Жаҳон | 22:26 / 08.02.2023
22935
3 дақиқада ўқилади

«Шимолий оқим» қувурлари АҚШ томонидан портлатилди – журналист Сеймур Ҳерш

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Россияга тегишли «Шимолий оқим» қувурларини портлатиш учун сувости кемаларидан фойдалангани айтилди.

Фото: substack.com / Seymour Hersh

Қўшма Штатлар «Шимолий оқим» қувурларидаги диверсияга алоқадор, бу ҳақда журналистик суриштирувларга ихтисослашган америкалик публицист Сеймур Ҳерш ёзди.

Журналист сўзларига кўра, махфий операция АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари томонидан уюштирилган, бомбаларни жойлаштириш учун сувости кемаларидан фойдаланилган.

Режа миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан томонидан ишлаб чиқилган. Муҳокамада АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва унинг ўринбосари Виктория Нуланд ҳам иштирок этган. Айтилишича, АҚШ президенти Жо Байден операциядан хабардор бўлган.

Портловчи мосламалар ғаввослар ёрдамида ўрнатилган. Марказий разведка бошқармаси (МРБ) Америка махсус кучларидан фойдаланмаган, чунки бу ҳолда операция ҳақида Конгрессга хабар қилиниши керак эди. Улар жараённинг сир сақланишини хоҳлашган.

Диверсия Baltops-2022 ўқув-машғулотлари ниқоби остида ўтказилган. Америкаликларга Норвегия денгизчилари ҳам ёрдам берган. Портловчи мосламалар ғаввослар томонидан ўрнатилган ва масофадан бошқарилган.

Портлаш 26 сентябр куни АҚШ флоти машғулотлар ўтказиладиган ҳудудни тарк этганидан кейин содир бўлган.

Сеймур Ҳерш сўзларига кўра, Оқ уй ва Марказий разведка бошқармаси вакиллари Россия газ қувурларидаги портлашларга алоқаси борлиги ҳақидаги маълумотни рад этиб, уни ёлғон ва уйдирма деб атаган. Оқ уй матбуот котиби Эдриен Уотсондан изоҳ сўралганида, «Бу ёлғон ва мутлақ уйдирма», деб жавоб берган. Марказий разведка бошқармаси матбуот котиби Тэмми Торп «Бу баёнот мутлақо ёлғон», деган.

2022 йил 27 сентябр куни эрталаб NordStream AG компанияси Болтиқ денгизи тубидан Германияга ўтувчи иккита газ қувурида («Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим 2») мисли кўрилмаган портлаш юз берганини маълум қилди. Бир неча мамлакатлар томонидан олиб борилган расмий суриштирув ва тергов натижалари бўйича диверсияда айбдор томон эълон қилинмади. Диверсия оқибатида Россиядан Европага газ етказиш имкониятига барҳам берилди. Қувурларнинг қачон таъмирланиши маълум эмас.

Сеймур Ҳерш 1937 йилда Американинг Чикаго шаҳрида туғилган, журналист, ҳуқуқ ҳимоячиси, Пулитцер мукофоти соҳиби. Суриштирув журналистикаси жанрида иш олиб борувчи энг яхши муаллифлардан бири. «Жанг майдонини тайёрлаш. Буш маъмурияти Эронга қарши махфий операцияларни кўпайтирмоқда», «МРБнинг Чилига қарши махфий уруши», «Камелотнинг қоронғи томони», «Қонундаги қотиллар МРБ хизматида» номли шов-шувли мақолалар муаллифи.

Ҳершнинг мақолалари баъзан танқидларга ҳам учраб туради. Мисол учун, Los-Angeles Times нашри уни сўл коммунистик ғоялар тарафдори сифатида очиқ айблаган.

Мавзуга оид