шундай табиат ҳодисаси содир бўлди.

Миллиардлаб доллар зарар етказиш билан бирга минглаб инсонлар бу табиат ҳодисалари сабаб вафот этди, миллионлаб одамлар жабр кўрди. Иссиқхона газлари истеъмоли қисқармас экан, инсоният тўлайдиган бу товон нархи ошиб бораверади.

Топ 10 та энг зиёнли табиат ҳодисаси

  • АҚШ ва Кубада сентябр ойида рўй берган тўфонлар. Бу тўфонлар сабаб миллионлаб одамлар электр энергиясидан маълум муддат узилиб қолди, қурбонлар юз берди. Ҳар иккала давлат кўрган зарар ҳажми 100 млрд доллар атрофида баҳоланган.
  • Европадаги қурғоқчилик. Бундан кўрилган зарар 30 млрд доллардан ошиқроққа баҳоланмоқда. Европа ва Буюк Британия ўтган йили бошидан кечирган қурғоқчилик сўнгги 230 йил ичида энг қаттиғи бўлган. Юқори ҳарорат ўрмон ёнғинлари келиб чиқишига ҳам сабаб бўлди.

  • Хитойдаги сув тошқинлари. 12,3 млрд зарар келтирган.

Хитой тарихидаги энг йирик сув тошқинларидан бири бўлган ёзги сув тошқинида миллионлаб одамлар бошпанасини ташлаб кетишга мажбур бўлган, минглаб уйлар яроқсиз ҳолатга келган. Умуман, 2022 йилда кузатилган ва катта зарар келтирган табиий офатларнинг аксарига қанчадир муддатда кузатилган энг катта талафот келтирган ҳодиса сифатида таъриф берилмоқда.

Хитойдаги қурғоқчилик. 8,4 млн долларга тушди.

2022 йилги қурғоқчилик ва иссиқ ҳаво мамлакат тарихидаги энг ёмони бўлган. Юқори ҳарорат 5,5 млн одамга, қурғоқчилик 2,46 млн одамга салбий таъсир кўрсатган ва 1,5 минг одам яшаш жойини ўзгартиришга мажбур бўлган.

  • Шарқий Австралиядаги тошқинлар. 7,5 млрд доллардан ортиқ зарар келтирган.

  • Покистондаги сув тошқинлари. Кутилмаган даражадаги қаттиқ тошқинлар 5,6 млрд долларлик зарарга келтирган, 1,5 минг одам ўлимига сабаб бўлган. 1,7 млн одам эса яшаш жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

  • Европа ва Буюк Британияда рўй берган Юнис бўрони. Келтирган зарари — 4,3 млрд доллар

  • Бразилиядаги қурғоқчилик. Зарари 4 млрд долларга тенг
  • Кариб денгизи ва Канададаги Фиона тўфони. Келтирган зарари — 3 млрд доллардан ортиқ.
  • Шарқий Африкадаги тошқинлар. Зарар — 3 млрд доллардан ортиқ.

Бу ҳудудда охирги 60 йилда кузатилган энг кучли ёғингарчиликда камида 306 киши вафот этган.

Молиявий зарар ва ўлимларнинг «тақсимланиши»

Табиий офатлар бой давлатларга кўпроқ молиявий зарар келтиради. Сабаби путур етадиган қимматроқ бино-иншоотлар ривожланган давлатларда кўпроқ бўлади. Қолаверса, зарар кўрган одамларга суғурта пули ҳам тўлаб бериш керак. Лекин, афсуски, табиат ҳодисалари сабаб кузатиладиган ўлимлар кўпроқ камбағал давлатлар гарданига тушади.

Ўзбекистонда 2022 йилда қандай зарарли табиат ҳодисалари содир бўлди?

Ўзгидромет глобал исиш Ўзбекистонга қандай таъсир қилаётганини маълум қилганди. Унга кўра, Ўзбекистонда 40 даража иссиқ бўладиган кунлар давомийлиги, баҳор ва ёз ойларида аномал иссиқ даврларнинг такрорийлиги ҳамда жадаллиги ошяпти, чанг-қум бўронлари ҳосил бўляпти, селларнинг интенсивлиги ортиб боряпти.

Селлар

2022 йилда инсонларга тўғридан тўғри таъсир ўтказган табиий офатлардан бири селлар бўлди.

Иқлимшунос олимлар фикрича, глобал исиш ёғингарчилик кўпайишига олиб келмайди. Бироқ улар экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг кўпайишига, шу жумладан, аномал қуруқ ёки аномал нам даврлар такрорийлиги кўпайишига олиб келади. Бундай ҳолатда эса сел ҳодисаси кучли бўлиши мумкин.

Апрелда Жиззах вилояти Фориш туманининг Эгизбулоқ маҳалласига келган кучли сел тошқини сабаб 5 киши вафот этди, 6 киши жароҳатланди. Сел сабаб маҳалла аҳолиси бошпанасидан айрилди: 50 дан ортиқ хонадон яшашга бутунлай яроқсиз бўлиб қолган.

Сурхондарёнинг Узун туманида эса сел сабаб 230 дан ортиқ одам эвакуация қилинганди.

Аномал иссиқ

Июннинг охирида ҳаво ҳарорати 41 даражагача, июл ўрталарига бориб жануб ва чўл ҳудудларида эса 47 даражагача етди.

Жазирама сабаб энергия тизимида узилишлар бўлди. Ҳатто пойтахтда ҳам бир муддат электр ўчиб қолиш ҳолатлари кўпайди.

Чангли об-ҳаво

17 октябр куни кечқурун Тошкент ҳавосида майда PM-2,5 дисперс зарралари концентрацияси рухсат этилган меъёрдан 42 баробарга ортиб, 212 мкг/м³га етди. Бу кўрсаткич билан Ўзбекистон пойтахти бир муддат дунё бўйича ҳавоси энг ифлос шаҳарга айланди.

Ўзбекистондаги ҳодисалар сабаб қанча зарар кўрилгани ҳақидаги рақамлар бизга маълум эмас. 

Мавзуга оид