Сайёҳлар сони ошмоқда. Бу Ўзбекистон учун қанчалик фойда?
2022 йилда Ўзбекистонга 5 млндан ортиқ хорижий сайёҳлар ташриф буюрган. Бунинг иқтисодиётимизга таъсири қандай? Улар Ўзбекистонда ўртача қанча маблағ сарфлаяпти? Туристлар кўпайгани яхши, лекин улар учун хизмат кўрсатиш сифати қай даражада? Kun.uz мазкур саволлар атрофида Ўзбекистоннинг ташқи ва ички туризм салоҳиятини таҳлил қилди.
Сайёҳлар Ўзбекистонда қанча маблағ қолдирмоқда?
2017 йилда Ўзбекистонга 2,7 млн нафар турист келган бўлса, ўтган 2022 йилда уларнинг сони 1,9 баробарга ўсиб, 5,2 млнни ташкил қилди. Бу коронавирус пандемиясидан чиққан, 2021 йилда 1 млн 880 минг нафар саёҳ ташриф буюрган Ўзбекистон учун яхшигина ижобий кўрсаткич. Қолаверса, ички туризм кўрсаткичлари ҳам ҳар йили юқориламоқда. 2022 йилда ички саёҳат қилувчилар сони 2017 йилга нисбатан (10,5 млн нафар) 107,0 фоизга ўсиб, 11,3 млн нафарни ташкил қилди. Бу йил эса хорижий сайёҳлар сони 7 млн нафарга етиши прогноз қилинмоқда.
Маблағлар билан ифодалайдиган бўлсак, туризм хизматлари экспорти ўтган йилда 1,6 млрд долларни ташкил этди (2017 йилда 531 млн доллар). Собиқ туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, 2019 йилда сайёҳлар Ўзбекистон шаҳарларида ўртача 195 долларгача маблағ сарфлаб, 2-3 кун қолишган бўлса, 2022 йилда саёҳатлар давомийлиги 4-5 кунга, сарф-харажатлар эса 305 долларгача ошган.
Сайёҳлар оқими кўпайишининг асосий сабаби
Ўзбекистонга сайёҳлар оқими ошишига асосий сабаблардан бири мамлакатга киришдаги виза режими соддалаштирилишида, дейиш мумкин. 2018 йилдан бошланган хорижий давлатлар фуқаролари учун кириш визаси бекор бўлган давлатлар сони 2022 йилга келиб 93 тага етди. Шунингдек, 2018 йилдан бошлаб 56 та давлат фуқаролари учун электрон кириш визаларини бериш тизими ишга туширилди, 47 та давлат учун беш кунлик транзит визасиз кириш тартиби белгиланди. 55 ёшга тўлган ва туризм мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга республикага келувчи ХХР, АҚШ ва Вьетнам фуқаролари учун визасиз кириш режими жорий қилинди.
“Кўп йиллар давомида Ўзбекистонда саёҳат қилиш осон бўлмаган. Кириш визасини олиш узоқ ва мураккаб жараён эди. Бунинг устига саёҳатчилар ҳар кеча меҳмонхонада рўйхатдан ўтишлари керак эди. Бу мамлакатни кашф қилишни истаган кўплаб саёҳатчиларни тўхтатди. Энди бундай эмас ва виза жараёни анча осонлашди.
Аммо шу сабабли Ўзбекистонда ҳамон сирли аура мавжуд. Одамлар Ўзбекистон ташриф буюриш учун хавфсиз мамлакатми ёки ундан қочиш керакми, билишмайди. Ўзининг “-истон” қўшимчаси туфайли мамлакат кўпинча Афғонистон каби камроқ машҳур ва хавфли йўналишлар билан боғланади. Ўзбекистон ҳеч қаерга ўхшамайдиган давлат. Бу Самарқанд, Бухоро ва Хива каби ажойиб архитектурага эга қадимий шаҳарларга, шунингдек, дунёдаги энг ажойиб метро бекатларига эга мамлакат”, - деб ёзмоқда белгиялик саёҳатчи Синтия Бил.
Статистик маълумотларга юзланадиган бўлсак, Қозоғистон, Жанубий Кореа, Ҳиндистон каби давлатлардан Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар сони йиллар давомида деярли ўзгармаган бўлса, Қолган МДҲ, Яқин Шарқ, Европа мамлакатлари, шунингдек, АҚШ, Бразилия, Колумбия, Австралия, Нигерия, Марокко, Шри-Ланка, Непал каби давлатлардан келган сайёҳлар сони сўнгги 5 йилда бир неча 10 бараварга ошган.
Туристлар сони кўпайган, хизмат кўрсатиш даражаси-чи?
2017 йилда жойлаштириш воситалари сони 767 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилда уларнинг сони 5 мингтага етказилди. 2018 йилда 106 та (ўринлар сони 841 та) оилавий меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 3,1 мингта ва ўринлар сони 27,8 мингга етказилди. Шу билан биргаликда соҳада тадбиркорлик субъектлари сони ортди. Туристларга хизмат кўрсатувчи субъект ва объектлар сони 4091 (2017 йилда – 749 та) тага, жумладан, туроператорлар – 1663 та (2017 йилда – 749 та), турагентлар – 119 та (2017 йилда – мавжуд бўлмаган) ва гид-экскурсовод сони 2309 тага (2017 йилда – 574 та) етказилди. 2018-2022 йилларда сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида йўл бўйлари ва аҳоли гавжум жойлардаги 7,6 мингта санитария-гигиена шохобчалари ҳолати яхшиланди (3,9 мингта янгидан кўрилди, 3,7 мингта таъмирланди). Республикадаги мавжуд автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияларининг 96 фоизида санитария-гигиена шохобчалари ташкил қилинган.
Муаммолар-чи?
Эришилган ютуқлар ўзимизники. Лекин ҳал этилиши зарур бўлган масалалар ҳам ҳали талайгина. Улардан баъзиларига тўхталиб ўтсак:
Йўл. Туризмда йўл инфратузилмаси энг асосий омиллардан бири саналади. Туристик шаҳарлар, объектлар, йўналишлараро йўлларнинг аҳволи яхшиланмас экан, бу сайёҳларда Ўзбекистон туризмига нисбатан антипатия уйғотади.
Транспорт. Маҳаллий сайёҳлар учун шаҳарлараро транспортлар қатнови ҳам жуда ноқулай. Масалан, Сурхондарёдан Самарқанд, Бухоро, Хивага тўғридан тўғри қатновчи транспортлар фаолияти йўлга қўйилмаган. Бошқа вилоятлар билан ҳам бундай ноқулайликлар мавжуд.
Рақамли хизмат кўрсатиш. Мингдан ортиқ жойлаштириш воситалари мавжуд Ўзбекистонда уларнинг жойлашуви, нархлари, хизмат кўрсатиш турлари бўйича ягона платформа шакллантирилмаган ёки бор платформаларга ҳам барчасининг маълумотлари жойлаштирилмаган. Бу эса меҳмон уйлари, ҳостеллар, арзон меҳмонхоналар қидирган ички ва хорижий сайёҳлар учун қўшимча қийинчилик туғдиради.
Экстремал, тиббиёт, гастрономик, агро, эко, тарихий туризм йўналишлари бўйича ҳар бир ҳудудлар учун қулай йўналишлар шакллантирилмаган.
Яқиндагина қайта ташкил этилиб, Азиз Абдуҳакимовдан Озодбек Назарбеков бошқарувига ўтган соҳани янада ривожлантириш учун истиқболда қандай вазифалар борлигини, ўйлаймизки, тизим тепасида турганлар яхши англашади.
Сардорбек Усмоний тайёрлади.
Мавзуга оид
22:53 / 16.12.2024
Эмин Агаларов Чорвоқ бўйида Sea Breeze Uzbekistan туристик марказини қурмоқчи
18:14 / 16.12.2024
Сурхондарёнинг учта туманида замонавий туристик марказлар ташкил этилади
09:49 / 13.12.2024
Миллий туризм ягона платформаси ишга туширилмоқда
09:24 / 12.12.2024