Жаҳон | 11:21 / 10.02.2023
6105
4 дақиқада ўқилади

Алек Болдуин операторнинг ўлими учун яна судга берилди

Болдуин томонидан тасодифан отиб ўлдирилган оператор Галина Хатчинснинг ота-онаси ва синглиси актёрни судга берди. Улар унинг йўқотилиши оқибатлари уруш туфайли оғирлашаётганини таъкидладилар.

Алек Болдуин / Фото: NBC

«Занг» фильмини суратга олиш вақтида ҳалок бўлган оператор Галина Хатчинснинг Украинада яшовчи қариндошлари унинг ўлимига алоқадор бўлган кинопродюсер ва актёр Алек Болдуин устидан судга мурожаат қилишди. Хатчинснинг ота-онаси ва синглиси адвокати Глория Оллред баёнотига кўра, актёрдан товон тўлаш талаб қилинмоқда, чунки Галинанинг йўқотилиши унинг яқинлари учун оғир, сабаби улар Россиянинг Украинага босқинида омон қолишлари керак, деб хабар берди AFP 9 февраль, пайшанба куни.

Адвокатнинг сўзларига кўра, Хатчинснинг онаси Олга Соловей яраланган аскарларга ғамхўрлик қилувчи ҳамшира бўлиб ишлайди, ўлдирилган операторнинг синглиси Светлана эса эри жанговар ҳаракатларда қатнашаётган пайтда икки фарзандига ёлғиз қарашга мажбур. Оллред оиланинг Болдуинга қарши даъволарини Галина тирик бўлганида «уларнинг мамлакатда қолишига йўл қўймаган бўлиши» ва «уларни АҚШга олиб кетиши мумкин эди» деб асослайди. 

Хатчинснинг онаси ва синглиси адвокат томонидан тақдим этилган видеода қариндошининг йўқотилиши улар учун катта қайғу эканлигини ва унинг ўлимида айбдорлар жазодан қочиб қутулмаслигини исташларини айтиб, ўзларини бошқа жойга кўчириш бўйича ёрдам кўрсатишни сўрашди.

Галина Хатчинс 2021 йил октябр ойида «Занг» вестернининг суратга олиш майдончасида вафот этди – Болдуин жиноятчи сифатида тўппончадан ўқ узиши керак бўлган саҳнани суратга олиш чоғида у тасодифан операторни ҳақиқий қуролдан ўққа тутди.

Аввалроқ Галинанинг турмуш ўртоғи Мэтью Хатчинс актёрни судга берган, бироқ 2022 йил октябр ойида актёр билан келишувга эришиб, даъвони қайтариб олган эди. Эркакнинг сўзларига кўра, у Галинанинг ўлими «бахтсиз ҳодиса» эканлигини тан олади ва фильмни ишлаб чиқарган Алек Болдуин ва Rust Movie Productions LLC’ни айблашдан манфаатдор эмас. 

Бунинг ўрнига, баёнотга кўра, Хатчинс хотинининг сўнгги ишига ҳурмат кўрсатишни хоҳлайди, шунинг учун фильм суратга олишда давом этади, унинг ўзи фильм продюсерига айланади.

Фуқаролик даъволарини ҳал қилиш актёрга қўйилган барча айбловларни олиб ташламайди - февраль ойи бошида Нью-Мексико штати прокуратураси уни қотилликда, шунингдек, қурол ва ўқ-дорилар бўйича масъул режиссёр ёрдамчиси Ханна Гутьерес-Ридни одам ўлдиришда айблади.

Агар айбдор деб топилса, ҳар бири 18 ойгача қамоқ жазоси ва 5000 доллар жаримага тортилиши мумкин. Бироқ бу ишга ўқотар қуролнинг алоқадорлиги жазо муддатини беш йилгача ошириши мумкин. 

Шу билан бирга, Болдуиннинг ўзи фильмнинг суратга олиш гуруҳини судга берди - унинг таъкидлашича, фожиага Гутьерес-Рид, актёрга қурол бериб, унинг хавфсиз эканлигини айтган режиссёр ёрдамчиси Дэйв Холлс, реквизитор Сара Закри ва қурол етказиб берувчи Сет Кеннининг ҳаракатлари сабаб бўлган. «Булар суратга олиш майдончасида хавфсизликни таъминлаши керак бўлган профессионаллардир. Суратга олишнинг барча иштирокчилари, жумладан Болдуин ҳам улардан буни кутишган ва уларга ишонишган», дейилади даъво аризасида. 

Мавзуга оид