Европарламент Гуржистонда янги сайловлар ўтказишга чақирди
Европарламент Гуржистон бўйича резолюцияни қабул қилди, унда сайлов натижалари тан олинмаган, янги овоз беришга чақирилган, шунингдек, мамлакат бош вазири ва партия етакчиларига қарши санкциялар қўллаш сўралган.
Европарламент Гуржистондаги сайлов натижалари гуржи халқи хоҳиш-иродасини акс эттирмайди деб ҳисоблайди ва уларни тан олмасликка чақиради. Бу 28 ноябр, пайшанба куни қабул қилинган «Яқинда бўлиб ўтган парламент сайловларидан сўнг Гуржистонда демократия инқирозининг кучайиши ва сайловларда сохталаштирилгани ҳақидаги тахминлар» резолюциясида айтилади. Унинг қабул қилинишига 444 депутат овоз берди, 72 депутат қарши чиқди, 82 депутат бетараф қолди.
«Овоз беришнинг қонунийлиги қонунбузарликлар миқёси билан жиддий равишда бузилганлиги сабабли, халқаро ҳамжамият сайлов натижаларини тан олмаслиги керак», дейилади ҳужжатда «Шунинг учун Европа парламенти парламент сайловларининг ҳар қандай тан олинишини рад этади ва уларни бир йил ичида такроран адолатли ва ошкора ўтказилишини таъминлашга чақиради. Сайлов жараёни мустақил ва холис бўлган такомиллаштирилган сайлов муҳитида, халқаро назорат остида ўтиши керак».
Европарламент - Гуржистон бош вазири ва партия етакчиларига қарши санкциялар қўллаш тарафдори
Европарламент Европа Иттифоқини «демократик орқага қайтишлар, сайлов қонунлари ва стандартларини бузиш, маъмурий суиистеъмолчиликлар ва давлат институтларидан нотўғри фойдаланиш» учун масъул бўлган Гуржистон расмийлари ва сиёсий етакчиларига нисбатан шахсий санкциялар қўллашга чақирди.
Улар орасида бош вазир Ираклий Кобахидзе, Тбилиси мэри ва ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси бош котиби Каха Каладзе, Гуржистон парламенти спикери Шалва Папуашвили ва «Гуржистон орзуси» партияси раиси Ираклий Гарибашвили бор. Шунингдек, Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига сиёсий сабабларга кўра ҳукм чиқарган гуржи судяларни киритиш таклиф қилинмоқда. Европарламент депутатлари гуржистонлик олигарх Бидзина Иванишвилига «Гуржистондаги сиёсий жараёнларнинг ёмонлашувидаги роли ва мамлакатнинг конституцияда белгиланган манфаатларига қарши ҳаракатлари, жумладан, Россиянинг мамлакатдаги таъсир доирасини тиклашга қаратилган ҳаракатлари учун» санкциялар қўллашга чақиришди. Шахсий санкциялар Европа Иттифоқидаги барча активларни музлатиш ва унга киришни тақиқлашни ўз ичига олади.
Тбилисида намойишчилар хавфсизлик кучлари билан тўқнашди
Гуржистон хавфсизлик кучлари 28 ноябр куни кечқурун Тбилиси марказида тўпланган намойишчиларга қарши сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди. Гуржистон Ички ишлар вазирлиги махсус воситалардан фойдаланиш ҳақида огоҳлантириб, митинг «йиғилишлар ва намойишлар тўғрисидаги қонун доирасидан ташқарига чиққанини» маълум қилди.
Намойишчилар парламентга туташ ҳудуддан сиқиб чиқарилди. Айрим намойишчилар Гуржистон парламенти олдидаги майдонга қайтишга ҳаракат қилмоқда. Бир қанча намойишчилар гимназия яқинида тўпланиб, баррикадалар ўрнатишга киришдилар, деб хабар бермоқда Paper Kartuli Telegram-канали. Гуржистон пойтахти марказида вақти-вақти билан намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар кузатилмоқда. Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, намойишчилар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томон турли хил нарсаларни улоқтирган, натижада ИИВнинг уч нафар ходими жароҳатланган. Улардан икки нафари касалхонага ётқизилган. Намойишчиларнинг баъзилари дубулға билан жиҳозланган, уларнинг бир қисми ниқоб таққан.
Мавзуга оид
11:31
Зурабишвили: Гуржистон президенти ва бош қўмондони бўлиб қоламан
19:23 / 22.12.2024
Гуржистон бош вазири Кобахидзе президент Зурабишвилига жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилди
13:47 / 21.12.2024
Еврокенгаш бош котиби: Тбилиси ташқи таъсирга оид қонунни ўзгартиришга ваъда берди
11:45 / 21.12.2024