Ўзбекистон | 10:31 / 09.02.2023
26212
2 дақиқада ўқилади

Нукус воқеалари бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларининг 3 нафар ходими қамоққа олинди

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг 3 нафар ходими июл ойида Нукусда содир бўлган воқеалар чоғида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этганликда айбланди.

1−2 июл кунлари содир бўлган Нукус воқеалари бўйича 3 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тергов доирасида уларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.

Ҳозирда жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Натижаси бўйича жиноят ишларининг судга юборилиши таъминланади.

Июл ойидаги тартибсизликлардан кейин Нукусга борган президент Шавкат Мирзиёев Нукусдаги воқеаларнинг барча иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо берилиши бўйича топшириқ берган, агар куч тузилмалари томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, улар ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши айтилганди.

  • 2023 йил 31 январ куни Қорақалпоғистонда содир этилган оммавий тартибсизликлар юзасидан айбланган 22 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди.
  • 6 феврал куни Бухоро вилоят суди биносида Нукус воқеаларида айбланаётган 39 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Прокуратура уларга оммавий тартибсизликлар уюштириш, сепаратистик ғояларни тарқатиш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳужум қилиш, автомашиналарга ўт қўйиш ва йўлларни тўсиб қўйиш каби айбловларни ўқиб эшиттирди.

Мавзуга оид