Ўзбекистон | 10:16 / 31.01.2023
16783
1 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сенаторлик ваколати муддатидан аввал тугатилди

Марказий сайлов комиссияси Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни Олий Мажлис Сенати аъзолари рўйхатидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг 30 январдаги қарори билан собиқ Тошкент шаҳри ҳокими ва халқ депутатларининг Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Жаҳонгир Ортиқхўжаев Олий Мажлис Сенати аъзолари рўйхатидан чиқарилди.

Қарор халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати ваколатлари муддатидан олдин тугатилгани, шунингдек, унинг Сенат аъзоси сифатидаги ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисидаги ёзма аризасини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди.

27 январ куни Тошкент шаҳар Кенгаши Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг депутатлик ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги қарорни маъқуллаганди.

2018 йил апрелидан буён Тошкент шаҳрига ҳокимлик қилиб келган Ортиқхўжаев 2023 йилнинг илк ҳафталарида шаҳарда электр ва табиий газ таъминоти билан боғлиқ жиддий муаммо юзага келиши ортидан 16 январ куни ишдан бўшатилди.

Шу куни собиқ ҳоким Истанбулга учиб кетмоқчи бўлганида тўхтатилгани хабар қилинди.

Мавзуга оид