Ўзбекистон | 19:51 / 15.01.2023
27917
2 дақиқада ўқилади

Поп туманида юк машиналари ўзаро тўқнашиб ёниб кетди. Уч киши ҳалок бўлган

Кетма-кет ҳаракатланган учта юк автомобили ўзаро тўқнашиши оқибатида йирик ёнғин келиб чиққан. Ҳайдовчиларнинг барчаси ҳалок бўлган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Наманган вилояти Поп туманидаги йўлда содир бўлган ёнғин юзасидан маълумот берди.

«15 январ куни соат 16:09 да Наманган вилояти Поп тумани «Қўшминор» МФЙ ҳудудида кетма-кет ҳаракатланиб кетаётган 3 та МАN русумли юк автомобиллари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Натижада юк автомобилларида ёнғин келиб чиққан.

Биринчи юк автомобили ёнилғи ташишга мўлжалланган бўлиб, мазут, иккинчи автомобилга кўмир, учинчи автомобилга бўёқ маҳсулотлари ортилган бўлган.

Шунга кўра 4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 16:30 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 16:33 да қуршаб олинган ва соат 17:20 да бартараф этилган.

Ҳодиса оқибатида юк автомобилларида бўлган 3 нафар фуқаро ҳалок бўлган», дейилади вазирлик хабарида.

Воқеа жойига вилоят ва туман ФВБ раҳбарлари, тегишли ташкилотлар  ходимлари етиб борган.

Ҳозирда ИИБ тезкор тергов гуруҳи томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид