Ўзбекистон | 07:48 / 09.02.2023
7884
3 дақиқада ўқилади

Вьетнам Ўзбекистонда шоли кластерлари ташкил этмоқчи

Ўзбекистон ишчи гуруҳининг Вьетнамга ташрифи иккинчи кунида Ханой шаҳрида инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Вьетнам Савдо-саноат палатаси президенти ҳамда етакчи компания ва уюшмалар раҳбарлари билан учрашув ва музокаралар ўтказди.

Фото: Dunyo

Учрашув кун тартибидан икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олди.

Вьетнам Савдо-саноат палатаси президенти Фам Тан Конг билан икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Давра суҳбати тарзида ўтган учрашувда электротехника, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда фаолият юритувчи 10 та корхона раҳбарлари ҳам иштирок этди. G2B ва B2B музокаралари сессияси ишбилармон доираларга ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш, қатор йирик инвестициявий ва савдо лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича келишувга эришиш имконини берди. Гап тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш, Вьетнам бозорида харидоргир бўлган Ўзбекистон товарларини етказиб беришни ташкил этиш ҳақида кетмоқда.

МТТ директори Нгуен Ван Тхан билан компания икки лойиҳани амалга оширган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳаларни ҳаётга жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди. Корхона раҳбарияти мамлакатимизда бизнес юритишнинг муваффақиятли тажрибасидан келиб чиқиб, балиқ етиштириш ва озуқа ишлаб чиқариш йўналишларидаги янги лойиҳалар орқали фаолиятини кенгайтириш нияти билан ўртоқлашди.

Вьетнам Vietnam National Textile and Garment Group раиси В.Аьон билан мулоқотда тўқимачилик саноатида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари келишиб олинди. Vietnam National Textile and Garment Group ҳозирда мамлакатдаги энг йирик тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Корхона 12 та ишлаб чиқариш заводига эга ва 50 та давлатга маҳсулот экспорт қилади.

PetroVietnam давлат корпорацияси раиси Ле Ман Хун билан нефть-газ ва нефть-кимё саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Томонлар бу борадаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлаб, кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш, геология-қидирув лойиҳалари бўйича сармоявий ташаббусларни ҳамкорликда ишлаб чиқишга келишиб олди.

Vinachem Вьетнам миллий кимё гуруҳи раиси ўринбосари Нго Дай Қуангга Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди ва кимё саноати бўйича лойиҳавий таклифлар тақдим этилди. Бир қатор инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қўшма ишчи гуруҳ тузиш бўйича келишувга эришилди.

1954 COMPANY бош директори А. Пҳунг Вьетнамнинг илғор тажрибасига асосланган йирик шоли етиштирувчи кластерларни яратиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди. Гап экинлар ҳосилдорлигини сезиларли даражада ошириш имконини берувчи униб чиққан ниҳолларни экиш ва учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида кимёвий ўғитларни пуркашнинг янги технологияси ҳақида бормоқда.

Учрашувлар якунлари бўйича иштирокчилар ўзаро ҳамкорликнинг барча муҳокама қилинган йўналишларида ҳамкорликни фаоллаштиришга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар ва муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб олди.

Мавзуга оид