Жаҳон | 15:15 / 11.02.2023
8576
3 дақиқада ўқилади

«Қатаргейт» коррупция иши бўйича икки евродепутат қўлга олинди

Парламент аъзолари Европарламентдаги мамлакатлар позицияларини қўллаб-қувватлаш эвазига Қатар ва Марокашдан пора олганликда гумон қилинмоқда.

Андреа Коццолино / Фото: Reuters

Европарламентнинг икки депутати Европарламент қарорларига таъсир ўтказиш мақсадида Қатардан пора олаётгани бўйича «Қатаргейт» коррупцион текшируви доирасида қўлга олинди. Бу ҳақда 10 февраль, жума куни кечқурун dpa ахборот агентлиги хабар берди.

Бельгия полицияси Марк Тарабеллани ҳибсга олди. Депутатнинг ишхонаси ва турар жойида тинтувлар ўтказилди. Андреа Коццолино Италияда ушланди. Бу Коццолино даволанаётган Неаполдаги касалхонадан чиқишда содир бўлди. Унинг идораси ҳам тинтув қилинган.

Иккала депутат ҳам қандайдир «учинчи давлат»дан пора олганликда гумон қилинмоқда. ОАВ хабарларига кўра, гап Қатар ҳақида, Коццолино масаласида эса Марокаш ҳақида кетмоқда. Февраль ойи бошида иккала сиёсатчи ҳам тергов муносабати билан депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинди ва Европарламентдаги социал-демократлар гуруҳидан чиқариб юборилди.

Марк Тарабелла икки йил давомида жами 120 000 дан 140 000 еврогача пул олиш эвазига учинчи давлат фойдасига Европарламентдаги маълум позицияни қўллаб-қувватлаганликда гумон қилинмоқда, дейилади Европарламент ҳисоботида.

Ўз навбатида, Андреа Коццолино, терговга кўра, пул мукофоти учун «Европа парламентида муҳокамалар ва қабул қилинган қарорларга таъсир кўрсатишда бир ёки бир нечта хорижий давлатларнинг аралашуви натижасида юзага келадиган коррупция ҳаракатларига қўшилган бўлиши мумкин». Тарабелла ҳам, Коццолино ҳам ўз айбини инкор этди.

Европарламентдаги коррупция можароси ўтган йилнинг декабрь ойида бошланган. Унинг марказида ЕП вице-президенти Ева Кайли эди. У ва яна беш киши 9 декабрь куни Брюсселда қўлга олинган. Улардан икки нафари кейинчалик қўйиб юборилган. Бельгия прокуратураси Қатар улар орқали «катта миқдордаги пул ва совғалар ёрдамида Европарламент қарорларига таъсир ўтказишга» уринганликда гумон қилмоқда. Расмий Доҳа барча айбловларни рад этади.

Европарламентда Кайли Қатардаги вазиятни таҳлил қилган гуруҳда ишлаган. Жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнида бу давлат Осиё ва Африкадан келган меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини кенг миқёсда бузганликда айбланган эди. Тергов маълумотларига кўра, турнир бошланишидан бироз олдин Кайли Қатар меҳнат вазири Али бин Самиҳ Ал-Марри билан учрашган.

Шундан сўнг у Европарламентда сўзга чиқиб, Қатардаги меҳнат бозори ислоҳотига ижобий баҳо бериб, уни «араб дунёсини илҳомлантирди», мамлакатнинг ўзини эса «ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича илғор давлат» деб атади. Кайли ва ишдаги бошқа айбланувчилар жиноий ташкилотга алоқадорлик, пул ювиш ва коррупцияда айбланмоқда. Тинтувлар чоғида иш бўйича айбланувчилардан 1,5 миллион евро мусодара қилинган.

Мавзуга оид