Ғарб Украинага яна қандай қуроллар беради? Асосий маълумотлар
Пентагон олдиндан ваъда қилинганидек Украинага 2,5 миллиард доллар миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Бу пакет Stryker зирҳли транспортёрлари ва Bradley ҳарбий машиналари етказиб беришни ҳам ўз ичига олади.
Янги пакет доирасида Stryker русумли 90 дона зирҳли транспортёр ва Bradley русумли 59 дона пиёдалар жанговар машинаси етказиб берилади.
Аввалги пакет 50 дона Bradley машиналарини ўз ичига олганди, шу тариқа, бу ойда жами 100 дан ортиқ шундай машиналар Украинага топширилади.
Пакет шунингдек HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари учун ўқ-дорилар, бошқа турдаги снарядлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ҳам ўз ичига олган.
Тўлиқ рўйхат:
- 59 дона Bradley жанговар машиналари;
- 8 дона ҳаво ҳужумига қарши Avenger тизимлари;
- 90 дона Stryker зирҳли транспортёрлари;
- 53 дона MRAP зирҳли транспортёрлари;
- 350 дона HMMWV ракеталари;
- HARM ракеталари;
- NASAMS учун қўшимча ракеталар;
- 20 000 дона 155 мм артиллерия снарядлари;
- 600 дона Excalibur снарядлари;
- 95 000 дона 105 мм артиллерия снарядлари;
- 11 800 дона 120 мм мина;
- HIMARS учун қўшимча ўқ-дорилар;
- 12 дона машиналарни зарядловчи машиналар;
- 6 дона штаб машиналари;
- 22 дона TOW тизими ўрнатилган автомобиллар;
- 2 000 донага яқин танкка қарши ракеталар;
- 3 000 000 дона патронлар;
- тўсиқни бузувчи ускуналар;
- Claymore пиёдага қарши миналари;
- тунда кўришга мўлжалланган мосламалар;
- эҳтиёт қисмлар ва бошқа жанговар қуроллар.
Халқаро коалициянинг Германияда Украинага қўшимча ёрдам масаласи ҳал қилинадиган учрашуви арафасида эълон қилинган пакет Қўшма Штатларнинг Украинага ёрдам пакетлари орасида ҳажми бўйича иккинчисидир.
Энг йирик пакет январ ойи бошида эълон қилинган бўлиб, 3 миллиард доллардан ошиқни ташкил этарди.
Европадан қуроллар
Пайшанба куни Эстониядаги учрашувда Европа давлатлари мудофаа вазирлари Украинага янги қурол-яроғлар етказиб бериш бўйича қўшма декларацияни қабул қилишди. Улар иттифоқчиларнинг 20 январ куни бўлиб ўтадиган «Рамштейн» форматидаги катта учрашуви арафасида Тапа ҳарбий базасида йиғилишди.
Учрашув якунларига кўра, Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес мамлакат Украинага 600 дан ортиқ Brimstone ракеталари етказиб берилишини айтди, Дания Францияга буюртма қилинган 19 дона CAESAR русумли ўзиюрар артиллерия қурилмалари етказиб беришини маълум қилди.
Эстония Украинага 113 миллион евро қийматидаги ҳарбий техникалар жўнатади, бу FH-70 ва D-30 русумли ўнлаб гаубицалар ва М2 русумли юзлаб танкка қарши гранатомётлар ва улар учун ўқ-дорилар дегани.
Латвия Stinger русумли ўнлаб тизимлар, М-17 русумли иккита вертолёт, ўнлаб пулемётлар, дронлар етказиб беришни, шунингдек 2 минг нафар украиналик аскар тайёрлаб беришни ваъда қилган.
Финландия Украинага 400 млн евро миқдоридаги ҳарбий ёрдам пакети юборилишини анонс қилди. Шу тариқа, Ҳелсинки Украинага жами 590 млн евро қийматидаги ҳарбий ёрдам етказиб беради.
Мамлакат мудофаа вазирлиги хабар қилишича, Финландия Украинага оғир артиллерия қуроллари ва уларга ўқ-дорилар етказади. Аммо Украина анчадан буён сўраб келаётган Leopard танклари бу ёрдам пакетидан ўрин олмаган.
Мамлакат мудофаа вазири Микко Саволанинг маълум қилишича, Финландиянинг Leopard танкларини Украинага етказиб бериш бўйича позицияси Германия қандай қарорга келишига боғлиқ.
Бундан ташқари, ушбу декларация доирасидан ташқарида, немисларнинг Rheinmetall концерни, Handelsblatt нашри хабарига кўра, агар Германия ҳукумати рухсат берса, йил охирига қадар Украинага юзга яқин Leopard-1 ва Leopard-2 русумли танклар етказиб беришга тайёр. Германиянинг бу борадаги қарори жума куни ўтказиладиган «Рамштейн» алоқа гуруҳи йиғилишида эълон қилиши кутилмоқда.
Бен Уоллес шунингдек Ғарб Кремлга қарши туришда якдил эканини таъкидлаган.
«Агар президент Путин биз бу йил безор бўлишимиздан умид қилган бўлса, у хато қилади. Бизнинг мақсадимиз - Россияни Украина ҳудудидан ортга қайтариб юбориш ва Украина суверенитетини тиклаш», - деган Уоллес.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса пайшанба куни Ғарб Украинани Россия ва Беларус «Иттифоқ давлатига қарши курашиш учун плацдармга айлантиргани»ни айтиб ўтди.
«Биз яна бир бор АҚШ ва унинг сателлитларининг НАТО кенгайиши, алянс ҳарбий кучлари ва ҳарбий инфратузилмаларини бизнинг умумий чегараларимиз томон яқинлаштиришга қаратилган бузғунчи йўлидан чуқур хавотирда эканимизни билдирамиз, бу ҳарбий-сиёсий кескинлик кучайишига олиб келади. Бу биз томонимиздан реакциясиз қолиши мумкин эмас», деган Лавров Минскда Беларус ТИВ раҳбари билан учрашувда.
«Рамштайн» арафасида
Бу баёнотлар Украинага ёрдам масаласида 50 га яқин давлатни бирлаштирган «Рамштайн» форматидаги контакт гуруҳи учрашуви арафасида янгради. Бугунги учрашувда иштирокчилар Украинани ҳарбий техникалар, хусусан немислар ишлаб чиқарган Leopard танклари билан таъминлаш масаласида ҳал қилувчи қарор қабул қилиши кутилмоқда.
Полша ва Финландия ўзидаги шундай танкларни украинларга беришга тайёрлигини билдирган, фақат бунинг учун Германиянинг розилиги талаб этилади, аммо ишлаб чиқарувчи томон ҳозирча бунга рухсат беришга шошилмаяпти.
Аммо барчаси Германия мудофаа вазирлигига янги раҳбар келиши муносабати билан ўзгариши мумкин - сешанба куни 62 ёшли Борис Писториус - тажрибали сиёсатчи ва канцлер Олаф Шольцнинг Германия Социал-демократик партияси бўйича партиядоши шу лавозимга тайинланди.
Пайшанба куни янги вазир АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин билан Украинага танклар етказиб бериш масаласини муҳокама қилди.
Бу вақтда Кремль яна бир бор Ғарбни Россияга зарба берилишига олиб келиши мумкин бўлган қуролларни етказиб бериш оқибатларидан огоҳлантирмоқда. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков бу ҳолда можаро янги даражага чиқиши мумкинлигини айтган.
Эстония бош вазири Кая Каллас эса BBC учун берган интервьюсида Россиянинг таҳдидларидан қўрқмасликка чақирган ва Украина учун қурол етказиб бериш ҳаёт-мамот масаласи эканини таъкидлаган.
«Уруш даврида биз етарлича иш қилмадик. Россия кучсизланмади. Россия кўпроқ ишлаб чиқариш учун ўз ҳарбий саноати қувватларини оширди уларда сафарбар қилинган ёки сафарбар қилиниши мумкин бўлган одамлар кўп, шу туфайли биз бу борада оптимист бўлмаслигимиз керак», деган у.
Ва қўшимча қилган: «Ўйлайманки, терроризмга ягона жавоб - бу террорчилик таҳдидларига бўйсунмасликдир, сиз шунчаки бундай қила олмайсиз, чунки акс ҳолда террорчилар ғалаба қозонади».
Танклар масаласи
Чоршанба куни Давосдаги иқтисодий форумда чиқиш қилар экан, Германия канцлери Олаф Шолц унинг мамлакати шусиз ҳам Украинага фаол ёрдам кўрсатаётгани, ўқ-дорилар ва зенит-ракета комплекслари етказиб берганини айтди. Шу тариқа, у бошқа мамлакатларга немислар ишлаб чиқарган танкларни Украинага беришга рози бўлишга чақириқларга муносабат билдирди.
Давосдаги худди шу форумда видеоалоқа орқали чиқиш қилган Украина президенти Володимир Зеленский эса ортиқ кутиб бўлмаслиги ва душмандан олдинроқ ҳаракат қилиш лозимлигини таъкидлади.
«Дунё ортиқ иккиланмаслиги керак - бугун ҳам, келажакда ҳам. Дунёнинг сафарбарлиги бизнинг умумий душманимизнинг навбатдаги ҳарбий сафарбарлигидан илгарилаб кетиши керак. Украинани ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлаш Россиянинг навбатдаги ракета зарбаларидан илдамроқ бўлиши керак. Ғарбнинг танклари етказиб берилиши Россия танкларининг навбатдаги юришидан олдин рўй бериши керак», деган Зеленский.
Давос форумида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ҳам шунга чақирди: «Ҳозир - урушда бурилиш палласи ва Украинага ёрдам ҳажмини сезиларли даражада ошириш керак. Агар эртага тинчлик музокараларига киришишни истасак, бугун кўпроқ қурол беришимиз керак».
Германиядаги Süddeutsche Zeitung нашри эса чоршанба куни ўз манбаларига таянган ҳолда канцлер Олаф Шольц Украинага Leopard танкларини фақатгина АҚШ украинларга ўзининг Abrams танкларини берганидан кейин етказиб беришга рози бўлади.
Нашр суҳбатдошига кўра, Шольц бу ҳақда сешанба куни АҚШ президенти Жо Байден билан телефон мулоқоти чоғида айтган. Байден эса бу борада ҳеч қандай ваъда бермаган.
Аммо АҚШ ҳозирча Украинага ўз танкларини беришни режалаштирмаётгани - Россиянинг реакциясидан қўрқув туфайли эмас, бунинг сабаби шундаки, бу танкларга хизмат кўрсатиш тизимлари жуда қимматга тушади.
Пайшанба куни Sky News - Arabia телеканали Пентагондаги манбасининг АҚШ нима учун ўз танкларини Украинага бера олмаслиги ҳақидаги сўзларини келтирди: «Вашингтон Abrams танкларини [техник] хизмат кўрсатиш ва эксплуатация [харажатлари] туфайли Украинага етказиб бера олмайди». Бундан ташқари, манбанинг фикрича, «баҳорга қадар фурсат ичида [украиналик ҳарбий хизматчиларни] Abrams танкларини бошқаришга ўргатиш имкони бўлмайди».
Шунга қарамай, Украина мудофаа вазири Алексей Резников яқинда BBC учун берган интервюсида Украина учун зарур бўлган барча воситалар етказиб берилишига ишончи комил эканини айтганди.
«Ишончим комил, бизда танклар ҳам, жанговар самолётлар ҳам, 300 километргача масофадаги нишонга зарба бера олувчи қуроллар ҳам бўлади», деганди вазир бир йил муқаддам у Ғарбдаги ҳамкорлардан фақат Stinger қурилмалари сўраши мумкин бўлганини ёдга олиб. У ҳозир украиналик зенитчилар қудратли Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини бошқаришни ўргана бошлаётганини қайд этиб ўтган.
Мавзуга оид
14:45
Захарова: Украина мустақил равишда ядро қуролини яратишга қодир эмас
11:53
Зеленский Украинанинг Германиядаги элчисини алмаштиришга қарор қилди
08:05
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
21:53 / 25.12.2024