Энергоинқироз, Ортиқхўжаевнинг кетиши ва махфий шартномалар — экспертлар билан суҳбат
9-10 январ кунлари Ўзбекистонга кириб келган ва ҳамон давом этаётган совуқ ҳаво оқими мамлакатнинг шусиз ҳам инқирозда бўлган энергия таъминотини янада қийинлаштириб юборди.
Қатор саноат корхоналари газ ва электр энергиясидан узилиб, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида суткалик чекловлар ўрнатилгани ҳам вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун етарли бўлмаяпти.
Ҳозир ҳар бир ўзбекистонликнинг фикри-хаёли, тилида шу сўзлар: уй совуқ, чироқ тез-тез ўчмоқда, газ паст ёки умуман йўқ.
Kun.uz мухбири мамлакатнинг энергия инқирози, ундан чиқиш йўллари ва ҳукумат кўраётган чоралар таҳлилига бағишлаб сиёсатшунос Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос Ҳамид Содиқ ва иқтисодчи Отабек Бакиров билан интервью ўтказди.
— Суҳбатни кеча ва бугуннинг энг қайноқ мавзуси президент иштирокида ўтган йиғилиш ва унда жазоланган амалдорлар мавзусидан бошласак. Жумладан, ишдан олинганлар орасида энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётгани бу – Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ишдан олиниши қарори.
Интервьюга тайёргарлик давомида ижтимоий тармоқларни кузатарканман, бу қарорга бўлган турлича муносабатларни ўқидим. Улар ичида Ортиқхўжаев ҳокимликдан олинганидан хурсанд бўлганлар ҳам, ва ниҳоят мана энди пойтахтдаги тартибсиз қурилишлар, энергетик ва экологик муаммолар камаяди деётганлар ҳам, унинг олиниши бу оғир вазиятда шунчаки “қон чиқариб юбориш” бўлгани каби экани, яъни ҳеч нарсани ҳал қилмаслиги, шунчаки одамларни мавжуд муаммолардан чалғитиш эканини ёзаётганлар ҳам бор.
Хўш, сиз таҳлилчи сифатида Ортиқхўжаевнинг ишдан олинишини қандай қабул қилдингиз, яъни кечаги ўзгаришларнинг мантиғини қандай тушунмоқ керак?
Отабек Бакиров:
— Юқорида айтиб ўтганингиз икки тоифада ҳам эмасман мен. Иккаласида ҳам ҳақ гапни айтганлар бор. Умуман, коммунал соҳани оладиган бўлсак, бизда республика ташкилотларининг ваколатлари ва шаҳар ҳокимликларининг ваколатлари қаергача? Масалан, декабрь ойида давлат раҳбарининг Учтепага ташрифи чоғида «Подъезд учун ким жавобгар?» деган масалада шаҳар ҳокимлиги ҳам, тегишли вазирлик ҳам жавоб беролмаган эди. Демоқчи бўлганим шуки, бу масалада Ортиқхўжаевнинг ҳам масъуллиги бор. Лекин унинг олдига жиддий савол қўйилиши керак бўлганда, бу масала эмас, бошқа масалалар қўйилса, тўғрироқ бўларди. Масалан, мен Ортиқхўжаев ўтган беш йил ичида шаҳар учун энг керакли бўлган ижтимоий неъматларни яратишдан шаҳар мамуриятини бутунлай четлаштирди деб ҳисоблайман. Яна масалан, у маъмурият ва бизнес манфаатлари тўқнашувига амал қилмагани масаласи бўйича савол қўйилса бўларди. Ва энг кўп таъкидланадиган масала: бюджет самарадорлиги бўйича савол қўйиш керак эди.
Албатта, айтганингиздек, тартибсиз қурилишлар, шаҳар бош режасининг йўқлиги шароитида инфратузилмага тушаётган оғирликлар, оқибатлар. Бу оқибатларни яратаётган одам унга ўзи қарши кураша олмайди. Биламизки, амалдаги тизимда Ортиқхўжаев масъул ва ҳисобдор фақат республика раҳбарлари олдида, шаҳар фуқаролари олдида эмас. Яъни Тошкент шаҳрида яшовчи тошкентликлар ва меҳмонлар таъсир кўрсатишга эга эмас. Шунинг учун ҳам инфратузилма бардошлилигини йўқотгани, экология масалаларида савол қўйганда, фақат Ортиқхўжаевга эмас, юқорироққа ҳам назар ташлаш керак. Энди умидим шундайки, масалаларга шахсга қарата жавоб бермаслик бўлади. Кейинги шаҳар маъмурияти асосий ишни шахслар билан боғлиқ ҳолатда иш юритишга эмас, қоидалар билан иш кўрадиган тизим ярата олишга қаратади.
Камолиддин Раббимов:
— Бу ерда Ўзбекистондаги энергетик тизим билан боғлиқ бўлган ва ҳокимиятнинг малакаси доирасида бўлган муаммолар мавжуд. Масалан, Тошкент шаҳри кўчаларидаги қорни тозалаш, йўлдаги хавфсизлик, электр энергияси кабилар. Бу масалаларда ҳокимиятнинг ваколати катта. Ўйлайманки, Ўзбекистон эртами-кечми халқаро тажрибани ўрганиши керак. Масалан, Европа, Япония, Жанубий Корея каби давлатларда ҳар битта туман, аҳоли пунктининг аниқ чегаралари мавжуд. Об-ҳавога қараб, тахминан 10-15 кун олдин вазият режалаштирилади. Дейлик, нимадир режалаштирилган, аммо кескин об-ҳаво кутилаётган бўлса, ўша ишлар ортга сурилиб, йўлларга туз сепиш ва шунга ўхшаш хавфсизлик чоралари кўрилади.
Менда бир савол бор, лекин бу савол жавоби мавжуд эмас. Умуман, Тошкент шаҳрида, Ўзбекистоннинг бошқа аҳоли пунктларида йўллардаги хавфсизлик ва шунга ўхшаш ишлар учун жалб қилинадиган меҳнаткашлар етарлими? Биз доим ҳокимиятни танқид қиламиз, лекин масалаларни деталлашган ҳолатда ҳам кўриб чиқишимиз керак. Тошкент шаҳрида ҳам фақат марказий кўчалар тозаланган. Ўша кўчаларда ҳам қорлар кўча ўртасига уйиб қўйилган, бу ҳам хавф туғдиради.
Юқорида тизим ҳақида айтиб ўтилди. Мана шундай тизим бўлиши керак. Яъни эртами-кечми, албатта, тизим яратиш керак. Ҳар қандай сиёсий-бошқарув тизимининг ўз конструктив зўриқиш векторлари бўлади. Юқорида турувчи раҳбарлар пастдагиларга босим қилиши эмас, олдиндан жорий қилинган механизм ишлаши керак. Бундай ишлашга ўтишимиз лозим. Яъни етарлича шахслар ишга олиниши, уларнинг қўлида аниқ режа бўлиши керак ва ҳудудларнинг чегараси аниқ белгиланган бўлиши лозим. Бутун дунёда бирор бир аҳоли пунктига кириб боришда унинг номи бўлади ва ўшанга маълум бир неча юз метр қолганда ўша ернинг ваколати бошланади. Чегарадан ташқариси эса бошқа бир шаҳар ёки аҳоли пункти ваколатидаги жой ҳисобланади.
Афсуски, тизим шакллангани йўқ бизда. Бу ҳақда гапирилмаяпти ҳам. Лекин президент бизга «қўл бошқаруви» эмас, тизим керак, деяпти.
Одатда бунақа тизимни марказлашган ҳокимият қила олмайди. Давлат институтлари, демократик институтларнинг функцияси коллектив бошқарувдан иборат. Агар фақат марказлашган тизим бўлса, танқид қилувчи ҳам, қилинувчи ҳам ўша марказнинг ўзи бўлиб қолаверади. Бизда Конституцияда кўрсатилган бундай демократик институтлар бор, лекин ишлаши керак улар. Дейлик, парламентда иш тўла бўлмаяпти, бирорта фракция ўша масалаларни кўтармаяпти? Нега ҳоким ишдан олингунга қадар Тошкент шаҳар халқ депутатлар Кенгаши ўша масалаларни кўтармади? Фақат президент айтганидан сўнг бўляпти. Эски сиёсий зеҳният мавжуд ҳали ҳам, яъни катта нима деса шу, деган. Бу — нотўғри. Тизимда бир-бирини тийиб туриш, бир-бирининг камчиликларини кўрсатиш, ўзаро тафтиш қилиш механизми ишласа, вазият бу ҳолатгача келмайди.
Ҳамид Содиқ:
— Ортиқхўжаевнинг фаолиятидан кузатса бўлади, худди бу Маркеснинг «Ошкора қотиллик қиссаси»га ўхшайди. Яъни бу кутилаётган ҳолат эди. Ортиқхўжаев ҳокимиятга келишида президент айтганидек, тизим одами эмасди. Бундай инсонлар бизники каби сиёсий тизимда заиф қатлам ҳисобланади. Ортиқхўжаев фаолиятида ҳокимият характерини, моҳиятини тушунмасдан қилинган ҳаракатлар, ҳолатлар кўп. Айрим масалаларни ҳал қилишда тизимли эмас, балки жойида пул ёки бошқа бир воситалар билан ҳал қилиш каби ҳолатлар бор. Масалан, талабаларга ётоқхона қилиб бериш ҳолати ҳам шу жумладан. Мана шу каби қонунсиз қилинган ҳаракатлар унга нисбатан жамиятда ҳам, сиёсий элитада хам негативларни шакллантирди. Бундай негативларга тўлиб қолган инсонлар доим йўқ қилинади тизимда. Менинг назаримда, бундай мансабдорларнинг тақдири шу тарзда тугаши маълум.
Бу ерда тизимли бошқарув йўқ. Тизимли бошқарув бўлмаган жойда ҳар бир мансабдор шахс маълум бир қонундан ташқари бўлган ҳаракатларни амалга оширади ва шу ҳаракатлар учун жавобгарликни ўзида сақлаб келаверади.
Ҳоким бўлсангиз, негативлар билан тўлиб бўласиз. Ҳар қандай муаммонинг марказий асоси шаффоф сайловлар мавжуд эмаслигида. Тизимли бошқарув вужудга келишининг асоси ҳам шаффоф сайловлар ва қонун устуворлиги. Қўлда бошқаришнинг марказида шахс туради, тизимли бошқарувда эса қонун. Масалан, Сингапур конституцион автократия, шаффоф сайловлар йўқ, лекин қонун устувор. Бизда эса икковиям йўқ.
Отабек Бакиров:
— Шу ерда бир нарсани қўшимча қилмоқчиман. Биз 2017 йилдан бошлаб маъмурий буйруқбозлик ва марказдан туриб бошқаришдан воз кечмоқчи эдик. Бу йўлда биз «марказсизлантириш» воситаларини амалда кўрмоқчи бўлдик ва маҳаллий ҳокимлар ихтиёрига маблағларни қолдирдик. Лекин шу билангина чегараланиб қолдик. Бугунги Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимият аввалгидан анча катта молиявий имкониятга эга. Лекин тайинли институтлари мавжуд эмас. Пул бор, лекин уни самарали сарфлаш ҳаракатлари йўқ. Бу айнан бизда марказсизлантириш ҳаракатининг ярим йўлда қолиб кетгани билан боғлиқ. Қачонки, ҳокимликлар ваколати қайсидир институтлар билан чекланганда, бу самара бериши мумкин.
Биз фақат Ортиқхўжаев мисолида гапиряпмиз, лекин бу нарса ҳамма вилоят ҳокимларига тегишли ҳолат. Ҳозирги кризис Тошкентда кўлами кенглиги ва ахборот етказиш яхши бўлгани учун шовқин кўтарилди. Лекин ҳамма вилоятда бу ҳолат бор. Айтмоқчи бўлганим шуки, марказсизлантириш давом этиши керак, лекин энди ҳисобдорликни ҳам қўшиш керак бунга.
Сўнгги 9 ой якуни бўйича бюджет эълон қилинди. Тошкент шаҳрининг бюджети бутун бошли Қирғизистон бюджетидан катта. Ҳеч қачон маҳаллий ҳокимликларда бу қадар катта маблағ бўлмаган. Мана шундай катта ресурсга эга бўла туриб, булардан мақсадли фойдаланилмаяпти.
Ҳамид Содиқ:
— Бу ерда яна бир нарса бор. Қўлда бошқарув тизимининг «эгизи» бу — куч ишлатиш. Қўлда бошқарилдими, албатта, куч ишлатилади. Тизимли бошқарувда эса сайланиб келади раҳбарлар ва эркинлик берилади. Бизда қўл бошқаруви бўляпти ва эркинлик бериляпти. Ўз-ўзидан ваколатларини бажармаяпти. Чунки қўл бошқарувида куч ишлатиш бўлиши керак ёнида.
Ортиқхўжаев кетаётганда, мен унинг ўрнига қаттиққўл инсон келса керак, деб тахмин қилгандим...
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
13:54 / 19.12.2024
Пойтахт ИИББ Отабек Бакиров устидан жиноят иши қўзғатишни рад этди
15:08 / 13.12.2024
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи Отабек Бакиров устидан ҳуқуқ органларига ариза берди
18:15 / 10.12.2024
«Инсон ҳуқуқлари қудратли давлатнинг асосий белгисидир» — тарихий декларацияга 76 йил тўлди
21:25 / 09.12.2024