Жаҳон | 21:24 / 04.02.2023
22821
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда вояга етмаган қизларга уйланган 2169 эркак ҳибсга олинди 

Полиция эрта никоҳларга қарши кураш доирасида рейд ўтказган. 

Фото: AP

Ҳиндистоннинг шимоли-шарқидаги Ассам штатида полиция ходимлари эрта никоҳга қарши кураш доирасида уюштирилган рейдда 2169 эркакни ҳибсга олди. Бу ҳақда NDTV телеканали маълумотларига таяниб «Коммерсантъ» хабар берди. 

Маҳаллий полиция бошлиғи Гянендра Пратап Сингх маълумотларига кўра, эркаклар полиция томонидан очилган 4074 та иш бўйича ҳибсга олинган. 

Кўрсатувда қўлида ёш болалари бўлган аёллар ҳам намойиш этилган. Улар эрининг ҳибсга олинишига қарши чиққан. «Биз бирга яшаётгандик, зўрға кун кўраётган бўлсак ҳам, бахтиёр эдик. Эрим ҳибсга олингандан кейин ким бизни таъминлайди?» дейди аёллардан бири. 

1978 йилда Ҳиндистон қонунчилигига эркаклар 21 ёшда, аёллар эса 18 ёшда турмуш қуришга рухсат берувчи ўзгартириш киритилди. Ушбу чекловлар бугунги кунда ҳам амалда. Бироқ, Ҳиндистонда даромад пастлиги сабабли, 18 ёшгача бўлган қизлар билан турмуш қуриш асосан қишлоқ аҳолиси орасида кенг тарқалган. 

2021 йил декабр ойида Ҳиндистон парламентига эркаклар ва аёллар учун никоҳнинг энг кам ёшини 21 ёшга тенглаштириш ҳақидаги қонун лойиҳаси тақдим этилган эди. Бироқ, ҳужжат ҳали тасдиқланмади. 

Мавзуга оид