Ўзбекистон | 14:19 / 01.02.2023
19647
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг Андижонга ташрифи Бўстон туманидан бошланди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи Бўстон туманидан бошланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, бу ерда яқинда “Сайёра фаввораси” масъулияти чекланган жамияти томонидан тўқимачилик корхонаси ишга туширилган. Умумий қиймати 113 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа доирасида бино барпо этилиб, Туркиядан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди. Эркаклар, аёллар ва болалар учун 50 турдан ортиқ, йилига 1 миллион 200 минг дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Мингга яқин маҳаллий аҳоли иш билан таъминланди.

Корхонанинг “Elegance SM” бренди остидаги сифатли, бежирим маҳсулотларининг асосий қисми экспортга йўналтирилган. Йиллик экспорт ҳажми 4 миллион доллар бўлиши мўлжалланган.

— Бу корхонага замин яратаётганимизда бугунгидай бўлиб кетишига кўпчилик ишонмаганди. Бўстон иқтисодий жиҳатдан орқада қолган туманлардан эди. Мана шундай корхоналар очилиб, одамларимиз даромад топаётгани қувонарли. Буни давом эттириб, иш ўринларини кўпайтиришимиз керак, - деди давлат раҳбари.

Шу ернинг ўзида касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ўқув маркази ташкил этилган. Унда ҳудуддаги ишсиз фуқаролар ҳунар ўрганиб, ўз йўлини топмоқда. Жумладан, яқинда 200 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз касбга ўқитилиб, ишга олинди.

Президент улар билан суҳбатда аёлнинг билимли, ҳунарли бўлиши оиланинг катта ютуғи эканини таъкидлади. Корхонага муваффақият, аёлларга оилавий фаровонлик тилади.

Мавзуга оид