Ўзбекистон | 12:23 / 03.02.2023
21312
4 дақиқада ўқилади

Хусусий сектордаги аёлларга енгиллик – “декрет” пулининг бир қисми бюджетдан тўланяпти

2022 йил сентябргача фақат бюджет ташкилотларида ишлайдиган аёлларга “декрет” пули бюджетдан тўланарди. Хусусий секторни эса аёлларни ишга олмаслик ёки ишда сақлаб қолиш учун шу масала ўйлантирарди. Энди хусусий секторда банд аёллар учун ҳомиладорлик нафақасининг бир қисми (ойига қарийб 2 млн сўм) бюджетдан тўланмоқда.

2022 йил сентябрдан бошлаб хусусий секторда ишлайдиган аёлларга нисбатан дискриминация ниҳоят камайди. Давлат уларга “декрет” пули тўлай бошлади. Хусусий компанияларда ишлайдиган ҳомиладор аёллар фарзандли бўлгунига қадар давлатдан ойига 2 млн, аниқроғи 1 млн 992 минг сўмдан нафақа олишлари мумкин.

Олий Мажлис ҳузуридаги қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Гулноза Сатторова хусусий бизнес эгаларини аёлларни ишга қабул қилмаслик учун декрет пули масаласи ҳам оғринтирганини айтди.

“Амалиётда кўпинча иш берувчида аёлларни ишга қабул қилганда “эртага ҳомиладор бўлади, кейин декретга кетади, декрет пулини менинг ҳисобимдан олиб, 3 йил ишга келмайди. Унинг ўрнига камида 4 ой ҳеч кимни ола олмайман” каби фикрлар бўлади. Шу сабабли амалиётда ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёлларни ишга қабул қилиш масаласи қийин. Иш берувчига муаммо керак эмас.

Президент томонидан аёлларнинг меҳнат шароитини такомиллаштиришга қаратилган фармон қабул қилинди. Бундан ҳамма аёллар хурсанд бўлди. Тадбиркорлик субъектларида банд аёлларнинг ҳомиладорлик ва “декрет” таътиллари учун пул “Ижтимоий суғурта жамғармаси” ҳисобидан тўланадиган бўлди”, дейди ҳуқуқшунос.

Бу тартиб амал қилиши учун айрим шартлар бор:

  • Нафақага талабгор аёл камида узлуксиз 6 ой давомида ўша корхонада ишлаган бўлиши керак.
  • Ягона миллий меҳнат тизимида расман банд бўлгани, корхона томонидан меҳнат дафтарчаси очилгани ҳамда унинг буйруқлари корхона томонидан киритилгани ҳисобга олинади.
  • Шунингдек, 6 ой давомида аёлнинг Давлат солиқ қўмитаси маълумотлар базасида даромадлари ва солиқ тўловлари акс эттирилган бўлиши керак.

Нафақа фақатгина 2022 йил 1 сентябридан бошлаб “декрет”га чиққан аёлларга тўлаб берилади.

Агар сиз хусусий секторда ишласангиз, иш стажингиз ва ойлик маошингизни инобатга олган ҳолда, “декрет” пули 6 миллион сўм чиқса – шу сумманинг 2 миллион сўми давлат томонидан компенсация қилиб берилади. Қолган қисмини тадбиркор ўзи тўлаб бериши керак. Аёлларга декрет пулини тўлаш босқичма-босқич тадбиркор зиммасидан олинади, келгусида тўлиқ давлат томонидан қопланади.

Молия вазирлиги департамент директори Гулнора Муродованинг тушунтиришича, аёллар декретга чиқишдан олдин тиббиёт муассасаларидан рўйхатдан ўтганда исм-фамилия ва телефон рақамларини тўғри айтишлари керак. Бу кейинчалик нафақа тайинлашда тушунмовчиликларнинг олдини олади.

Ўтган даврда хусусий секторда ишловчи аёлларнинг ҳомиладорлик нафақасини бюджетдан тўлаш учун 200 млрд сўм ажратилганди, 2023 йилда эса бу йўналишга 300 млрд сўм ажратилиши режа қилинган.

“Декрет” пулини олиш учун ҳеч қаерга мурожаат қилиш керак эмас, жараён автоматлаштирилган. Нафақа тайинлангандан кейин пул картангизга ташлаб берилади, мабодо сизда банк картаси бўлмаса, ўзингизга яқин Халқ банкидан олишингиз мумкин. Бу ҳақда сизга смс юборилади. Унутманг, интернетдаги ҳаволалар орқали карта рақамингизни киритиб, декрет пулини олиш айтилган эълонлар ёлғон. Нафақа сизнинг иштирокингизсиз тўланади.

Яна бир гап: агар сиз ҳам хусусий секторда ва ҳам бюджет ташкилотида ишласангиз, бунда биринчи иш жойингиз инобатга олинади. Ҳар икки жойда нафақа тайинланмайди.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид