Спорт | 13:38 / 12.01.2023
22419
2 дақиқада ўқилади

Миллий ўзбек кураши Африка ўйинлари дастурига киритилди

Ўзбек миллий спорти – кураш Олимпия ўйинларининг муҳим бўғини бўлган Африка ўйинлари дастурига киритилди.

Кураш 2023 йилнинг август ойида Конго Демократик Республикасининг Браззавиль шаҳрида ўтадиган Африка ўйинлари тизимидан алоҳида спорт тури сифатида расман жой олди.  

Халқаро кураш ассоциацияси бош котиби ва техник директори Муҳаммад Ризо Носирий мазкур ўйинлар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш мақсадида Конгога хизмат сафари уюштирди. Ташриф давомида Конго Ёшлар ва спорт, фуқаролик таълими вазири Хугуес Нгоуелонделе билан учрашди. Мулоқотлар давомида курашнинг Африка ўйинларидаги техник жиҳатларига оид масалалар муҳокама қилинди. Кураш мусобақалари учун зарур бўлган воситалар, техник талаблар ва таклифлар билдирилди.  

Хугуес Нгоуелонделе мамлакатда курашни энг оммалашган спорт турларидан бири даражасига олиб чиқиш мақсадида йирик мусобақалар ўтказиб келинаётгани ва ҳукумат даражасида қўллаб-қувватланаётганини билдириб, Конго кураш федерациясига кураш гилами совға қилингани учун миннатдорлик билдирди. Келгусида кураш ватани Ўзбекистонга ташриф буюриш режалари борлигини билдириб ўтди.  

Учрашув давомида ХКА бош котиби Ризо Носирий Африка ўйинларида кураш мусобақалари ўтадиган заллар, спортчи ва ҳакамлар, техник делегатлар учун ажратиладиган мажмуалар билан танишди.  

Мавзуга оид